Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом динида зиёрат ва унинг одоблари

Ислом динида зиёрат ва унинг одоблари

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимиздаги табаррук қадамжолар ва зиёратгоҳлар янада обод қилиниб, юртимиз ҳуснига ҳусн қўшиб келмоқда яна шуниси қувонарлики, булар каби қадамжоларга келаётган зиёратчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Нафақат маҳаллий, балки, кўплаб хорижлик сайёҳларнинг ҳам юртимизга ташрифи кузатилмоқда.

Зиёрат қилиш савобли амаллардан бири ҳисобланади ва бу ҳақда ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар “Сизларни қабрларни зиёрат этишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар, чунки у сизларга охиратни эслатади” – дедилар. (Имом Муслим ривоят). Минг афсуслар бўлсинки, халқимиз орасида зиёрат ўзи нима ва унинг одоблари ҳақида умуман маълумотга эга бўлмаган кишилар ҳам учраб туради. Бунга ҳаётий бир мисол, Имом Бухорий ҳазратларини зиёрат қилиш асносида бир муштипар она қизи билан Имом Бухорий қабрини айланиб паст овозда нималарнидур айтиб айланаётганлигига кўзим тушди ва у аёлга қарата, онахон нега қабрни айланяпсиз деб сўрадим? Онахон айтдики, кимки Имом Бухорийни қабрини етти марта айланиб, айланиш чоғида ниятларини айтса амалга ошар экан деди, шунда уларга айтдимки, онахон қабр айланиш, тавоф қилиш ва ундан ҳожатини раво қилишини, ниятлари амалга ошишини қабрдан сўраш ислом динида катта гуноҳ саналади шунинг учун қандай хожатиз бўлса, фақат Аллоҳдан сўранг деб қилаётган ишингиз ширк амалдир десам, у онахоннинг жавоби шу бўлдики, болам мен билан ишингиз бўлмасин мен нима қилаётганимни жуда яхши биламан деб жавоб берди.

Лекин ҳар бир ишнинг ўзига хос қонун-қоидалари, одоблари бўлгани каби зиёратнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Ҳар бир зиёрат қилаётган киши қуйидаги одобларга амал қилмоғи лозим.

Зиёрат қилмоқчи бўлган киши энг аввало зиёрат учун руҳан ва жисмонан покланиш лозим (имкони борича қабристонга таҳорат билан кириш яхши). Барча ишлардаги каби қабр зиёратида ҳам биринчи навбатда инсон ниятни тўғри қилиши керак.

Зиёратдан мақсад Аллоҳнинг розилиги ва марҳумнинг ҳаққига дуо қилиш бўлиши керак.

Қабр зиёратига келганда қабр аҳлига салом берилади. Қабристонга кирилганда аввал: “Ассалому алайкум я аҳлал қубур”, яъни: “Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли”, деб салом берилади.

Зиёратга келган кишилар динимизга хос кийимларда бўлиши лозим.

Қабристон ҳудудида баланд овозда гаплашиш, шовқин солиш, ҳазил мутойиба ва номақбул ишлар қилиш мумкин эмас.

Зиёрат жараёнида қабрда ётган марҳумлардан мадад сўраш ёки уларга атаб жонлиқ сўйиш ҳам жоиз эмас. Шуни унутмаслигимиз керакки, қабрда ётган марҳум авлиё бўладими ёки оддий инсонми улардан ҳожатини раво бўлишини талаб қилинмайди. Агар шундай қилса, бу улкан гуноҳ, яъни ширк амаллардан саналади. Кўнглида ҳар қандай эзгу ниятлари бўлган ҳар бир инсон фақат Аллоҳдан сўраши лозм.

Қабрлар устига пул сочиш, шам ёқиш, уларни тавоф қилиш, болани кокилини аташ, атрофларини айланиш ҳамда дарахтларига турли хил мато парчаларини боғлаш ҳам динимизда қаттиқ қоралангандир. Қабр тепасида шам ёқиш бидъатдир. Бу ишнинг нафи йўқ. Унинг қабрига солиҳ амаллар, Қуръон тиловати, қилинган садақа каби савобли ишлар нур бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрга чироқ ёқадиганларни лаънатлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик умматлари шу ишларга қўл уришини билиб бундан қайтарганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишдан олдинги бетобликларида:“Аллоҳ таоло пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънатлади”, дедилар”.

Мақбара олдида жонлиқ сўйиш, таом пишириш ва тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш мумкин эмас.

Зиёрат ниҳоясида қабристон ёки зиёратгоҳдан оҳиста чиқилади. Қабрларга таъзим қилиш, у ерга турли чиқиндиларни қолдириб кетиш мумкин эмас.

Б. Иботов
ИБХИТМ Қўлёзмалар шўъбаси илмий ходими

Check Also

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ТИЖОРАТ АҲЛИ ТЎҒРИСИДА

Иқтисодиётнинг бозор муносабатлари ҳукмронлик қилаётган ҳозирги замонамизда бозор ва савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, кийим–кечаклару, …