Home / МАҚОЛАЛАР / ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ВА БОБОЛАР МЕРОСИ

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ВА БОБОЛАР МЕРОСИ

Инсон ақлий фаолиятининг чегараси бўлмагани каби унинг қалбидан кечадиган маънавиятга оид масалалар ҳам сарҳад билмайди. Мавжуд ҳаётий йўлларнинг қайсидир бирини танлаётган ва доимий ҳаракатда бўлган ҳар бир киши ёки унинг оиласи, у ишлаётган жамоа ёки у яшаётган жамият – уларнинг барчаси ўз ҳаёт йўлларини кечиб ўтаётганларида ихтиёрсиз равишда маънавият масалаларининг ҳам ичидан ўтадилар.

Сиёсат, иқтисод, эътиқод ёки бошқа соҳалар бўлсин, уларнинг ҳар бири маънавият масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Аслида жамият тараққиёти ва юксалишининг биринчи шарти – барча муносабатларда маънавиятга дахлдор масалаларнинг тўғри ҳал этилишидан иборат.

Чиндан ҳам умуминсоний маънавият – тараққий топган буюк инсоний цивилизациянинг қўлга киритган энг муҳим ютуқларидан биридир.

Ер юзида юзлаб мамлакатлар, юзлаб жамиятлар бор. Бу жамиятлар ўртасида эса узлуксиз алоқа ва ахборот алмашинуви содир бўлиб турибди. Воқеалар тўғрисидаги хабарлар эса, глобаллашув шароитида яшин тезлигида тарқалиб, кишиларнинг онги ва қалбига таъсир этиб, маълум маънода уларда турли-туман муносабатлар уйғотмоқда.

Ҳар бир алоҳида олинган инсон айни пайтда мавжуд воқеалар қаршисида гўё ожиздек. Бироқ, “бирники мингга, мингники эса туманга” – дейилган гапни унутмайлик. Воқеалар шубҳасиз, муносабатларни, маълум ҳаракатларни келтириб чиқаради. Бундай ҳаракатлар охир-оқибатда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин, албатта. Бу ўринда хабарларнинг тарқалиш тезлиги, тасвирларнинг шаффоф ва холислиги ниҳоятда муҳим. Воқеалар тўғрисидаги ёлғон хабар ва нообъектив тасвирлар эса мураккаб ва нохуш муносабатларга сабаб бўлади.

Инсон ҳар бир воқеликни кўнгил кўзгусидан ўтказар экан, унга ўз маънавияти, ўз эътиқоди ҳамда дилидаги адолат ва инсонийлик тарозисидан ўтказиб баҳо беради, унга нисбатан ўзининг кейинги ҳаракати ва муносабатини белгилайди.

Худди шундай, маҳаллий ёки минтақавий миқёсда катта масъулият ва имкониятларга эга бўлиб турган шахсларда ҳам аввал муносабат, кейин қандайдир ҳаракатлар юзага келиши мумкин. Аммо, шу ўринда манфаатлар, қизиқиш ва эътиборсизлик сингари ҳолатлар, пайдо бўладиган хатти-ҳаракатларга таъсир этмай қолмайди.

Баайни шу нуқтада маънавият тушунчаси яққол намоён бўлади. Инсондаги тарбия, тажриба, ҳаётий тамойил сингари сифатлар ёрдамга келади. Инсон қандай мавқеда бўлишлигидан қатъий назар ҳар битта одамга хос оддий, табиий маънавият ҳисси, удум ва анъаналар, бутун-бутун элат, халқ ва жамиятга, миллат ва миллатларга тааллуқли, маънавиятга дахлдор сифатлар, умуминсоний маънавиятнинг улкан оқими сари келиб қўшилаверади.

Маънавий қадриятлар ҳар қандай жамиятдаги ҳар бир онгли инсон олдига қўйиладиган талаб, принцип, норма ва амал қилиниши зарур бўлган қоидалар бўлиб, маънавий муносабатларнинг зуҳурланиш шаклларидир. Бу ҳақда инсон қалбининг барча сезгиларини ҳайратланарли тарзда ифода этувчи, унга буюк бир бурч ва масъулиятни бот-бот эслатиб турувчи муқаддас манбаларда, жумладан “Қуръони карим”да нима дейилганига бир эътибор қаратайлик.

 “Залзала” сураси, 7 – оят: [1]فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ ва шу суранинг 8-ояти:

 [2]وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ энди шу оятларнинг таржимаси: 7-оят: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар.” 8-оят: “Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар.”

Бундан маълум бўладики, ҳеч бир нарса яратганнинг нигоҳидан четда эмас. Ҳамма нарса ҳисобда. Одам ўз ҳаётидаги ҳар бир ҳаракати учун тарих олдида, ҳам ўз яқинлари ва бутун одамзод олдида жавобгар. Бу ерда гап фақат инсон ўзини қандай англашида, ўзининг қанчалик кичиклиги ёки буюклигини ҳис қилишида.

Калом ва ақида илмларининг пешвоси имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг “Китоб ат-тавҳид” асари кўпчиликка маълум. Ушбу китобни тадқиқ этган Улрих Рудолф ўз тадқиқотларида имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларига илмий қарашларига тааллуқли бўлган маълум хулоса ва кузатишларининг мағзини келтирар экан, қуйидагиларни такрорлайди. “Ал Мотуридий позицияси: Аллоҳга барча хатти-ҳаракатлар маъқул, гарчи у ёмон амалларга амр этмаса-да ва уларни маъқулламаса-да, аммо унинг иродаси – мажбурламасликдир. (Ушбу баён Қуръони каримдан келтирилган кўплаб оятлар мисолида исботланади.)”[3]

Дарҳақиқат, инсон олдида, икки қийин йўл турибди. Бу йўлларнинг бири залолат, бири ҳидоят йўли, яъни: бири ҳам ўзига, яқинлари ва бошқаларга фойда келтирувчи, барчани бахт ва саодатга олиб келувчи йўл, ёки бунинг акси бўлган, ўзи ва яқинларига ва ҳатто бутун жамият учун ҳам қимматга тушувчи, охири зиён-заҳматга келтирувчи йўл.

“Қуръони карим” бу тўғрида шундай далолат қилади. Жумладан “Балад” сурасининг 10-оятида шундай дейилган: وَهَدَيْنَاهُ النَّجْدَيْنِ [4] шу оятнинг таржимаси: “Яна уни икки баландликка (икки хил йўлга) йўллаб қўйдик-ку!” (Бу ерда икки баландликдан мурод – икки йўл, яъни ҳидоят ва залолат йўлларидир.)

Албатта, шубҳа ва гумонларга тўлиқ бўлган буюк бир лаҳза, яъни: худди шу икки йўлдан бирини танлаш онида инсон ўз маънавиятига суянади, қалбига қулоқ солади. Агар унинг қалб майли уни ҳидоят сари йўлласа, демак, у буюк ҳидоятда, агар унинг қалб мойиллиги уни залолат томон йўлласа, демак, у гумроҳлик ва залолатда бўлади. Фикримизнинг исботи учун “Китоб ат-тавҳид”нинг муаллифи Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ўз қарашларида инсонда ҳам ўз ҳаракати давомида ихтиёр мавжудлиги тўғрисида айтиб ўтган хулосаларини эслаб ўтиш жоиз бўлади.

“Имом ул ҳуда” – яъни: тўғри йўлга бошловчи имом – унвонига сазовор бўлган Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг фикр ва хулосаларини баён этиб, тадқиқотчи Улрих Рудолф яна шундай жумлаларни такрорлайди: “Ал-Мотуридий назарияси: хатти-ҳаракатлар ҳам Аллоҳга, ҳам инсонга нисбат берилиши керак. Уларни Аллоҳ яратади, аммо инсон танлайди, ўзлаштиради ва бажаради.”[5]

Жамият ва ижтимоий ҳаётдаги бутун бир тараққиётни биз ҳамиша тинчлик билан боғлаб келамиз. Қай ердаки доимий тинчлик таъминланган бўлса, худди шу ерда ривожланиш бор, ижтимоий аҳиллик бор, яъни маданият, маънавият бор. Аслида ижтимоий ва маънавий онги баркамол бўлган жамиятгина тинчлик ва адолатни таъминлашга, ҳудудлар ва халқлар ўртасидаги доимий мувозанатни тиклаш ва қарор топтиришга ҳамда унинг тараққиётига сабабчидир. Ҳақиқатда бутун халқ ва миллатнинг тинчлик, тараққиёт ва куч-қудратга эришиш, фаровонлик ва саодатга етиш йўли бутун бир миллатнинг, ва айни замонда ҳар бир одамнинг тарбияси, яъни хулқи, иродаси, маънавияти орқали ўтади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, шахснинг жамиятдаги ўрни ҳам ва бевосита шахснинг жамиятни бошқарувидаги таъсири ҳам ҳеч шак-шубҳасиз маданият ва маънавият масалалари билан боғлиқ.

  Кичик бир оила ва жамоадаги хусусий мувозанат ҳам, бутун бир жамиятдаги ижтимоий мувозанат ва баркамоллик ҳам чинакам инсоний маънавият ва маданиятнинг энг юқори чўққисидир, десак тўғри айтган бўламиз.

Воқеан, жамиятнинг фаровонлиги тараққиётнинг шу бўғини ва шу даврида яшаш тақдирига, чекига тушиб турган шахсларнинг етуклиги, янаям аниқроғи, шу инсонларнинг жисми ва хулқининг тўкислиги, ҳам қалбидаги маънавий камолоти билан боғлиқ. Бу нарса эса ўз навбатида шу жамиятдаги ҳар бир кишининг, айниқса вояга етган ёшларнинг онгли ва ўз соҳасидаги профессионал меҳнати, тарбияси, Ватанининг фаровонлиги учун қўшаётган озми-кўпми ҳиссаси, эътиқоди ва маънавиятига дахлдор. Худди шу борада тарбиянинг ўрни беқиёс, айниқса ёшлар тарбиясининг, болаларимиз, ёшларимиз тарбияси билан биз эртанги кунимизни, келажагимизни шакллантирамиз. Демак, умид ҳам, келажак ҳам ўз қўлимизда. Яратгандан куч-қувват тилаб, олға интилайлик биродарлар.

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Залзала” сураси, 7-оят, 499-бет.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Залзала” сураси, 8-оят, 499-бет.
[3] Улрих Рудолф. Ал Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. (қисқартирилган нашри) Тошкент-2002. 167-бет.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Балад” сураси, 10-оят, 467-бет.
[5] Улрих Рудолф. Ал Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. (қисқартирилган нашри) Тошкент-2002. 165-бет.
Н. ЮСУПОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …