Home / МАҚОЛАЛАР / ДАБУСИЯ ЁЗМА ВА АРХЕОЛОГИК МАНБАЛАРДА

ДАБУСИЯ ЁЗМА ВА АРХЕОЛОГИК МАНБАЛАРДА

Буюк ипак йўлининг марказий тармоқлари Самарқанд Суғди орқали ўтганлиги боис, марказий Суғдда жойлашган Дабусия шаҳри қадимда халқаро савдо-сотиқ муносабатларида муҳим ўрин тутган. Дабусияда нафақат савдо-сотиқ балки, меъморчилик, ҳунармандчилик, тўқимачилик, кулолчилик ва деҳқончилик каби соҳалар ҳам анча ривож топган.

Шу ўринда “Дабусия” сўзининг этимологияси ҳақидаги маълумотни келтириб ўтсак. “Дабус” сўзи – “темир қўрғон” маъносини билдиради. Шаҳар мустаҳкам қурилгани учун шундай аталган [11: 14].

Дабусия шаҳарининг жўғрофик ўрни, тарихи, алломалари ва аҳолисининг кундалик машғулотлари, шарқ ва ғарб олимларининг кўплаб тарихий ва жуғрофик асарларда жумладан, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Табсиру-л-мунтабиҳ би таҳрири-л-муштабиҳ”, Ибн Асирнинг “Комилу фи-т-тарих”, Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб”, Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжаму-л-булдон”, Муҳамма Ҳимирийнинг “Равзу-л-маътор фи хабари-л-ақтор”, Абураззоқ Ҳусайнининг “Тожу-л-аруси мин жаваҳири-л-қомус”, Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”, Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, В.В Бартольднинг “Сочинение”, Л.А.Зиминнинг “Кала-и-Дабус”ларида такрор-такрор тилга олинган.

Муҳаммад ибн Абдулмунъим Ҳимирийнинг “Равзу-л-маътор фи хабари-л-ақтор” номли асарида шундай келтирилган, “Дабусия Суғдга қарашли шаҳар бўлиб, у чиройли биноларга, кичик-кичик қишлоқларга, ширин-лаззатли мевалари кўп бўлган боғу роғларга, кенг экин майдонларга ва кўплаб бозорларга эга. Унинг катта қишлоқлари ва хароба жойлари йўқ, балки, сер ҳосил тупорғи ва зилол оқар сувлари бор” [10: 233].

Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий “Муъжаму-л-булдон” асарида Дабусия Самарқанд ва Бухоро ўртасида жойлашган шаҳар бўлиб, унга Искарон, Бутанин каби бир қанча қишлоқлар қарашли бўлганлиги қайд этган [1: 336].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида эса Дабусия тўғрисида қисқа ва қизиқарли маълумот келтирилганлигини кўришимиз мумкин. “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқларидан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Харқонруд, Вардона, Таровча, Сафна ва Исвоналар ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд (Пойканд) эди. Шаҳар “Қалъайи Дабусий” – “Дабусий қалъаси” бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар” [2: 91]. Ушбу маълумотнинг қизиқ жиҳати шундаки, подшоҳнинг турар жойи Пойкент қишлоғида бўлган. Қалъайи Дабус эса шаҳар ҳисобланган.

Абулҳасан Иззиддин Ибн Асир “Комилу фи-т-таърих” асарида келтирилишича Исмоил Мунтасир ортга қайтиб, дарёдан кечиб ўтади ва Бухоро ноиби Илоқхонни жангга чорлайди. Илоқхон унга қарши чиқади ва улар жанг қиладилар. Мунтасир мағлуб бўлиб, Дабусияга чекинади. У ерда қўшин тўплайди. Сўнг қайта ҳужум қилиб, уларни мағлуб этади. Самарқанднинг ёш ва ўспирин йигитларидан иборат каттагина оломон унинг олдига чиқиб унга қўшилади. Самарқандликлар уни пул ва ундан бошқа нарсалар – озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда қурол аслаҳа билан таъминлайди. Бу ҳолатни эшитган Илоқхон туркий йигитларни жамлайди ва ўзи бошчилигида унга қарши боради. Самарқандга яқин бир жойда улар билан рўбарў келади. Улар ўртасида қаттиқ жанг бўлади ва натижада Илоқхон мағлубиятга учрайди. Бу воқеа ҳижрий 94 йил шаъбон ойига (милодий 716 йил май ойига) тўғри келади. Илоқхон турклар юртига қайтади ва қурол-аслаҳа тўплаб, яна Мунтасир билан жанг қилиш учун ортга қайтади. Унинг бу қайтиши Мунтасир билан бирга бўлган жангчилар ўз юртларига қайтиб кетган вақтга тўғри келади. Усрушанага яқин жойлардан бирида улар жанг қиладилар, натижада Мунтасир мағлуб бўлади. Турклар унинг тарафдорларидан кўпини қириб юборадилар. Шундан сўнг Мунтасир мағлуб бўлган ҳолда дарёдан ўтиб, Жузжонга йўл олади [3: 12].

Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асрида келтирилишича: “1493 йилда шаҳар (Дабусия) атрофида Шайбонийхон томонидан Ахмад Мирзонинг укаси, Бухоро ҳукмдори Боқи Тархоннинг қўшини қириб ташланган” [8: 97]. Лекин Шайбонийхонга Дабусияни эгаллаш насиб этмаган ва унинг рақиблари тезда шаҳарни қайтариб олган.

X асрда Мовароуннаҳрга келган араб сайёҳи Ибн Хауқол Дабусия аҳолиси деҳқончилик ва тўқимачилик билан шуғулланиши борасидаги қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, Дабусияда деҳқонлар етиштирган пахтадан “Ведари” навли газлама ишлаб чиқарилган. Юмшоқ, сарғишранг бу мато жуда пишиқ бўлиб, ювилганида ҳам ранги чиқмаган. Бу мато Хуросонда жуда машҳур бўлиб, уни “хуросон парчаси” деб ҳам атаганлар. Ундан амирлар, вазирлар ва аслзодалар либослар тиктириб кийганлар [4: 441]. Дабусия ҳунармандлари яратган юмшоқ ва пишиқ газламадан тўқилган либосларни асосан амалдорлар кийган. Ҳатто Бағдодда ҳам бу газламаларни ниҳоятда қадрлашган. Бошқа юртларда ишлаб чиқарилган газламалар 1 динордан сотилган бўлса, Дабусияда тўқилган газламалар 2 динордан 10 диноргача баҳоланган [13].

Дабусияда тўқимачилик билан бирга заргарлик ва кулолчилик соҳалари ҳам анча ривожланган бўлиб, бу ерда пахта ва жундан тўқилган матолар ва теридан ясалган маҳсулотлар, заргарлик тақинчоқлар, кулоллари томонидан ясаган идиш-товоқлар бежиримлиги ва сифатлилиги билан алоҳида ажралиб турган. Бу маҳсулотларнинг бозори чаққон бўлганлиги боис, Шарқу ғарб бозорларини ҳам безаб турган.

Нумизматик – тангашунос олим Борис Кочневнинг маълумотларига кўра 423-428/1031-1036 йилларда Дабусияда “Қутлуғ Ўрда ад-Добусия” деган ёзувли тангалар – дирҳамлар зарб этилган [7: 208-209]. Ушбу тангалар савдо-сотиқда кенг кўламда ишлатилган.

Бошидан не-не қирғинбарот жангларни, шонли-шавкатли кунларни кечирган Дабусия шаҳари Қутайба ибн Муслим, Чингизхон, Мирзо Бобур ва Шайбонийхон каби лашкарбошилар ва ҳукмдорлар билан юзма-юз бўлган. XIII асрнинг бошида Дабусияликлар катта сонли муғулларга қарши эрк жангига киришадилар, муғуллар шаҳарни ишғол қилиб, уни вайрон қиладилар. Шундан сўнг шаҳар ҳудуди анча торайиб, у Дабусқалъа номини олади. Дабусқалъада XX асрнинг 30-йилларигача ҳаёт қайнаган. Сўнгра унинг катта қисми қабристонга айланиб кетган ва Зиёвуддин беклиги ҳозирги Зиёвуддин шаҳарчасига кўчган. Дабусқалъанинг жўғрофик ўрни ва унда олиб борилган археологик тадқиқот натижаларига тўхталадиган бўлсак, Дабусқалъа ёдгорлиги Самарқанд вилоятининг ғарбий қисмида, ҳозирги маъмурий бўлиниш нуқтаи – назаридан Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудида, туман маркази Зиёвиддин шаҳарчасидан 12 км шимолий-шарқда, Самарқанд – Бухоро автомобил трассасидан 4 км масофада, Дабусқалъа қишлоғининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган. Қалъа работи 70 гектарни, шаҳристони эса 22-23 гектарни ташкил қилади. Шаҳар ҳукмдорини дабусшоҳ деб атшган. Қалъа бир неча асрлар давомида вилоят маркази бўлган [11: 14].

Дабусқалънинг археологик ёдгорлик сифатидаги маҳобати албатта унинг тарихига қизиқиш уйғотган. Қизиқишлар XIX асрнинг охирларидан, Ўрта Осиё ҳудуди Россия томонидан босиб олингандан кейин бошланган. Рус қўшинлари билан бирга келган тарихга қизиқувчи ҳарбий зобитлар, улардан кейин бу ерга ташриф буюрган олимлар, ёзувчилар ва зиёлилар вакиллари Ўрта Осиёнинг кўплаб тарихий ва археологик обидаларига қизиқиш билан қараганлар ва улар ҳақидаги ўзларининг қимматли маълумотларини кундаликларида ёзиб қолдирганлар [14].

XIX аср охирида Дабусқалъага ҳарбий топограф Ситняковский Н.Ф. ташриф буюрган ва шаҳар харобаларини кўздан кечирган [12: 92]. Дабусқалъани тарихий ёдгорлик сифатида дастлабки ўрганиш Л.А.Зимин томонидан 1915 йилда амалга оширилган. Олим Дабусия шаҳри билан боғлиқ тарихий ёзма манбалар тўплаган ва уларни нашр эттирган [9: 64].

Кейинги даврларда бу ерда археолог олимлар Г. А.Пугаченкова, Ртвеладзе Э.В., Тургунов Б.А., Буряков Ю.Ф., Ростовцев О.М., Ш.Т.Адиловлар илмий тадқиқотлар олиб борган бўлсаларда ёдгорликнинг махсус ўрганиш борасида бирон-бир йирик тадқиқот амалга оширилмаган. Мана шу даврда Дабусқалъада археологик дала қидирув ишлари олиб борилиб ёдгорлик “Ўзбекистоннинг археологик ёдгорликлари мажмуи” га киритилди [14].

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти ходимлари Япониянинг Киото шаҳридаги Япон маданиятини ўрганиш халқаро илмий маркази олимлари билан ҳамкорликда 2007 йили Дабусқалъа ёдгорлигида қазишма ишларини олиб борилган. Экспедицияга Япония томонидан профессор Уно Такао ва Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти директори, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов раҳбарлик қилган.

Ёдгорлик уч қисм: арк, шаҳристон ва работдан иборат бўлиб, арк ёдгорликнинг шимолий ғарбий бурчагида жойлашган. Шаҳарнинг биринчи қисми бўлмиш Аркнинг шимолий қисмидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади, ғарбий қисми эса баланд мудофаа девори билан ўралган. Аркнинг жанубий қисми шаҳристондан чуқур хандак орқали ажратилган. Арк билан шаҳристон фақатгина шарқ томондан бир-бирига туташган.

Аркнинг шимолий қисмини ҳозирда Зарафшон дарёси ювиб бормоқда, дарё ювган томон 5-6 метрлик маданий қатлам ва унда мавжуд бўлган бадраблар яққол кўриниб турибди [6: 76].

Шаҳарнинг иккинчи қисми бўлмиш Шаҳристон аркни шимол, шарқ ва жануб томонлардан тўлалигича ўраб туради ва унинг ўзи ҳам квадрат шаклига яқин тархга эга. Шаҳристоннинг умумий майдони 23 га бўлиб у маҳобатли мудофаа деворлари билан ҳимояланган [5: 186]. Мудофаа деворларида олиб борилган тадқиқотларда унинг ичида кенг девор ичи коридорлари борлиги аниқланган. Шаҳристоннинг жанубий ва жануби шарқий томонида эни 50-60 м бўлган кенг, мудофаа чоҳи ўтган, бу чоҳ эса шаҳристонни работдан ажратиб туради.

Шаҳарнинг учуинчи қисми бўлган работ шаҳристондан жанубга қараб чўзилган. Унинг атрофи мудофаа деворлари билан ўралганми, йўқми, бу ҳозирча номаълум. Шаҳристон мудофаа деворининг бир парчаси шаҳарчанинг жануби-ғарбий қисмида сақланиб қолган.

Аркда ҳукмдор, шаҳристонда аслзодалар, мансабдорлар ва оддий шаҳарликлар, савдогарлар истиқомат қилганлар. Работда эса ҳарбий баъзалар, ҳунармандларнинг устахоналари бўлиб улар шу ерда яшаган.

Ёдгорликдаги қазишма ишлари Арк, Шаҳристоннинг шарқий бурчаги ва Работнинг ўртасида олиб орилган. Қазишмалар чоғида сифатли сопол қувурлар, милодий VII-XI асрларига оид уй-жойлар қолдиқлари, тандирлар, ўчоқлар, мис ва бронза тангалар топилган. Айниқса, сополдан сифатли қилиб ясалган қувурларнинг топилиши катта аҳамиятга эга.

Ёдгорликни ўрганишда аҳамиятли жиҳатлардан яна бири унинг ҳудудидаги қабр тошлар ва улардаги битиклардир. 2013 йил октиябрь ойида ЎзФА Археология институти илмий ходими тарих ф.н Комил Раҳимов билан ҳамкорликда Дабусқалъа ёдгорлиги ҳудудидаги “Имом Баҳра ота” мақбарасидаги ва унинг атрофидаги қабр тошлардаги битикларни ўрганиш бўйича илмий хизмат сафари ташкил этдик. “Имом Баҳра ота” мақбараси пишиқ ғиштдан қурилилган бўлиб, XVI-XVII асрларга оид ҳисобланади. Шу йилларда мақбара атрофида вилоят, туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилган.

“Имом Баҳра ота” мақбараси ичидаги қабр тошда: “Бу қабр гуноҳлари мағфират қилинган марҳум, шаҳид бўлган буюк ва етук имом Боҳирга тегишлидир. “Олий жаннатда, жаннат мевалари яқин” бўлган бу жой – жаннат боғларидан бир боғча, Аллоҳ у зотга 1002 (бир минг саккизинчи) ҳижрий (милодий 1593/94) санада ўз жаннатидан жой берди”, – деган мазмундаги араб тилидаги битиклар ёзилган.

Мақбара атрофида ҳам бу каби XVII- XVIII асрларга оид, турли ўлчамлардаги мармардан ясалган қабртошларни кўплаб учратиш мумкин. Улардан бирининг ўлчами тахминан эни 17х20 см, узунлиги 85-90 см бўлиб, унда “Вафоти Ёқутжон Гул бинт фулоний”,- деган ёзув бор. Унинг ёнидаги тошда эса “Бу қабрнинг соҳиби Хонимжон бинт Хушмон Бойканий”, – деган араб тилидаги битиклар борлиги маълум бўлди.

Ёзма мабалар, археологик маълумотлар ва илмий тадқиқотларнинг таҳлилига кўра. Дабусия шаҳрида XIII асргача ҳаёт қайнаган ва унда меъморчилик, кулолчилик, тўқимачилик ва деҳқончилик каби бир қанча соҳалари юқори даражада ривожланган десак адашмаган бўламиз. XIII асрдан сўнг шаҳар ҳудуди анча торайиб, у бир қалъага айланади ва натижада Дабусқалъа номини олганини, XX асрнинг 30-йилларига келиб унинг катта қисми қабристонга айланиб кетганига гувоҳ бўламиз.

Фойдаланган адабиётлар:

  1. Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж. 1. –Байрут. 1979.
  2. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. –Т.: Камалак, 1991.
  3. Абулҳасан Иззиддин Ибн ал-Асир. Комил фи-т-таърих. Ж.10. –Байрут.
  4. Бартольд В.В, Сочинение. Т. 2, часть 1, –М.: Наука,
  5. Беленицкий А.М., Бентович О.И., Большаков О.Г. Средневековый город Средней Азии. Л., 1972.
  6. Бердимурадов А.Э., Уно Такао, Раҳимов К.А.. Дабусияда ўтказилган археологик тадқиқотлар. 2006-2007 йиллар 6-сони.–Т.: Фан, 2009.
  7. Кочнев Б.Д. Нумизматическая история караханидского каганата (991-1209 гг.) Ч. 1. Источниковедческое исследование. М., 2006.
  8. Заҳириддин Муҳаммад Бабур. Бобурнома. – Т. 1948.
  9. Зимин Л.А. Кала-и-Дабус. // ПТКЛА. Год двадцать первый. –Т.: 1917.
  10. Муҳаммад ибн Абдулмунъим Ҳимирий. Равзу-л-маътор фи хабари-л-ақтор. Ж. 1. –Байрут: 1980.
  11. Санаев И. Бу кўҳна дунё. –Т.: Адолат, 1996.
  12. Ситняковский Н.Ф. О древностях в районе Зеравшана. // ПТКЛА. Год третий. –Т.: 1898.
  13. https://saviya.uz.
  14. https://kumushtravel.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …