Home / МАҚОЛАЛАР / Жамоат – раҳматдир, фирқаларга бўлиниш – залолатдир

Жамоат – раҳматдир, фирқаларга бўлиниш – залолатдир

Маълумки, муқаддас ислом дини ўз номи билан тинчлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик динидир. Адоват, ихтилоф ва тарафкашликнинг ҳар қандай кўриниши динимизга зиддир. Ислом динимиз асоси бўлган Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримда, Аллоҳ таоло ўз бандаларини бирдамликка, ҳамкорликка чақириб, инсонлар ўртасида низо, келишмовчиликлар чиқариб, фирқаларга бўлинишликдан қайтаради. Бу ҳақида Оли Имрон сурасининг 103-оятида марҳамат қилиб:

Яъни: “Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…” дейди.

Аввалда яшаб ўтган қавмлар, дин кишилари ҳам турли фирқаларга бўлиниб, ўзаро ихтилоф ва адоватлар чиқарганлари учун ҳам Аллоҳ таоло бизларни уларга ўхшаб қолмаслигимизга яна амр қилиб Оли Имрон сурасининг 105-оятида:

Яъни “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир”, деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзининг кўплаб ҳадиси шарифларида биз умматларини биродар бўлиб, биров-бировмизга ҳеч ҳам озор етказмай яшашга буюрганлар. Видолашув ҳажидаги қилган хутбаларида мусулмонларни бир-бирлари билан дўсту биродар бўлиб яшашга ундаб, ўзаро адоват қилмасликка, бир-бирларига қарши қурол кўтармасликка васият қилганлар. Агар биз ўзларимизни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг чин уммати деб билсак, Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларидан, васиятларидан четга чиқмаслигимиз лозим. Шоядки шунда, У зот соллалоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан насибадор бўлсак. Маълумки ҳозирги кунда ҳам, мўмин-мусулмонларнинг ўртасига кириб, мўмин-мусулмонларнинг бирдамлигига футур етказадиган, турли фитна, низо, ихтилоф чиқарадиган, бузғунчи тоифалар, ва фирқаларнинг ақидаларини тарғиб қилувчи айрим инсонлар, яъни дин душманлари борлиги ачинарли ҳолатдир. Ана шундай пайтда биз нима қилишимиз лозим? –деган саволга, – бизнинг диёрларда ота-боболаримиз қадимдан амал қилиб келаётган Аҳли сунна вал жамоадаги ақида бўйича Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг тутган йўллари ва мазҳаби, ва шу билан бирга, фиқҳда, тўрт мўътабар мазҳаб ичида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби асосида, бундан буёғига ҳам барча эътиқодий ва фиқҳий масалаларда чалғимасдан амал қилишимиз лозим бўлади. Чунки, ҳар биримизда эътиқодий ва фиқҳий савол пайдо бўладиган бўлса, бу икки мазҳаб тутган йўлларини давом эткизувчи минглаб, олимларнинг асарлари орқали шу икки мазҳаб асосида жавобларни топишимиз мумкин ва осон. Сабаби бу икки мазҳаб, диёримизда кенг ёйилгандир, ҳатто тўлиқ десак ҳам тўғри бўлади.

 Ана энди бизлар яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар, тоифалар кўпайган пайтда, мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай деб марҳамат қилганларини англаб етиб, амал қилмоғимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ«

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари). Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари, ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ҳидоят йўлидан, ақидада адашишликдан, турли фирқаларга бўлинишликдан паноҳида асрасин! 

Я. Жумамуратов
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ
масжиди имом-хатиби

Check Also

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи) Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва …