Home / АЛЛОМАЛАР / Қорахонийлар даврида фиқҳнинг ривожи

Қорахонийлар даврида фиқҳнинг ривожи

Мовароуннаҳрда илм-фан араблар кириб келганидан то XIII аср мўғуллар истилосигача бўлган беш асрлик даврда юксак даражада ривожланди ва дунё маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшди.

IX асрга келиб Ўрта Осиё араб халифалигидан мустақилликка эришди ва бу ерда Сомонийлар (819-1005), Қорахонийлар (999-1211), Хоразмшоҳлар (995-1194), Ғазнавийлар, Салжуқийлар каби мустақил давлатлар вужудга келди. Бу даврда ислом илмлари: тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ илмлари тўлиқ шаклланиб, ривожланиш даврида эди.

Қорахонийлар даврида (999-1211) фиқҳ илми Мовароуннаҳрда юксакликка эришди. Фақиҳлар жамият ҳаётида алоҳида ўринга эга бўла бошлади. Аҳоли турли масалалар бўйича муаммолари юзасидан уларга мурожаат қилар эди. Улар чиқарган ҳукмлар ёзиб борилган ва бу ҳукмлар фатво мақомига эга бўлган.

Қорахоний ҳукмдорларининг сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши натижасида ўлкада кўплаб фақиҳлар фаолият юритди. Жумладан, бу даврда уч юзга яқин фақиҳ фиқҳ илмининг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатлари билан шуғулланганлиги, шунингдек, йигирмадан ортиқ фатволар мажмуаси, уч юз элликдан ортиқ фиқҳий асарлар яратилиб, уларнинг 98 фоизи ҳанафий фиқҳига оид эканлиги қайд этилган[1].

Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ривожи учун яна бир омил қорахоний ҳукмдорларининг фиқҳ ‒ ислом ҳуқуқи ва қонунларига қизиқиши ҳамда ҳуқуқий нормаларнинг амалий ҳаётга татбиқ этилиши эди[2].

Айниқса, буни Иброҳим Тамғочхон мисолида кўриш мумкин. У фақиҳлар фатвосини олмагунча ҳеч бир жиноятчини жазоламас, молу мулкини мусодара қилмас эди.

Қорахонийлар ҳукмронлиги даврида бир қанча мадрасалар фаолият юритиб, унда юксак салоҳиятга эга бўлган фақиҳлар дарс берганлар.

X-XII асрларда Самарқандда фаолият юритган “Дорул Жузжония” илмий маркази ислом илмлари кенг тарқалган марказлардан бўлган. Унинг номи Самарқандга биринчи бўлиб ҳанафийлик мазҳабини олиб келган Абу Бакр Сулаймон Жузжоний номи билан боғлиқ. Мадрасада Абул Фатҳ Солиҳ Розий Насафий (ваф. 532/1138 й.), Ҳамза ибн Али Хайломий (ваф. 523/1128-29 й.) каби фақиҳлар дарс берганлар. Бундан ташқари, Иброҳим Тамғочхон асос солган Тамғочхон мадрасаси, Масжидул Минора каби илмий даргоҳлар кўплаб фақиҳ олимларни тарбиялаган.

Қорахонийлар даврида қатор йирик фиқҳ олимлари яшаб ижод этган бўлиб, улар биринчилардан маҳаллий урф-одатлар ва ҳуқуқий мезонлар ичидан ҳанафий мазҳаби талабларига мувофиқ келадиганини ажратганлар ва ёзма фатволарида акс эттирганлар. Шамсулаимма Ҳалвоний, Шамсулаимма Сарахсий (ваф. 490/1097 й.), Фахрулислом Баздавий (400/1010-482/1090 й.й.), Ифтихориддин Бухорий (ваф. 569/1174 й.), Фахруддин Қозихон (ваф. 592/1196 й.) каби фақиҳ алломалар Қорахонийлар даврининг йирик олимларидир.

Шамсулаимма Ҳалвоний Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳаби ривожида янги даврни бошлаб берганлиги учун у даврларни ажратиб, белгилаб берувчи шахс сифатида эътироф этилган. Шу сабабли ҳам Бухорода фиқҳ илми силсилалари Ҳалвонийда бирлашади.

Шамсулаимма катта ҳажмли “Ал-мабсут”, шунингдек, “Китоби наводир” ва бошқа асарлар муаллифи сифатида ислом оламида машҳурдир[3].

Шамсулаимма Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий 1009-йил Машҳад ва Марв оралиғидаги Сарахс ҳудудида туғилган ва 1090-йил Фарғонада вафот этган. Ўн беш йил давомида Ўзгандда қамоқда ётган[4]. У устози Шамсулаимма Ҳалвонийнинг ишини давом эттиради. Уни бутун ислом дунёси танийди. Негаки, бутун дунё имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Ас-сияр ал-кабир” асарини ҳозирги кунда унинг шарҳи орқали таниган.

Сарахсий “Ан-нукат”, “Усул ас-Сарахсий” номи билан машҳур ҳуқуқ назариясига оид асарларни ҳам ёзиб қолдирган.

Муҳаммад Шайбонийнинг олтита китоби (“зоҳир ар-ривоя”) энг мўътабар ҳисобланади. Мазкур асарларнинг энг муҳим қоидаларини кейинчалик Абул Фазл Марвазий ўзининг “Ал-кофи” китобида умумлаштирди. Шамсулаимма Сарахсий бу китобни батафсил шарҳловчи “Ал-мабсут” асарини яратди.

         “Ал-мабсут” ҳанафийлик мазҳабига оид энг обрўли асарлардан бири деб тан олинди[5].

Энг эътиборлиси, бу даврда Мовароуннаҳрда фатво чиқара олиш қувватига эга фақиҳлар кўпчиликни ташкил этган. Бу борада Ҳусомуддин Умар ибн Абдулазиз Бухорий (ваф. 535/1141), Бурҳониддин Бухорий, Абу Ҳафс Насафий (ваф. 536/1142), Заҳируддин Марғиноний (ваф. XII аср) ва бошқаларни номлари машҳур. Мазкур даврнинг яна бир хусусияти ‒ фақиҳларнинг ҳар хил мавзу ва соҳалардаги турли масалалар бўйича чиқарган фатволари тўпланиб, муайян муаллифларнинг асарларида жамланган. Айни пайтда бундай тўпламларнинг элликдан ортиғи мавжуд эди[6].

Шу тариқа Қорахонийлар даврида фиқҳ илми юксак даражада ривожланди.

ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
Р. Элмуродов
[1] А.Ш.Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги. Т:. “Тошкент ислом университети нашриёти”, 2002. –Б. 180.
[2] Л.Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Ҳанафий фиқҳи. Т:. “Тошкент ислом университети”, 2014. –Б.98.
[3] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. “Дурдона”, 2012. –Б.76.
[4] O.Leaman. The Biographical Encyclopedia of Islamic philosophy. “Bloomsbury”. London-2015. –B.442.
[5] Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. –Б.83.
[6] О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. Т:.“Фан”, 2009. –Б.24.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …