Home / МАҚОЛАЛАР / Алишер Навоий ижодида антик давр юнон файласуфлари

Алишер Навоий ижодида антик давр юнон файласуфлари

Ижод ва изланишлари қамрови ниҳоятда кенг, мавзу ва ёндашувлари ғоят ранг-баранг бўлган Ҳазрат Навоий ўз асарларида антик давр файласуфларини ҳам қаламга олади, уларнинг илмий жасоратини баён этади. Қомусий олим сифатида буюк мутафаккир бобомиз антик даврда яшаб ўтган уламоларнинг илму-ҳунарлари, машғул бўлган фан ва ихтироларидан, улар тўғрисидаги адабиётлардан яхши воқиф бўлган.

Жумладан:

“…Ки айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,

Алардин ҳар бир Афлотунға ҳамаҳд.

маснавийси бу фикрнинг ёрқин далили бўла олади. Арабий, форсий ва эски туркий манбаларда учрайдиган Афлотун исми антик давр олими Платонга тегишли эканини яхши биламиз. Алишер Навоий уни сифатлаб, бундай мисраларни келтиради:

“Сипеҳр аҳволининг соҳиб вуқуфи,

Жаҳоннинг корбанду файласуфи.”

Ушбу сўзларни қуйидагича ифода этса бўлади: Ер юзи аҳволини биладиган киши, жамиятшунос ва фалсафа билан машғул бўлган дунёдаги етакчи файласуф.

Дарҳақиқат, милоддан аввалги 427-347 йилларда Афинада яшаб ўтган Платон асосий субстанциялар, сиёсат, давлат тузилиши ва бошқарувчи масалалари ҳақидаги асарлари билан машҳур.

Алишер Навоий ижоди билан танишган киши унинг антик давр файласуфларига катта қизиқиши ва юксак ҳурмат-эҳтиромидан дарак берувчи мисраларни кўп учратади. “Хамса” туркумига кирувчи “Фарҳод ва Ширин” достонининг турли бобларига тааллуқли мана бу маснавийларга диққат қилинг:

Черик солғай Хитоу мулки Чинға,

Юруб чеккай сипаҳ Юнон заминға…

…Киши Юнон сори бормоқ керактур,

Инон ул тоққа бошқормоқ керактур.

…Эрур ғор ичра Суқроти ягона,

Дема Суқрот, Буқроти замона.

…Дегайсен ул маҳалким, килки таҳрир

Чекиб ул тўрт қасрим қилди тасвир:

Бири Юнонға маркаб сурганимни,

Қилиб разм, аждаҳо ўлтурганимни.

Ҳазрат ҳатто “Юнон мулки” тўғрисидаги ўз тасвирларини достон бобларидан бирининг сарлавҳаси даражасига қадар кўтаради:

“XX боб.

Фарҳод била Юнон мулкига черик тортиб борурни муқаррар қилғони…”

Шу достоннинг ўзидаги –

…Киши Юнон сори бормоқ керактур,

Инон ул тоққа бошқормоқ керактур.

…Эрур ғор ичра Суқроти ягона,

Дема Суқрот, Буқроти замона…

мисраларига эътибор берайлик. Бу ерда забардаст файласуф Суқрот (яъни Сократ) тилга олиняпти. Ҳақиқатан ҳам у ўз замонасининг энг буюк донишманди эди. Эрамиздан аввалги 470-399 йилларда яшаб ўтган бу юнон файласуфи софистларнинг ғояларини танқид қилган ва ёшлар тарбияси масалаларини тарғиб этган.

Маълум бўладики, Алишер Навоий Суқротни ҳам яхши билган, унинг фалсафий ғоялари ҳақида муайян тасаввурга эга бўлган.

Ҳазрат тарихий воқеликларга бадиий либос кийгизади, уларни ўз илҳом ёғдуси ва ижодий қудрати ёрдамида барча ранглари, манзаралари, сурат ва сийратлари билан тасвирлайди.

Учинч Искандари Румий тилисмин

Ки очтим тенг қилиб ер бирла жисмин.

Бўлуб тўртунч Арастуға рақамкаш,

Ки ғори ичра кирдим аждаҳоваш.

Шарқда Арасту деб ном олган, барчага яхши маълум Аристотель ҳақида сўз бормоқда. Алишер Навоий ўз тасвирларининг янада ишончли бўлиши учун Арастуни ёдга келтиради ва бу ёрқин сиймони атайлаб, бошқа тарихий шахслардан ажратган ҳолда, энг кейинги навбатда, яъни барчадан холи тарзда – демакки, буюклигини алоҳида кўрсатмоқ наздида энг сўнгда тилга олади.

Яна юқоридаги каби хулосага келиш мумкин: Ҳазрат Арасту тўғрисидаги тарихий далиллардан яхши воқиф бўлган. Милоддан аввалги 384-322 йилларда яшаб ўтган, қадимги юнон фалсафаси ва фани тараққиётида янги давр яратган бу мутафаккирни тузук билмаганида, ўз асарларида унинг номини келтирмаган бўлар эди.

Бинобарин, ўзидан олдин ўтган юзлаб каттаю кичик салтанат соҳиблари, буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар шажараларини такомилига етказиб ўрганган ва тарих саҳифаларига рақам қилган Алишер Навоийдек валий зот қадимги антик даврни, унинг номи ўчмас улуғ шахсларини, ҳатто ҳаёт тарзини ҳам яхши билгани табиийдир.

Бунинг тасдиғи сифатида “Хамса”даги яна бир асарга – “Садди Искандарий” достонига мурожаат қилайлик:

“Етти ҳакимнинг Cкандар онасиға азо еткургали келмаклари…”

…Алар чунки бир лаҳза топиб сукун,

Филотун деди борчасидин бурун…

…Тугатгач Филотун доно паём,

Аён қилди Суқрот мундоқ калом…

…Туганди чу Суқротнинг ҳикмати,

Етишти Балиноснинг навбати…

 .. Балинос чун сўзни қилди адо,

Яна этти Буқрот сўз ибтидо.

…Чу Буқрот ҳарфиға итмом эди,

Дуо бирла донанда Хурмус деди…

…Чу Хурмус деди сўз, бўлуб хокбўс,

Равон бошлади нукта Фарфунюс.

…Чу Фарфунюс этти иршодини

Арасту қилиб нукта бунёдини…

Бу ерда антик давр воқелиги ижодкор тасаввурида қайта жилоланяпти.

Алишер Навоийдек ўзини ижтимоий масъул ижодкор санаган шахснинг фаоллик ва изланувчанлик, ташналик ва фидойилик манбалари, кенг қамровлиликка интилиши Ҳазратнинг илмий-маърифий ва маънавий соҳалардаги шахсий ва ижтимоий эҳтиёжлари кўлами қанчалик ҳадлаб бўлмас даражада эканидан дарак беради.

О.Ю.Рустамов,
Филология фанлари номзоди, доцент
ИБХИТМ бўлими бошлиғи
Н.О.Юсупов,
СамДЧТИ магистри,
ИБХИТМ илмий ходими

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ КЕНГ ТАРҚАЛИШИГА АСОС БЎЛГАН НУСХАЛАР

Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари етиб бормаган макон йўқ. Имом Бухорийнинг ҳадис …