Home / МАҚОЛАЛАР / Ниятни яхши қилайлик

Ниятни яхши қилайлик

Тўғриси, кейинги кунларда бўлаётган гап-сўзларни эшитиб, одамларнинг ўзини тутишини кўриб, чидаб туролмадим. Кўнглимдан кечаётганларни ёзишга мажбур бўлдим.

Гап шундаки, мамлакатимизда коронавирус қайд этилиши билан ҳукумат томонидан аҳолини бу пандемиядан асраш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Авиарейслар тўхтатилмоқда, чегараларда назорат кучайтирилди. Барча таълим муассасаларида 16 мартдан таътил эълон қилинди.

Ҳатто, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни жаноза намозларини вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқишни, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон айтилса-да, жамоат бўлиб намоз ўқимай туришни, карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилишини сўрамоқда.

Ана шундай синовли дамларда, яъни ҳамжиҳат бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлган бир паллада, одамларнинг фақат ўзим бўлай, менда бўлсин деган эгаистик ҳаракат билан бозор ва дўконлардаги озиқ-овқат талашиши, эртага очарчилик бўлаётгандек очкўзлик қилиши мени ҳайратга солди.

Одамлар захира қилиш учун ҳаддан зиёд нарсаларни кучлари етганча харид қилишга уринмоқда. Нима эмиш, эртага бу маҳсулотлар тақчиллиги, нархи кўтарилиб кетиши рўй бериши мумкин экан. Бундай шароитда қалбимизда иймон бўлса, у бутун бўлса, нима учун ҳаммага келган “тўйда” фақат мен бўлишим керак, деган ақида билан яшаяпмиз? Қани инсоф, диёнат, бир-биримизга биродарлик? Мусулмон мусулмонга биродар ва дўст бўлиши керакку?! Агар тақчиллик бўлса, “фақат менинг қорним тўқ бўлса бас, қолгани нима бўлса бўлаверсин”, демоқчими улар?

Эртага қимматлашиб кетади, деган хавотир билан бировлар кўпроқ маҳсулот сотиб олса, бундай пайтдан фойдаланиш керак, деб ноинсоф сотувчи нархни оширса, дўконларини ёпиб қўйса, бу иймонли кишининг иши бўладими? Агар маҳсулот кам бўлиб қолган тақдирда ҳам бошқаларни ҳам ўйлаб, тежамлироқ бўлишимиз, камроқ харид қилишимиз керак эмасми?

Ноинсоф тадбиркорларга жуда ачиндим. Улар озгина фойда қиламан, деб дини, диёнатини пулга алмаштириб, келиб турган баракага ҳам болта ураётганлигини наҳотки, билмаса? Тадбиркорлик – касб. У ҳалол бўлгандагина фойда келтиради, бировнинг ҳожатини чиқарганлиги учун ҳам савоб, ҳам фойда олади. Аммо ғирромликдан фойда олиб бўлмайди, олганда ҳам унинг баракаси бўлмайди ёки буюрмайди.

Азизлар, ўзимизга бир қарайлик: биз киммиз, нима қиляпмиз? Келаётган балолар, офатлар одатда одамларнинг ниятига ва феълига яраша бўлади. Феълимиз кетмасин, ниятимиз қайтмасин!

Манба:zarnews.uz
Мамаюнус ПАРДАЕВ,
СамИСИ профессори.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …