Home / ЯНГИЛИКЛАР / Н.ОТАБЕКОВ: «Коронавирус ер юзидан йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади…»

Н.ОТАБЕКОВ: «Коронавирус ер юзидан йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади…»

Кун қаҳрамони 
 
Ҳамкасбларимдан бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг телевидение орқали кунлик баёнот бериб боришини Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги машҳур диктор Юрий Левитан чиқишларига ўхшатди. Дарҳақиқат, шу кунларда халқимиз яхши хабарга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Худди Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги сингари. 
 
Нурмат Отабековнинг телевидениедаги расмий ахборотларини илинж билан кутадиган халқимиз учун бугунги кун қаҳрамони билан тезкор ахборот тўплаш, эфирга тайёргарлик жараёнлари ва шунга ўхшаш сизни қизиқтирадиган бир қанча масалалар юзасидан суҳбат уюштирдик. 
 
– Халқимиз оммавий ахборот воситаларидаги ҳар бир чиқишингизни бироз ҳадик, аммо интизорлик билан кутадиган бўлди. Қайсидир маънода мамлакатимиздаги эпидемик вазият билан боғлиқ ахборот маконини бошқараётгандексиз. Сиз янги маълумотлар тақдим этишингиз билан ижтимоий тармоқлар “портлаб” кетади… 
 
– Коронавирус пандемияси бошлангунга қадар қарийб 35 йил мобайнида, аниқроғи, 1987 йилдан бошлаб телевидениеда турли мавзуларда интервью беришни бошлаганман. Асосан юқумли касалликларни даволаш усуллари, профилактикаси каби мавзуларда 4 мингга яқин чиқиш қилганман. 2020 йилнинг 15 мартида коронавирус касаллиги бўйича республикадаги вазиятни ўз ичига олган кунлик ахборотни кенг жамоатчиликка етказиш менинг зиммамга юкланганини айтишди. Якшанба куни эди. Мен ишхонада ҳужжатлар билан ишлаб ўтиргандим. Тезда ҳайдовчимни уйга юбориб, оқ кўйлак, галстук ва костюмимни олиб келишни тайинладим. Ўзим эса санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги маъмуриятига кириб (биз бир бинода жойлашганмиз) кундалик маълумотларни ким менга бериб туриши, тақдим этиладиган маълумотларнинг тўлалиги ва қанча вақт оралиғида маълумотларни янгилаб бериши ҳақида келишиб олдим. Дастлабки кунларда маълумот тўплашда бирмунча қийинчиликлар бўлди. Кейинчалик эса изига тушиб кетди. Маълумотни мен санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигидан бир кунда асосан икки маротаба – эрталаб 7:00 ва 15:00 да оламан. Бундан ташқари бир кунда икки маротаба – 8:00 ва 24:00 да Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошидаги ташкилотлараро штабдан маълумот оламан. Бундан ташқари “koronavirus info” телеграм каналидаги маълумотлар билан танишаман. Бир кунда 100 маротаба маълумотларни очиб кўраман, интернет маълумотларини ўқиб чиқаман, десам ёлғон бўлмайди. 
 
Масъулият юки – бу энг оғир юк. Касаллик аниқланган дастлабки кунларда халқимиз коронавирус ҳақидаги статистик рақамларга кўп ҳам эътибор қилмаган бўлиши мумкин. Лекин вақт ўтиши билан кузатишни бошлади, эфир вақтини аниқ билиб олишиб, айнан “O‘zbekiston-24” каналини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги брифингларни кузатиб борувчилар сафи кескин ортди. 
 
Эфирга чиқиб ахборот беришдан аввал, асосий ахборот матнини ва статистик рақамларни тўлиқ ёдлаб оламан, эфир якунида айтиладиган фикрлар эса ўзи қуйилиб келаверади. Энг қийин ҳолат шуки, сизни ким томоша қилиб турганини билмаган ҳолда, имкон қадар уларнинг ҳар бирига тушунарли қилиб маълумотни етказишингиз керак. Албатта, вақт ўтиши билан вазиятга қараб ахборот шаклан ўзгариб боради, нималарнидир қўшиш кераклиги тўғрисида тавсия ва кўрсатмалар бўлиши мумкин. Лекин ёқимли ижобий рақамларни айтгинг ва сени тинглаб томоша қилиб турган халқнинг кўнглини кўтаргинг келади. Бироқ наилож, куннинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу… 
 
– Халқимизда “карантин тугагач нима қиламиз, ҳаёт тарзимиз аввалгидек хотиржам давом этадими”, сингари саволлар туғиляпти. Касаллик сизнингча, ер юзидан умуман йўқ бўлиб кетадими? Вакцина топилгунига қадар, хусусан келгуси бир-икки йилликда бизни нималар кутяпти, карантин тугагач юртимизда эпидемиологик вазият қандай бўлади? 
 
– Биринчидан карантин тугагач ҳам ҳаёт давом этади. Яна жўшқин ҳаёт: оила-аъзоларининг ризқини териш учун югуриб-елишлар, фарзандлар, набира қилиқларини кўриш истаги, тўй-томошалар, чекловлар сабаб бир муддат ўтказилмай қолган тадбирлар ўтказилади ҳамда изига тушиб олгунча дастлаб тез, кейин бир маромда сокинлик билан давом этади. Коронавирус ер юзидан мутлоқ йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади. Назаримда вакцина ишлаб чиқилгунга қадар биз уни енгиб бўламиз. Балким, умуман вакцинани ишлатишга эҳтиёж қолмас, яна билмадим. “Ўзимизники” деганим – бу грипп, парагрипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (реновирус, реовирус ва б.қ.) сингари коронавирус одамларда учраб турадиган яна бир респиратор касалликга айланади. Нега бундай деяпман? Негаки, вирус ўта инжиқ эмас, 90 фоизга яқин ҳолатларда касаллик енгил ва симптомсиз (клиник белгиларсиз) кечади, фақат 5-6 фоиз ҳолатларда оғир кечиши мумкин (грипп ва ўткир респиратор касалликларида ҳам шундай). Агар даволаш эрта бошланса самара ўта юқори бўлиши мумкин, энг асосийси, оддий гигиена қоидаларига риоя этиш орқали касаллик юқишидан тўлиқ ҳимояланиш мумкин. 
 
– Расмий чиқишларингизда айтиб ўтганингиздек, хитойлик мутахассислар мамлакатимизга келиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Аммо ижтимоий тармоқларда уларнинг юртимизга келишидан хавфсираган, “бу иш тўғри бўлмади-да”, деган фикрлар ҳам билдирилди… 
 
– Халқимизда “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, деган ажойиб мақол бор. Кўтарган саволингизнинг жавоби шу ерда яширинган. Биз коронавирусни шу пайтга қадар кўрмагандик, билмасдик, танимасдик. Хитойликлар эса ушбу касалликни нафақат кўрди, балки енгди ҳам. Назаримда, Ўзбекистон ўта тўғри йўлни танлади: касаллик кириб келиши эҳтимолига тайёргалик кўрди, мутахассисларни тайёргарликдан ўтказди, юқумли касалликлар муассасаларида шифо ўринларини тайёрлаб қўйди, эҳтиёжга қараб қайси тиббий муассасанинг йўналишини (профилини) ўзгартириш мумкинлиги бўйича захира режасини ишлаб чиқди. Рўйхатга олинган касалликни яширмади. Дарҳол даволаш-диагностика жараёнига дунё ҳамжамиятининг энг илғор усуллари татбиқ қилинди. Зудлик билан халқаро даражадаги нуфузли тиббиёт марказлари билан телекўприклар яратилиб, телемаслаҳат, телемулоқот йўлга қўйилди. Жанубий Корея ва Хитойдан мутахассисларнинг юртимизга келиши ва маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликдаги фаолияти таъминланди. Натижаларини эса кўриб турибсиз: бугунги кунга қадар рўйхатга олинган беморларнинг 600 дан зиёди – 33 фоизи соғайди. 
 
Ўзбекистон коронавирус пандемиясини енгиш учун нима қилиш керак бўлса барчасини қилди. Ўйлайманки, албатта бу оламшумул ишларнинг ижобий натижаси бўлади. 
Манба:ЎзА

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …