Home / МАҚОЛАЛАР / Она қалби меҳр билан мунаввардир

Она қалби меҳр билан мунаввардир

Гўзал диёримизга барчамиз соғиниб кутган баҳор нафаси кириб келди. Баҳор тобора кучга кириб, табиат уйғониб бораётган дамда биз баҳор ва аёл сўзларининг нақадар уйғун ва ҳамоҳанг эканини янада чуқур англаймиз. Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидоийлик каби олийжаноб инсоний фазилатларни мужассам этганига яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Аёл-борлиқ кўзгуси. Унинг нафис гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи пок. Барчаларимизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган. Биз меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганимизнинг беқиёс мўжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаффур эта олмаймиз.

Аёл деганда кўз олдимизга энг аввало мўътабар онамиз, қадрли бувижонларимиз, мунис опа-сингилларимиз келади. Уларга қанча эътибор, ғамхўрлик қилсак, қувонтиришга урунсак барибир оздир. Чунки, мана шу аёллар дунёда янгидан-янги чақалоқ йиғиси эшитилишига сабаб бўлаётган зотлардир. Дунёда шундай бир зот борки, уни ҳар куни эъзозласак ҳам, дилларини ҳушнуд қилишга урунсак ҳам унинг ҳаққини адо эта олмаймиз. Бу мўътабар зот- онадир.

Муқаддас ислом динимизда онага яхшилик қилиш борасида жуда кўп буйруқлар ва онани дилини оғритмаслик ҳақида кўпгина қайтариқлар мавжуддир. Биргина мисол келтирамиз.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасининг 23-оятида марҳамат қилиб айтади:

«Роббингиз фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф»дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»

Бу жумланинг «уф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Биринчи маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уф» дема, улар, болам oғиp ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.

«…уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ота-онага яхшилик қилишга кўп бора буюрганлар. Бундан ташқари бир неча ҳадисларда онанинг ҳаққи отанинг ҳаққига қараганда кўпроқ эканини ҳам айтганлар.

Бахз ибн Хакимдан ривоят қилинади:

«Ё, Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?»,-дедим.

«Онангга»,-дедилар.

«Сўнгра кимга?»,-дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Сўнгра кимга?» — дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Сўнгра кимга?» – дедим.

«Отанга ва сўнг яқин бўлган қариндошларингга », – дедилар»

Мана шу ҳадиси шаърифда Расули акрам алайҳиссолату вассалом «Кимга яхшилик қилай?» деб сўраган саҳобийга кетма-кет уч марта «Онангга яхшилик қил» деб туриб, тўртинчисида «Отангга» дейишларидан уламоларимиз ҳукм чиқариб: «Онанинг ҳаққи отаникига нисбатан уч марта юқори туради», дейишади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар қуйидагилардан иборат:

1.Фарзанднинг яхшилик қилишига энг сазовор шахс она экани.

2.Фарзанднинг яхшилик қилишига онадан кейин энг сазовор шахс ота экани.

3.Онанинг ҳаққи отаникидан уч марта кўп экани.

Чунки, она боланинг дунёга келишида, униб-ўсишида жуда катта машаққат чеккан зот бўлади. Хомиладорликнинг барча машаққатларини онанинг ўзи тортади. Кўнгил айниш, беҳол бўлиш, заифлашиш, болани қоринда кўтариб юриш ва шунга ўхшаш бошқа хомиладорликка оид машаққатларга она дучор бўлади. Туғиш машаққатлари, тўлғоқ қийинчиликлари онанинг ўлимни бўйнига олганига далилдир. Баъзи оналар айни туғиш жараёнида ҳалок бўлишларининг ўзи барчага онанинг ҳаққи отаникидан нима учун устун қўйилганини билиб олишга ёрдам бериши керак.

Болани эмизиш, уни ювиб-тараш, кечалари уйқудан қолиб бола учун машаққат тортиш ва шунга ўхшаган ишларнинг барчасини она ўз зиммасига олади.

У шундай бир зотки дуоларида ўзини унутиши мумкин аммо ҳеч қачон фарзандларини унутмайди.

Шу билан бирга, онанинг мунислиги, муштипарлиги, жисм нозиклиги, кўнгил нозиклиги ва бошқа тарафлари ҳам бор. Улар оталарга нисбатан ёрдамга, яхшиликка, иноятга, лутфга, марҳаматга кўпроқ, муҳтожлиги учун ҳам, уларга ортиқроқ, даражада эҳтиром кўрсатиш зарур.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): видолашув хутбаларида умматларини уч нарсадан огоҳ этиб, шундай дедилар:

“Намоз, намоз, намозга диққат қилинг, унга ҳеч ҳам бепарво бўлманг! “Қўл остингиздагиларга кучлари етмайдиган вазифаларни юкламанг! Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинглар, мен бу хусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳаққи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидирлар…”

Пайғамбаримиз (с.а.в.) эътибор қаратиш лозим бўлган асосий уч масаланинг бири бу аёлларнинг ҳаққи ҳусусида Аллоҳдан қўрқиш ва уларни Аллоҳнинг омонати деб асраб авайлаш кераклиги эканини ўз умматларига насиҳат қилмоқдалар. Шундай экан, омонатга содиқ қолиб, аёлларимизнинг турмушини фаровон қилишликка, уларга доимо эътиборли ва муҳаббатли бўлишликка ҳаракат қилишимиз лозимдир.

Бугунги кунда аёлларимиз барча сохаларда эркин ишлаш имкониятига эгадирлар. Хоҳ у маориф бўлсин, хоҳ у саноат соҳаси бўлсин, ёки сиёсий-ижтимоий, тадбиркорлик ва фермерлик соҳаси бўлсин барчасида аёлларимиз меҳнат қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Қисқа қилиб айтганда, бизнинг юрт аёллар қадр топган юрт десак муболаға бўлмайди. Шундай бўлсада, ҳар қандай аёл суюкли ёр, меҳрибон она, файзли хонадон бекаси сифатида ўрни, эъзозини топгандагина ўзини чинакам бахтли ҳис этади. Аёлларимизни мана шундай чинакам бахтга эга бўлишлари учун биз эркаклар ҳам масъулмиз. Зеро аёлларга эҳтиром-бу буюклик рамзидир.

Ёш қизларимиз ўзларининг илм-фандаги ютуқлари билан, аёлларимиз турли соҳадаги меҳнат фаолиятлари билан, мунис онахонларимиз эса узларининг дуолари билан юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун хисса қўшмоқдалар. Мўътабар кекса онахонларимизнинг қилаётган дуолари юртимизни ҳар қандай бало-қазолардан асраётган бўлса ажаб эмас. Чунки оналарнинг қилган дуолари Яратганнинг ҳузурида шаксиз ижобатдир.

Солиев Кенжабек
Чуст туман “Ғойиб Эронлар”жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи) Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва …