Home / МАҚОЛАЛАР / Муқаддас ислом динимизда табиатга муносабат

Муқаддас ислом динимизда табиатга муносабат

  Муқаддас ислом динимиз таълимотларида ўсимликлар ва ҳайвонларга, атроф–муҳит ва табиатга муносабат борасида батафсил келтириб ўтилган ва буларнинг барчасини Аллоҳ таоло инсон зоти учун яратган.

  Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратиб, ва унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилганлигини Ўзининг муқаддас илоҳий каломи Қуръони Каримда Исро сурасининг 70-оятида марҳамат қилиб баён қилганки: яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. Демак, дунёдаги барча нарсалар, инсон манфаати учун яратилганлиги бу ояти каримадан маълум бўлиб турибди. Шу билан бирга тупроқ, сув, ҳаво, ва бошқа нарсаларни тоза тутиш ва уларни ифлослантирувчи ва зарар берувчи нарсалардан сақлашлик ҳам динимизнинг қатъий буйруғидир.

Ҳозир айни баҳор кунлари ва бу кунларни ғанимат билиб, ҳар биримиз оиламизга, маҳалламизга ташаббус билан чиқиб, теварак-ён-атрофимизни, яъни атроф-муҳитни обод қилишга, ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Экиш имконияти бўлган, яъни бўш ерларга мевали, манзарали дарахтлар экиб, она Ватанимизни янада кўкаламзор қилиш, гуллаб яшнашига ўз ҳиссамизни қўшиб, номаи аъмолимизга савобларни кўпайтириб қолишимиз лозим. Чунки, биз ўтқазган кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради ва бу ҳақида Қуръони Каримда жуда кўп оятлар далолат қилади. Хусусан, Аллоҳ атоло Жумъа сурасининг 1-оятида: Яъни “Осмонлардаги ва Ердаги (бор) нарса (мутлақ) подшоҳ, (нуқсонлардан) пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур” – деб марҳамат қилган. Демак, уларнинг Аллоҳга айтган тасбеҳ ва зикрлари уларни (мевали ва манзарали дахтларни) эккан ва парвариш қилган кишиларнинг номаи аъмолига (яъни амал дафтарига) ёзилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзининг муборак ҳадиси шарифларида ҳам марҳамат қилганки: яъни “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат экса ёки ерга бирор уруғ экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёки бирор ҳайвон еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади””- деб марҳамат қилдилар. Имом Бухорий ривояти.

Энди ўз навбатида атроф–муҳитга қўпол муносабатда бўлишни ҳам динимиз манъ қилган. Бу ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар бор. Бу ҳақида Аллоҳ атоло Бақара сурасининг 205-оятида: Яъни: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” деб марҳамат қилганлар. Экин ва ўсимликларни пайҳон қилиш, жонивор ва ҳайвонларни бекордан-бекорга ўлдириш ушбу оятда бузғунчилик ва фасод эканлиги уқтирилмоқда. Атроф- муҳитни тоза, пок сақлашлик эса, сизу-бизнинг бурчимиз ва шу орқали Аллоҳнинг муҳаббатига эришамиз иншааллоҳ. Чунки, бу ҳақида ҳам кўплаб оят ва ҳадислар бор. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони Каримда сизу бизни тозаликка, покликка ундаб, Бақара сурасининг 222-оятида марҳамат қилганки: Яъни: “…Албатта Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” – деб марҳамат қилганлар. Бу ояти каримада ҳам, Аллоҳ таолога чин тавба қилувчиларни зикр қилишлик билан бирга, покланиб юрувчи, тозаликка риоя қилувчи яъни, моддий ва маънавий кирлардан покланувчилар Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари эканлигини уқтирмоқда. Яшайдиган жойимизни, ўзимизни, баданимизни атроф-муҳитни тоза сақлашлигимиз ҳам ушбу оятда мақталган тозаликка риоя қилувчилар сифатига киради иншааллоҳ. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи ҳидоят, тўғри йўлда бўлишимизни ва бошқаларга ҳам манфаат етказувчи солиҳ бандаларидан бўлишимишни насиб қилсин.

Яқуб Жумамуратов,
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Check Also

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи) Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва …