Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Нақшбандия асарлари ва уларнинг Туркиядаги таржималарига бағишланган онлайн-семинар ташкил этилди

Нақшбандия асарлари ва уларнинг Туркиядаги таржималарига бағишланган онлайн-семинар ташкил этилди

Марказий Осиёда XIV асрда пайдо бўлган “Нақшбандия” тасаввуфий тариқатининг асосчиси Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд 1318 йилда Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндуён қишлоғида туғилган ва 1389 йилда шу ерда вафот этган. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – юртимиздан етишиб чиққан буюк зотлардан бири. Тасаввуф тарихида кескин бурилиш ясаган авлиё ҳисобланади.

Истиқлолнинг ўтган даври мобайнида номлари қайта тикланиб, мақбаралари обод қилинган ва хотиралари абадийлаштирилган улуғ алломалар сингари Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг ҳам зиёратгоҳлари обод қилиниб, ул зотнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш, бой меросини тадқиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. 1993 йилда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги илк бор халқаро миқёсда кенг нишонланди. Ўтган йиллар давомида юртимизда нақшбандшунослик фани илмий асосда шаклланиб янада ривожланиб бормоқда.

Айниқса сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ушбу ишлар кўлами янада кенг қулоч ёйди. Охирги уч йилда Самарқандда “Ҳадис” ва “Калом”, Қашқадарёда “Ақида”, Фарғонада “Ислом ҳуқуқи”, Бухорода эса,  Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу илмий мактаблар чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, ёш авлод вакилларини эса буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига ҳурмат ва соғлом эътиқод руҳида тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб, самарали фаолият юритмоқда.

Айни кунларда юртимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилингани боис, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази маркази жамоаси халқаро миқёсда эришилган келишувларни он-лайн режимда муҳокама қилиб, хорижлик таниқли олимлар иштирокида илмий-семинарлар ўтказиб келмоқда.

4 июнь куни бўлиб ўтган Нақшбандия ва тасаввуф илмлари бўйича таниқли олим,  Туркиянинг Мармара университети профессори Неждат Тосун иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги онлайн-семинар айнан Нақшбандия асарлари ва уларнинг Туркиядаги таржималарига бағишланди. Семинарда юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг 40 дан зиёд олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Профессор Неждат Тосун онлайн семинарда “Ўрта Осиё тасаввуф мактаби тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари”, “Хожагон-Нақшбандия ва Яссавия тариқатларининг ўзига хос жиҳатлари”, “Тасаввуфнинг бугунги кундаги ҳолати” каби  мавзуларда маъруза қилди.

Маълумот учун, профессор Неждат Тосун 1971 йил Туркиянинг Бандирма вилоятида туғилган. 1993 йил Мармара университетининг Илоҳиёт факультетини тамомлаган. 1995 йил Мармара университети Ижтимоий Фанлар институтида “Ибн Арабийдан аввал Тасаввуфда хилват ва узлат” мавзусида магистрлик ишини ёқлаган. 2002 йилда эса “Тасаввуфда Хожагон мактаби (XII-XVII асрлар)” мавзусидаги докторлик ишини ҳимоя қилган. 2006 йилда доцент, 2012 йилда профессор унвонини олган. Неждат Тосун айни пайтда ҳам Мармара университети Илоҳиёт факультети, Тасаввуф бўлимида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Неждат Тосун  шунингдек, Усмонийлар даври, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон тасаввуф мактаблари доирасида ҳам тадқиқотлар олиб борган. У инглиз, араб ва форс тилларини яхши билади. “Баҳоуддин Нақшбанд: ҳаёти, қарашлари, тариқати”, “Имом Раббоний Аҳмад Сирҳиндий: ҳаёти, асарлари, тасаввуфий қарашлари”, “Зикр ва тафаккур”, “Туркистон дарвешларидан ёдгорлар” (Ўрта Осиё тилларида ёзилган тасаввуфий асарлар), “Дарвеш Кашкулу”, “Ирфон боғчаси”, “Аҳмад Яссавий”, “Қаҳва баҳона”, “Сўфий Муҳаммад Донишманд Миръатул-қулуб” каби асарлар ҳамда қатор таржималар ва мақолалар муаллифи ҳисобланади.

“Тарихдан маълумки, инсоният  маънавий ҳаётида тасаввуфий тариқат  алоҳида ўрин тутган. Тасаввуф таълимотида комил инсон мавзуси бош ғоя бўлган. Шунинг учун инсонлар тасаввуф вакилларига мукаммаллик тимсоли сифатида қарайди. Бунда эса нақшбандия тариқати ўрни ва мавқеи жиҳатидан алоҳида эътироф этилади.”, – деди туркиялик олим.

Семинар давомида профессор Неждат Тосун Туркия кутубхоналарида Нақшбандия ва Яссавия тариқатига оид сақланаётган қўлёзма манбалар, туркиялик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот ишлари ва ушбу тадқиқотлар  натижаси ўлароқ чоп этилган асарлар ҳақида ҳам маълумотлар берди.

Неждат Тосун келгусида ҳам Марказ билан ҳамкорликда семинарлар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …