Home / МАҚОЛАЛАР / Жаннат оналар оёғи остидадир

Жаннат оналар оёғи остидадир

Тарихдан маълумки, ҳар бир жамиятда ҳар қандай дин ота-онани эъзозлашга даъват этган. Ислом тарихига назар солсак, динимиз ота-оналарга қанчалик ғамхўрлик қилганини кўрамиз. Бирон бир дин ота-онани эҳтиром қилиш ва меҳрибонлик кўрсатишда исломга тенг келолмайди. Ислом тарихининг илк кунларидан бу вазифани мусулмонлар ўзларининг асосий вазифаларидан деб белгилашган.

Ислом шариати ота-оналар зиммасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони карим, суннати набавия ва ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган. Фарзандлар зиммасида ота-онага бўлган бир қанча бурчлари бор. Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомала билан ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари лозим.

Албатта, Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда татбиқ қилиб келинаётган кўпдан-кўп инсоний хислатлар, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлар Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саховат ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқларини ҳам белгилаган ва ҳимоя қилган.

Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт![1]– деган.

Уфф сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Мазкур суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт[2] – деган.

Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.

Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир, фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз, ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан[3].

Аллоҳ таоло китобида ота-онани ҳурмат қилиш, уларга яхшилик қилиш ва шукр қилиш тўғрисида бошқа кўплаб ояти карималар ҳам келган. Шундай экан ота-онани эъзозлаш Аллоҳ таоло тамонидан инсонларга берилган буюруқ ҳисобланади. Ким у буюруққа бўйин эгмаса, Аллоҳга қарши чиққан ҳисобланади. Аллоҳнинг буюруғига итоат этмаслик, катта гуноҳга сабаб бўлади.

Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига бир киши қари бир одам билан келди. Пайғамбар (с.а.в.) унга: “Эй фалончи! Сен билан бирга келган бу киши ким?” – деди. У: отам, – деди. Пайғамбар (с.а.в.): “Унинг олдидан юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳеч ҳам ҳақорат қилма”, – деди. Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз ота-онага ҳар доим эътибор билан қараб, ҳатто юришидан тортиб, ўтириб туришларида ҳам уларга дилхиралик қилмасликка даъват қилганлар.

Бир киши Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Сизнинг ҳузурингизга ҳижрат қилиш ва жиҳод қилишга байъат қилиш учун келдим”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” – деб сўрадилар. У: “Ҳа, иккиси ҳам ҳаётлар”, – деди. Пайғамбар (с.а.в.): “Аллоҳдан ажр олишни истайсанми?” – дедилар. У киши: “Ҳа”, – деди. Пайғамбар (с.а.в.): “Ота-онанг ҳузурига қайтиб бор, кейин улар билан бирга бўлиб, яхшилик қил”, – дедилар[4].

Бу ҳадисдан бизга маълум бўладики, бизнинг ҳаёти дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни ҳурмат-иззатини жойига қўйиб, уларга хизмат қилиб дуоларини олишимиз керак экан.

Мадиримов Мақсудбек
Хазорасп тумани “Хазрати Шайх Муҳаммад Амин” жомеъ масжиди имом хатиби 
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Исро сураси: 23 – оят. мазмуни
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Исро сураси: 24 – оят мазмуни.
[3] http://muslima.uz.
[4] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. “Дор иҳёу-т-туросу-л-арабий” нашриёти. Байрут. 2549-ҳадис.

Check Also

МУҚАДДАС ДИНИМИЗДА ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА ТИРИКЛАРНИ ҚАДРЛАШ ҲАҚИДА

Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, унда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақига …