Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ МОТУРИДИЙ АСАРЛАРИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

ИМОМ МОТУРИДИЙ АСАРЛАРИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорийдир. У киши кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган. Китобларни тасниф этган ва ботил эътиқод соҳибларига раддиялар берган.

Мотуридия таълимотининг машҳур вакили Абул Муин Насафий ўзининг “Табсиратул-адилла” асарида Имом Мотуридий қаламига мансуб айрим асарлар ҳақида маълумот бериб ўтган. Имом Насафий келтирган асарларга қуйидагиларни мисол қилиш мумкин: “Китабу-т-тавҳид”, “Таъвилотул Қуръон”, “Китабу-л-мақолат”, “Китаб радди-л-авоили-л-адилла ли-л-Каъбий”, “Китаб баён ваҳми-л-муътазила”, “Радду усули-л-хомса ли-Аби Умар ал-Бохилий”, “Шарҳу-л-жомиъи-с-сағир”, “Китабу-л-жадал фи-усули-л-фиқҳ”, “Маъхозу-ш-шароиъ фи-усули-л-фиқҳ” ва ҳ.к.

Уламолар Имом Мотуридийни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганларини баён қилганлар. Улар: тафсир, усулул фиқҳ ва ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвилотул Қуръон” номли улкан тафсир ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади. Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” номли асари тафсир илмининг “тафсиру би-л-маъсур” ва “тафсиру би-р-раъй” йўналишлари ўртасини жамлаган ҳолда ёзилган асардир.  Саккиз мужалладдан иборат бу асар Қуръони каримнинг тафсири бўлиб, унда асосан, исломий ақидага нисбатан турли қарашлар баён этилиб, мотуридия ақидаси асосида уларга баҳо берилган. Тафсирни Имом Мотуридийнинг шоҳ асари деб аташ мумкин. Унинг қўлёзма нусхалари Миср, Макка, Дамашқ, Ҳиндистон, Туркия ва Тошкент кутубхоналарида сақланмоқда. Тошкент нусхалари тақрибан 700 йил бурун кўчирилган.

Имом Мотуридий ўзининг “Таъвилотул Қуръон” номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб қувватлаган[1].

Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” асарининг бошқа бир номи “Таъвилоту аҳли сунна” деб номланади. Имом Мотуридий бу асарида сунний ақидага таъвилда зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. Бу асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 5126 рақами билан сақланади. 1971 йил Қоҳирада Иброҳим Муҳаммад Авадайн ва Саййид Муҳаммад Авадайнлар китобнинг бир қисмини тадқиқ этганлар ва “Фотиҳа” сурасидан “Бақара” сурасининг ярмигача нашр қилганлар[2]. 1983 йил Бағдодда устоз Муҳаммад Мустафизурроҳман бу китобнинг бир қисмини тадқиқ этган ва “Фотиҳа” сурасидан “Бақара” сурасининг охиригача нашр қилган. Имом Мотуридийнинг бу биргина асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган. Шулардан бири Абул Муин Насафийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳу таъвилотил Қуръон” деб номланиб, Шарқшунослик институти фондида бу асарни иккита нусхаси сақланади. Мазкур шарҳнинг бир нодир қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси, Мадина бўлимида 179 рақам билан сақланади. Алоуддин Самарқандий бу асарни устози Абул Муин Насафийнинг “Таъвилотул Қуръон” китобидан дарс бериш жараёнида ёзиб борган.

Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” ёки “Таъвилоту аҳли сунна” номи билан танилган бу тафсири мотуридия таълимотида маълум ва машҳур бўлиб, мотуридия уламолари наздида бошқа бирор аввалги ва кeйинги тафсирлар унга тeнглаша олмаган. “Кашфу-з-зунун ан-асомил кутуби ва-л-фунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвилотул Қуръон” тафсири ҳақида: “У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”, деб ёзади.

Мазкур китоб бизга тўлиқ ҳолда eтиб кeлган бўлиб, дунёнинг кўплаб қўлёзма фондларида нодир қўлёзма нусхалари мавжуд. Ушбу асарнинг энг қадимий нусхаси Маккадаги “Мактабат ал-Ҳарам ал-маккий” кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланади. Мазкур асар бўйича бир неча бор тадқиқот ишлари олиб борилган ва нашр этилган.

Ҳожи Халифа “Кашфу-з-зунун” асарида “Таъвилот ал-Мотуридий фи баён усул ас-сунна ва усул ат-тавҳид” номли китоб ҳақида маълумот бериб ўтган. Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, ушбу китоб Имом Мотуридийнинг бошқа китоблари орасида тили ва услуби жиҳатидан энг енгил асар ҳисоблангани сабабли мотуридия уламоларининг асосий манбаи ҳисобланган ва уни мотуридия олими Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандий саккиз жилдда жамлаган[3]. Бу шарҳ қўлёзмаси ҳануз чоп этилмаган.

Лекин мазкур китобнинг бир нусхаси Ҳиндистондаги Xудобахш номли кутубхонада 294 рақам остида сақланади. Ушбу манба билан доктор Айюб Али тадқиқот олиб борган ва ушбу китоб Алоуддин Самарқандий томонидан Мотуридийнинг тафсирига ёзилган шарҳдир, деган хулосага келган[4].

Имом Мотуридийнинг мазкур тафсири ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Бунга мотуридия уламоси Абул Муин Насафий “Табсиратул-адилла” асарида айтган қуйидаги сўзларини мисол келтириш мумкин: “Имом Мотуридийнинг Қуръонга ёзган тафсири барча ноаниқликларни очиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳали қора булутларни хайдовчи ҳамда ниҳоятда балиғ васф ила ёзилган асардир. Аллоҳ шундай китобни ёзган зотга ўз саломини йўлласин”[5].

“Таъвилотул Қуръон” китоби бангладешлик олим А.А. Раҳмон томонидан 1981 йил янги қўшимчалар билан тўлиқ нашр қилинган[6].

2004 йил Байрутда “Таъвилотул Қуръон” китобини устоз Фотима Юсуф Хоймий тадқиқ қилиб беш жилдда нашр этган.

“Таъвилотул Қуръон” китоби 2005 йил Байрутдаги “Дорул кутуби-л-илмия” нашриётида иккинчи маротаба устоз доктор Маждий Босалум томонидан тадқиқ қилиниб ўн жилдда ва 6230 бетда нашр этилган. Муҳаққиқ китобнинг биринчи жилдида беш бобдан иборат, 348 саҳифа муқаддима ёзган. Муқаддимада бу китобнинг ёзилиши ҳақида батафсил маълумотлар келтирган.

“Таъвилотул Қуръон” китоби 2009 йил турк олими доктор Бекир Тўпалўғли томонидан иккинчи маротаба ўн саккиз жилдда нашр этилди.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро, бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар. 

Имом Мотуридий ақоид йўналиши бўйича ҳам кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар. Улар: мақолалар, раддиялар ва Аллоҳ таолога имон келтириш асослари.

Имом Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолат” (Мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолат” номли асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Куприлий” кутубхонасида 856 рақам остида сақланмоқда. 

Раддиялар ҳақида ҳам кўплаб асарлар ёзилган. Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қарашларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридий “Баяну ваҳми-л-муътазила” (Муътазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Родду ала-л-қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.

Имом Мотуридийнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

– Абу Муҳаммад Боҳилий муътазилийнинг “Усулу-л-хомса” (бешта асос) номли китобига “Родду усули-л-хомса” (“бешта асос” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Таҳзийбу-л-жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) номли китобига “Родду таҳзийби-л-жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Ваъийду-л-фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) номли китобига “Родду Ваъийди-л-фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Аваилу-л-адилла” (Дастлабки далиллар) номли китобига “Родду аваили-л-адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) номли асарлар ёзган.

Имом Мотуридий Аллоҳ таолога имон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Чунки ушбу асарда унинг калом илмидаги ақидавий қарашлари ўз аксини топган. Яна бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шу туфайли “Тавҳид” асари мотуридия таълимотини билишдаги энг асосий манба сифатида эътироф этилган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” ва Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади. Имом Мотуридий ўзларининг бу асарларида мутакаллимлар услуби ила аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилганлар.

Имом Мотуридий “Тавҳид” асарида бир неча фаслларни мажусийлар, зиндиқлар, даҳрийлар, суфустоийлар ва бошқаларнинг эътиқодлари ботил эканини баён қилишга бағишлаган[7].

“Тавҳид”ни мотуридия уламолари орасида биринчилардан бўлиб, Абул Йуср Паздавий “Усулуд-дин” асарида ва Абул Муин Насафий “Табсиратул-адилла” асарида таъкидлаб ўтганлар ҳамда ундан иқтибослар келтирганлар.

“Тавҳид” асари бир неча бор нашр этилган бўлиб, асарнинг биринчи нашри 1970 йил Байрутда “Дорул-машриқ” нашриётида Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан 412 саҳифада амалга оширилган. Фатҳуллоҳ Хулайф ушбу нашрни амалга оширишда Англиянинг Кембриж университети кутубхонасида сақланаётган қўлёзмадан фойдаланган. Кейинчалик Фатҳуллоҳ Хулайф нашри Туркиянинг Анқара шаҳрида қайта амалга оширилди.

“Тавҳид” асарининг мазмунига тўхталадиган бўлсак, ўз даврида ушбу асарга турлича муносабатлар билдирилган. Чунки асарнинг тили ва маънолари ниҳоятда мураккаб ҳолда ёзилган эди. Шунинг учун кейинчалик мадрасаларда ақоид илмини ўқитишда ушбу асардан фойдаланилмаган. Балки, унинг мазмунини акс эттирган бошқа асарлардан фойдаланилган.

Асарнинг қийин тилда, мантиқ илмига асосланган ҳолда ёзилгани боис, уни кўплаб олимлар, ҳатто мотуридия уламолари ҳам танқид остига олганлар. Лекин бирортаси Мотуридийнинг асардаги ақидавий қарашларига эътироз билдирмаган. Абул Муин Насафий Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” номли китобларига асосланиб шогирдларига дарслар ўтган. Ушбу дарслар мобайнида “Табсиратул-адилла” китоби таълиф этилди. Ушбу китобни “Тавҳид” китобига шарҳ десак ҳам бўлади. Зеро, бу китобда “Тавҳид”да ёзилган оддий халқ учун нотаниш баъзи сўзлар шарҳланган. Абул Муин Насафийнинг ушбу ҳаракати натижасида замонамизнинг айрим шарқшунослари уни мотуридия таълимотининг ёритиб берувчиси деб атаганлар. Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари ҳозирги кунда ҳам калом илмини ўрганишда асосий манба ҳисобланади. Бу асарни ўрганишимиз, тадқиқ қилишимиз ва халқимизни бу бебаҳо илмий меросдан баҳраманд қилишимиз бугунги куннинг талабидир.

А. Шоназаров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар”. – Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2011. – Б. 66.
[2] Аҳмад ибн Авазуллоҳ ибн Дохил Ҳазбий. “ал-Мотуридия диросатан ва тақвиман”. – Риёз: Дору-с-самий, 2000. – Б. 110.
[3] Ҳожи Халифа. “Кашфу-з-зунун ан-асоми-л-кутуб ва-л-фунун”. 2 жилдли. – Истанбул. Ж. 1. Б. 336.
[4] Аҳмад ибн Авазуллоҳ ибн Дохил Ҳазбий. “ал-Мотуридия диросатан ва тақвиман”. – Риёз: Дору-с-самий, 2000. – Б. 110.
[5] Абул Муин Насафий. “Табсиратул-адилла”: 2 жилдли / К. Салома нашри. – Дамашқ: 1990-1993. – Ж. 1. Б. 359.
[6] Шовосил Зиёдов. “Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-таъвилот” асари”. – Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриёти, 2009. – Б. 48.
 [7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар”. – Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2011. – Б. 70.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …