Home / АЛЛОМАЛАР / Абдуллоҳ Субазмуний ‒ фақиҳ ва муҳаддис олим

Абдуллоҳ Субазмуний ‒ фақиҳ ва муҳаддис олим

IX-X асрларда нафақат Бухорода, балки бутун Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг шаклланиши ва унинг илк ривожланиш босқичи юз бера бошлади. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва фиқҳнинг ривожига катта ҳисса қўшган унинг ўғли Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳамда улардан таълим олган кўплаб фақиҳ алломалар Мовароуннаҳр ўлкасида фиқҳ илмининг ривожига катта ҳисса қўшганлар.

Фиқҳ илмининг ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшган шундай фақиҳлардан бири Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирнинг шогирди Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмунийдир.

Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмуний Хорисий Калабозий Бухорийдир. Унинг лақаби Устоз (872-952) – ҳанафийликдаги йирик фақиҳ, муҳаддис[1]. У IX-X асрларда Мовароуннаҳр ўлкасида фиқҳ ва ҳадисшуносликнинг шаклланиши, тараққий қилишига улкан ҳисса қўшган олимлар қаторида алоҳида ва ўзига хос ўринни эгаллаган.

Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 1142 й.) “Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд” асарида Субазмуний 258/872 йили раббиул охир ойи чоршанба куни таваллуд топган, деб ёзади[2].

“Субазмуний” нисбаси туғилган жойи номидан олинган. Бу ном манбаларда турлича, масалан, “Субазйун”, “Сабазмун”, “Сабзамун” тарзида ҳам учрайди. Алломага деярли замондош олим Абдулкарим Самъонийнинг “Ал-ансоб” асарида “Субазмун” деб аталган.

Абдуллоҳ Субазмуний илмли, ҳар томонлама етук шахс бўлганлиги учун Сомонийлар даврида саройда шаҳзодаларга дарс берган. Шунинг учун у Сомонийлар томонидан “Устоз” деган унвонга сазовор бўлган[3]. У Сомоний ҳукмдор Исмоил ибн Аҳмад саройида фақиҳлик вазифасини бажариб, фиқҳий масалаларни ҳал этиш унинг зиммасида бўлган.

Фақиҳ Маккадан тортиб Ироқ ва Хуросон шаҳарларига кўплаб саёҳат қилиб, у ердаги ҳадис ровийларидан ҳадислар эшитган ва ишончли ҳадисларни ўз асарига киритган. Шу боис унга “Жаввол” (саёҳатчи) лақабини ҳам берганлар[4].

“Кашф ал-осор” асаридаги маълумотларга таяниб, Абдуллоҳ Субазмуний уч юз йигирма нафар ровий-устоз (шайх) орқали Имом Абу Ҳанифага бориб боғланишини алоҳида таъкидлаш зарур.

Олимнинг отаси Муҳаммад ибн Яъқуб­нинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида маълумот йўқ. Лекин у “Кашф ал-осор”да Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Сағир Бухорий (ваф. 876 й.) ва Абу Тоҳир Асбот ибн Ясаъ Бухорийлардан (IХ аср) кўп  ҳадис ривоят қилгани ҳақида далиллар учрайди.

Абдуллоҳ Субазмуний яшаган даврда ҳадисларни отадан-болага, авлоддан-авлодга узатиб, ривоят қилиш анъанага айланган эди. Бунда ҳадис уламолари бошланғич билимни ўз оталари ёки боболаридан олар эдилар. Субазмунийнинг асаридаги ривоятлар иснодида отаси ва амакисининг исмлари кўп учраганидан биринчи устози отаси ‒ Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис бўлган деган хулоса келиб чиқади. Бу алломанинг ҳадис билимдонлари оиласида ўсиб камол топганига далил бўлади. Олимнинг яна бир устози ‒ амакиси Жаброил ибн Яъқуб ибн Ҳорис ҳисобланади. Имом Субазмуний “Кашф ал-осор” асарида ундан кўплаб ривоятлар келтиради[5].

Шундай қилиб, Абдуллоҳ Субазмуний дастлабки илмни отаси ва амакисидан олган. Отаси эса Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг шогирди бўлган. Шунингдек, Абу Касир Сайф Зоминий Самарқандий Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ Бухорий, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳотам Бухорий, Абу Содиқ, Халаф Бухорий, Абу Саид Халаф Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Калободий ва бошқалар Субазмунийга устозлик қилганлар.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий, Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 972 й.), Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Ҳамдон ибн Муҳаммад ибн Нуҳ Муҳаллаб Хатиб Бухорий (ваф. 1005 й.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамдон Хатиб Муҳаллабий, муфтий Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мусо Миғий (Манғий) Абдуллоҳ Субазмунийнинг шогирдлари бўлган.

“Туҳфат аз-зоҳирин”да ёзилишича, Субазмуний дарслари ҳалқасида 400 шогирд ўтириб, у кишидан ҳадис ёзиб олар экан.

Манбаларда Абдуллоҳ Субазмунийнинг бир неча асарлар муаллифи экани қайд этилган. Бошқа бир манбада унинг етти шогирди ва фиқҳ мавзусидаги учта асари бўлганлиги қайд этиб ўтилган[6]. Бироқ ҳозирда унинг икки асаригина маълум.

Абдуллоҳ Субазмуний Имом Абу Ҳанифанинг ҳуқуқий қарашларининг чуқурлигини исботлаб берувчи “Кашф ал-осор” асарини ёзган. Асарда Абу Ҳанифа ҳақида олимларнинг фикрлари ҳамда унинг илмий салоҳияти борасидаги нақллар тўпланган.

У бундан ташқари Абу Ҳанифа ҳадис билмас эди, деган айбловларни рад қилиш мақсадида “Ал-муснад” асарини ёзган. Унда Абу Ҳанифа ривоят қилган ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид ҳадислар тўпланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон, Европа ва бошқа давлат тадқиқотчилари VIII-X асрларни ўрганишда унинг ушбу асарига мурожаат қилишади. Бу асарнинг Ўзбекистондаги нусхалари тўғрисида маълумот йўқ.

“Муснад” асарини кейинчалик бошқа ҳанафий муҳаддислар қайта ишлашган. Мусо ибн Закариё Ҳаскафий Қозий Садруддин (ваф. 1252 й.) буюк аждодимизнинг асарини мухтасар ҳолатга келтирган. Бу асар қўлёзмаси Азҳар университети кутубхонасида сақланади ва “Ҳофиз Абу Муҳаммад Ҳорисий муснади” деб аталади.

Фақиҳ 340/952 йил шаввол ойининг бешинчисида жума куни вафот этган. Ҳазратнинг муборак қабрлари Бухоро шаҳридан ярим фарсах жанубдадир. Бу қишлоқ Абдуллоҳ Сибадмуний (Сафедмўй) деб аталади[7].

Хулоса қилиб айтганда, Абдуллоҳ Субазмуний ҳам фақиҳ, ҳам муҳаддис сифатида Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг ривожига катта ҳисса қўшди. Олим ўз илмий фаолиятида ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имом Абу Ҳанифанинг қарашларини илмий асослаб бериб, унинг қарашлари ҳадисларга зид эмаслигини ёритиб берди. Бундан кўринадики, у фиқҳ ва ҳадис соҳасида катта салоҳиятга эга бўлган олим ҳисобланади.

 Р. Элмуродов
ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
[1]Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. –Б.268.
[2]Нажмиддин Умар Насафий. Ал-қанд фи зикр уламои Самарқанд. Нашр жойи кўрсатилмаган. ‒Б.195
[3]А.Сарсенбаев. М.Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Т:.“Мовароуннаҳр”, 2011. –Б.10.
[4]Л.Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Ҳанафий фиқҳи. Т:. “Тошкент ислом университети”нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014. ‒Б.154.
[5]Ҳидоят. 2011/11. ‒Б.26-27.
[6]О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. Т:.“Фан”, 2009. –Б.26.
[7]Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. “Дурдона”, 2012. –Б.56.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …