Home / МАҚОЛАЛАР / «Одоб ва тавозе муҳаббатга зеб-зийнатдир…»

«Одоб ва тавозе муҳаббатга зеб-зийнатдир…»

Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан бири Алишер Навоий бобомиздир.

У халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир.

Тарихчи Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида Алишер Навоий ҳақида: “…Бошқаларни тўғри йўлга бошлаш қобилиятига эга бўлган, сифат ва пок ниятли, салтанатнинг устуни ва мамалакат таянчи, хоқонлик давлати суянчиғи ва ҳазрат султоннинг яқин кишиси бўлган ул олий ҳазрат ўзининг гўзал ва порлоқ чеҳраси улуғлиги билан ер юзига зеб-зийнат бағишлади”, деб ёзади. Ушбу мулоҳаза замондошларининг Навоий сиймосига юксак ҳурмати ва эътирофининг далили сифатида ҳамда мутафаккир ҳаёти ва фаолиятининг мазмун-моҳиятини рўй-рост акс эттирган.

Алишер Навоий нафақат улуғ мутафаккир, улуғ шоир, балки ўз халқи, миллати тақдирига бефарқ бўлмаган буюк мураббий ҳамдир. У ўз умри интиҳосида ҳам миллат ва халқ дарди билан яшаб, орзу-умидлари ва армонларини “Маҳбуб ул-қулуб” асарида баён этади. Шарқ пандномачилигининг ноёб намуналаридан бўлган “Маҳбуб ул-қулуб” асари муаллифнинг жамият ҳаётини юксалтириш, уни тўғри йўлга солиш ва шахс маънавиятини тарбиялашга оид қимматли насиҳатларидан иборат. Мутафаккир дунёда турли ноҳақликлар, ёвузликлар бисёрлигига ишора қилиб, “Ҳаётнинг бундай аччиқ, оғир синовларига ҳали-ҳануз дуч келмаган инсонлар кўп, улар умр йўлларида қоқилмасликлари, яхши-ёмонни фарқлай олишлари учун ушбу китобни ёздим, уларни ҳушёр торттириш ва огоҳ этишни вожиб деб билдим”, дея асарни ёзишдан кўзланган мақсадни маълум қилади.

Асарда жамиятдаги турли тоифа ва табақа вакилларининг феъл-атворига хос бўлган фазилат ва иллатлар қиёсий таҳлил этилади. Кишининг комиллик сари юксалиши ўзини англаш орқали табиатидаги қусурлардан покланиш ва эзгу сифатларни ўзлаштириш ҳамда ҳаёти давомида уларга қатъий амал қилиши асосида рўй бериши илмий жиҳатдан асосланади. Эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, ижобий ва салбий сифатлар ўзаро таққослаш орқали ўқувчига тақдим этилади. Бунда муаллиф “Ёмонни кўрмасдан туриб, яхшининг қадрига етмас киши” иборасига амал қилган ҳолда, ёмонликни тартибсизлик келтириб чиқарувчи ва яхшиликни эса тартиб ўрнатувчи омил сифатида талқин этади.

Комиллик тўғрисида сўз юритилган айрим қадимий китобларни ўқиганда, комиллик мақоми замин одамига насиб этмайдиган бир нарсага ўхшаб туюлади. Тўғри, комил инсон мартабасига юксалиш машаққатли – риёзат ва заҳматни талаб этадиган иш. Тасаввуфий мазмундаги комиллик шартлари янада оғирроқ. Лекин Навоий масалани мураккаблаштирмайди. Аксинча, ҳар қандай мураккаблик ва қийинчиликни осон ҳал қилиш йўлларини кўрсатади. Шулардан бири, эҳтимолки, биринчиси, комиллик даъвосини дилдан супуриб ташлаб, ноқисликка нигоҳни қаратиш, яъни ўз нуқсонларининг мушоҳадасига киришишдир. Бинобарин, инсоннинг баркамол қиёфа кашф этиши ундаги зоҳирий ёмон қилиқларни, хатти-ҳаракат ва амалларнинг нечоғлик сўниб бориш даражасига боғлиқ.

Навоий ўзининг комил инсон тўғрисидаги қарашларини ясовул (Ўрта Осиё хонликлари даврида юқори мансабдаги амалдорларга хизмат қилувчи қуролли соқчи, посбон) гуруҳи тўғрисидаги мушоҳадаларида баён қилади: “Ясовул шундай одамки, у мазлумни золимнинг зулмидан қутқаргай. Аммо қилган хизмати учун ортиқча ҳақ талаб қилса, у золимнинг зулмига каттакон шерикдир. Агар қилган хизматига яраша ҳақ олса, у ота мероси ва она сути каби ҳалолдир. Агар олган ҳақи хизматидан кам бўлса, бу унинг мард ва мурувватлилигига далолатдир. Агар астойдил ишни битирса-ю, ўз ҳақини олмаса, бундай кишини ҳақиқий авлиё, деса бўлади. Кўп эранлар (комил инсонлар) бундай ишни ўзларига шиор қилиб олганлар ва шу одат билан асл мақсадларига етганлар”.

Ясовул мисолида мутафаккир инсонпарварлик хислатларига эга бўлган, муҳтожларга ёрдам беришга доим тайёр, ҳожатбарор, қилган хизматига арзимас ҳақ оладиган мард, мурувватли комил инсон сийратини яратади. Навоий комилликнинг эзгулик, яхшилик, хокисорлик каби кўплаб мураккаб сифатларини содда ва оддий кўринишларда очиб беради.

Мутафаккирнинг таъкидлашича, кишининг маънавий покланиш томон юз тутиши, аввало, унинг тавбасида зоҳир бўлади. Навоий наздида “Ҳақиқий тавба ёмон феъллар туфайли келадиган балонинг олдини олмоқдир ва тангри берган тавфиқ (иноят) туфайли у феъллардан қутулмоқдир. Тавба бахтсизлик йўлининг охири ва ҳидоят йўлининг бошланишидир. Тавба такаббурлик ғафлатидан уйғонмоқ ва ўзининг нолойиқ аҳволини англамоқ ва беҳуда феълларини ташламоқ ва кўзга кўринмас ярамасликларни ҳис қилмоқ ва нокерак даъволардан кечмоқ ва қабиҳ амаллар шармандалиги ва расвогарчилик туфайли келадиган хижолатдан огоҳ бўлмоқдир. Тавба инсонга хос саркашликдан воқиф бўлмоқ. Инсонни тўғри йўлдан оздирувчи нафс фасоди (ёмонлиги)дан ва кўнгил итоатсизлигидан нафратланмоқдир”.

Инсоннинг маънавий камолотида тавозе (камтарлик) ва одобнинг аҳамияти беқиёслигини яхши билган Ҳазрат Навоий: “Тавозе кишини халқнинг муҳаббатига сазовор қилади. Ва одамлар уни дўст тутадилар. Тавозе мутакаббир душманга мулойимлик томон йўл кўрсатади, гердайган душман кўнглида инсонийлик завқини қўзғатади. Қайта-қайта кўрсатилган тавозе ҳаёсиз манманни уят чегарасига бошлайди ва инсофсиз душманни ёмонликдан қайтаради. Тавозели киши ўз тенгдошлари ичида таҳсинга лойиқ, каттаю кичикни ром қилади. Саҳоват қилмай элни шод этади ва эҳсон қилмай кишини ғамдан озод этади”, дея инсонларга эзгу амаллар билан ёвузликни баратараф этишнинг содда йўлларини кўрсатиб беради.

Мутафаккир одоб тўғрисида: “Адаб кичик ёшлиларни улуғлар дуосига сазовор қилади ва у дуо барокатидан умрбод баҳраманд бўлади. Кичиклар меҳрини улуғлар кўнглига солади ва у муҳаббат кўнгилда абадий қолади. Кичикларни кўзга улуғ қилиб кўрсатади. Ва феъл-атворидан халқ улуғворлик кўради. Халқ томонидан беҳурматлик эшиги ёпилади ва одамни ҳазил-мазахдан ва масхараланишдан сақлайди. Одоб одам табиатига инсонийлик ва шу манзилдан ором бахш этади. Одоб ва тавозе муҳаббатга зеб-зийнатдир, акси дўстликка путур етказади. Тавозе ва одоблиларга халқ таъзим ва ҳурмат билан қарайди ва одоб уруғини эккан жавоҳир ҳосилини олади. Халқ билан муносабатда яхши хулқли бўлишнинг ҳосиласи шундай ва акси бўлса, ўртадаги муҳаббатга халал етади. Икки томондан ҳам хулқ чиройли бўлса, адаб ва тавозе муқобилида иззат ва ҳурмат ҳосил бўлади. Бундай аҳил, иттифоқ, муҳаббатли, одобли бўлиш дўстлар учун саодатдир. Аксинча, мутакаббир, худбин ва ақлсиз жоҳил бўлса, бундай саодатдан маҳрумдир”, дея кишиларни яхши хулқ туфайли эришиладиган саодат ва ёмон хулқ туфайли етадиган офатлардан огоҳ этади.

Бугунги глобаллашув даврида Навоий томонидан илгари сурилган комил инсон ғояси ўта муҳим аҳамият касб этади. Бунда комилликка эришиш учун инсонпарварлик, эзгулик, яхшилик, хокисорлик, саховат, олижаноблик, адолатпешалик, мардлик каби муҳим сифатларни ўзлаштириш орқали инсон ўзини ўзи такомиллаштириб, беқарорлик ҳолатидан барқарорликка, тартибсизликдан тартибга ўтиб бориши илмий асослаб берилади. Навоийнинг комил инсон ғояси ҳам шу даврнинг маҳсули сифатида ижтимоий тоифалар, якка шахслардан иборат жамият аъзоларини маънавий юксалтиришга қаратилади. Маънавий қашшоқликни камайтириш йўли билан эзгу кучлар миқёсини кенгайтириш, бу орқали эса ижтимоий зулмни “тийиб қўйиш” йўллари кўрсатилади. Эзгуликни ёйиш бир томондан жаҳолатга қарши курашишга ва иккинчи томондан ёвузликнинг фаолият доирасини чеклашга хизмат қилиши асослаб берилади.

Зеро, киши маънавий юксала борган сайин оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олиш, яъни тамиз туйғусини касб эта боради. Қора кучлар эса, кўпинча, ўз ҳаётини бировларнинг жоҳиллиги, омилиги, лақмалиги, умуман олганда, жамият аъзолари орасида тарқалган иллатлар устига қуради. Бу мураккаб жараённи яхши идрок эта олган Навоий фазилатларни қарор топтириш ҳамда иллатларга қарши кураш воситаларига бир хилда аҳамият беради. Мутафаккир наздида инсон ўзини англаш асосида феъл-атворидаги иллатлардан покланса, яхши хулқ ва фазилатларни ўзлаштирса, ҳаётда яхшилик ва тўғриликни ўзига шиор қилиб яшаса, унинг зоти албатта комиллик сифатлари билан безатилади ва у икки дунё саодатига муваффақ бўлади.

Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: yuz.uz

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …