Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ КЎП ТАНИЛМАГАН ШОГИРДИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ КЎП ТАНИЛМАГАН ШОГИРДИ

Илм аҳли ўз китобини етказишда жорий қилган одатга мувофиқ, Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳул Бухорий”ни айтиб ёздириш учун бир неча жойларда дарс ҳалқалари ташкил қилган. Уларда алломани тинглашга муштоқ бўлган ва эшитганларини ривоят қилишга катта қизиқиш билан қарайдиган кўп одам тўпланган.

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан тинглаган бу жамоалар орасида бошқалардан кўра кўпроқ қатнашган ровийлар тоифаси бўлган. Улар китобни мукаммал ўрганган. Ўзларидан кейинги ровийларга мукаммал тарзда етказган. Кейингилар ҳам кейингиларга шундай етказган. Натижада китоб дунё бўйлаб кенг тарқалган.

Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”дан дарс берадиган мажлисларда ривоятларни тўғрилаш, эшитган нарсаларини тўлиқ ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун ҳимматини аямайдиган ровийлар тўпланган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши тинглаган”, деб айтади [1].

Тарих кейинги авлодлар учун Имом Бухорийнинг шогирдлари орасидан бугунги кунимизгача исмлари ва кўчирган нусхалари машҳур бўлганларини сақлаб қўйган. Улар: Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий ва Абу Абдуллоҳ Маҳомилий.

Ушбу табақадаги машҳур ровийлардан бири Насафнинг қозиси Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож ибн Хаддош ибн Худайж Насафийдир. Унинг таржимаи ҳолини ёзганлардан бирортаси туғилган йилини келтирмаган. Барча манбаларда вафот этган йили кўрсатилган. Уламолар унинг Абу Исҳоқ деб куняланганига иттифоқ бўлган. Лекин таржимаи ҳоли баён этилган манбаларнинг бирортасида унинг Исҳоқ исмли ўғли борлиги ҳақида маълумот келмаган. Саид исмли ўғли борлиги ва отасидан ҳадис ривоят қилгани маълум.

Уламолар Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг жуда кўп шаҳарларга сафар қилгани ва бир нечта китоб ёзганини таъкидлаган. Имом Заҳабий “Сияру аъламин нубало” асарида: “У жуда кўп сафар қилган”, деган [2]. У киши сафари давомида ўз даврининг улуғ олимлари ва талабалари билан учрашган, кўпчиликдан дарс олган. Аллома фиқҳ илми билан жуда кўп шуғуллангани учун фақиҳ сифатида танилган. У киши бир неча фанларни мукаммал эгаллаган эди. Турли соҳаларда ёзилган китоблари илмининг кенглиги ва даражасининг улуғлигидан далолат беради.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий Хуросон, Ироқ, Шом, Миср, Ҳижоз ва бошқа юртларга сафар қилган ҳамда у ердаги забардаст муҳаддислардан ҳадис тинглаган.

Унинг устозлари: Қутайба ибн Саид, Ҳишом ибн Аммор Дамашқий, Ҳармала ибн Яҳё Мисрий ва уларнинг табақасидаги ровийлар. У “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан таълим олган. Лекин китобнинг охиридан ижоза билан ривоят қилган қисми йўқолиб қолган. Абу Фазл Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Шазон Исфаҳоний Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан бундай ривоят қилади: “Албатта, Имом Бухорий тўпламнинг охирида менга Ҳукмлар китобининг аввалидан китобнинг охиригача ижоза берган эди”.

Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган “Аъламул ҳадис” номли шарҳида: “Мен китобнинг кўпроқ қисмини Холф ибн Муҳаммад Хиёмдан, у Имом Бухорийнинг ўзидан “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган машҳур шогирди Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан Имом Фирабрийнинг йўлидан бошқа йўл билан эшитдим”, деган. Демак, Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”ни Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг йўли орқали ривоят қилган ровийлардан бири ҳисобланади.

Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан ўз шаҳридаги кўп одамлар ривоят қилган [3]. Илм аҳлининг кўпи уни мақтаган. Улардан бири Ҳофиз Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирийдир (ваф. 432/1041). У: “Иброҳим ибн Маъқил Насафий фақиҳ, ҳофиз, уламолар ихтилофини фарқловчи, фазилатли ва ҳимоячи олим эди”, деган [4]. 

Ҳофиз Заҳабий (ваф. 748/1348): “У ҳофиз, аллома, Насафнинг қозиси ва олими, Муснадул кабир, тафсир ва бошқа китоблар муаллифидир”, деган [5]. Демак, Имом Заҳабий унинг “Муснад”, “Тафсир” ва бошқа китоблари борлигини таъкидлаган. 

Имом Каттаний санадлар ҳақидаги “Рисолатул мустаторафа” китобида: “Насафнинг қозиси ва олими Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг муснади бор. У катта муснаддир”, деган. Бу ҳам Насафийнинг “Муснади” бўлганига бир тасдиқдир.

Иброҳим ибн Маъқил Насафий 295/908 йилнинг зулҳижжа ойида вафот этган [6].

Юқорида номи зикр қилинган аллома “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитган шогирди ва биринчи табақадаги ровийлардан бири ҳисобланади. Асарни муаллифга боғлаб ривоят қилган машҳур ва ишончли ровийлардан баъзиларининг санади бевосита шу кишига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини алоҳида ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу йўналишдаги тадқиқотлар Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди, ҳадисшунослик илми ва тарихига оид янги қизиқарли, фан учун муҳим бўлган маълумотларни юзага чиқариши мумкин.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
[1] Исмоил ибн Умар ибн Касир. Бидоя ван ниҳоя: 15 жилдли. Устозлар жамоасининг таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1407/1987. Ж: 11. Б: 28.
[2] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъламин нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасатир рисола, 1992. Ж: 13. Б: 493. 
[3] Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ансоб: 13 жилдли. – Ҳайдаробод: Даиротул маорифил Усмония, 2016. Ж: 5. Б: 487.
[4] Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффоз: 4 жилдли. Абдураҳмон ибн Яҳё Муаллимий таҳқиқи. – Ҳайдаробод: Даиротул маорифил Усмония, 1374/1955. 1760 саҳифали. Ж: 2. Б: 686.
[5] Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффоз: 4 жилдли. Абдураҳмон ибн Яҳё Муаллимий таҳқиқи. – Ҳайдаробод: Даиротул маорифил Усмония, 1374/1955. 1760 саҳифали. Ж: 2. Б: 686.
[6] Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффоз: 4 жилдли. Абдураҳмон ибн Яҳё Муаллимий таҳқиқи. – Ҳайдаробод: Даиротул маорифил Усмония, 1374/1955. 1760 саҳифали. Ж: 2. Б: 686.

 

Абдувоси ШОНАЗАРОВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …