Home / МАҚОЛАЛАР / Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи

Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи

Иймон масаласига тарихда турли оқимлар томонидан турлича ёндашилган. Суннийлик йўналиши олимлари томонидан ушбу оқимлар қарашларининг иллатлари кўрсатиб берилиши билан бирга ўзаро жузъий масалаларда унга таъриф бериш ва униннг шартларини баён этишда ихтилоф қилганлар. Умуман ушбу ихтилофлар асосида кишининг мўмин ёки мўмин эмаслги, унга иймон номини мансуб қилиш ёки мансуб қилмаслик масаласи кабилар юзага келган.

Тарихдан маълумки, илк пайдо бўлган фирқа ва оқимлардан хорижийлар биринчи бўлиб, бу масалани бузиб талқин этганлар. Яъни унга кўра улар ўз томонларида бўлмаган мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқариб, ўлдириш ҳалол деган қарашга асосланганлар. Улар гуноҳ ишларни қилган кишини мушрик ва кофирга чиқарганлар ҳамда иймондан чиқишига сабаб бўлувчи амалларга фарзларни бажармасликни ҳам киритиб юборганлар.

Мўътазила оқими эса гуноҳ содир этган мўминни икки манзил ўртасидаги манзилда, яъни мўмин ҳам кофир ҳам эмас балки оралиқ ҳолатида бўлади ва охиратда эса дўзахийдир деган ақидани илгари сурганлар. Бунда улар катта гуноҳларни қилганлар оралиқ ҳолатда бўлади деган қарашни асоссиз равишда келтирганлар.

Мана шундай тарзда ислом оламида диндаги асосий масала бўйича баҳс мунозаралар авж ола бошлади. Мовароуннаҳр ҳам бу тортишувлардан четда қолмади. Сўнг юртимиз олимлари бу борада юзага келган масалаларга ҳанафийликни асос қилиб, турли оқимларнинг нотўғри талқинларига муносиб илмий раддиялар бера бошлади. Жумладан, Имом Мотуридий ўз илмий салоҳияти билан ақидавий масалаларга мукаммал ечимларни берганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Айнан унинг қаламига мансуб асарлар кейинги даврларда турли оқим ва фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қалқон бўлиб, юртимиз уларнинг ғоявий таъсиридан омонликка эришди. Худди шу даврда яшаган суннийлик йўналиши имоми сифатида танилган иккинчи олим – имом Абул-Ҳасан Ашъарий ҳам ақида борасида фаолият кўрсатган. Бироқ унинг ақида масаласидаги мухтасар ёндашуви турли оқимларнинг барча тушунчаларига аниқ раддиялар бермаслигини кузатиш мумкин. Абул-Ҳасан Ашъарийнинг асари кичик ҳажмдаги рисола тарзида юзага келди ҳамда кейинги давр Ашъарийлик олимлари томонидан унинг қарашлари ривожлантирилиб, катта ҳажмли асарлар яратилган.

Имом Мотуридий илмий меросида эса, ўша даврдаги оқимларнинг қарашлари моҳияти, тушунчаларига раддиялар берилиши билан бирга уларнинг қарашларининг юзага келиш ва омилларига ҳам тўхталинади. Натижада ислом оламида суннийлик қарашларининг бошқа оқимларга берган мукаммал раддиялари мажмуаси юзага келади. Олимнинг қарашлари “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот аҳл ас-сунна” асарида ўз аксини топган.

Айнан иймон масаласи бўйича суннийлик йўналиши ишлаб чиққан ақидавий тушунча ҳам мукаммал тарзда Мотуридий ва унинг издошларига тегишлидир. Энг аввало айтиш лозимки, иймон шартига амални киритиш сабабидан мўмин кишининг иймонини кучли ва заиф ёки зиёда ва ноқис бўлиши мумкин деган қарашлар юзага келган ҳамда бу ўз навбатида бирор амални қилмаган ёки гуноҳкор ёхуд гуноҳ содир этган кишиларнинг иймонларини ноқис, заиф, ҳатто кофирга чиқаришига олиб борадиган йўлдир.

Имом Мотуридиий ва мотуридийлик йўналиши уламолари ҳанафийлик анъаналарига мос тарзда, балки ақидавий таълимотни янада ривожлантириб, ҳар томонлама мукаммал тарзда ўз даврларида юзага келган масалаларга жавоб берганлар. Жумладан, улар юқорида зикр этилган иймон ва бошқа ақидавий масалаларни Қуръон ва суннага мос тарзда ечиб, жумладан, иймон шартига амалнинг кирмаслиги, унинг зиёда ва ноқис бўлмаслигини далиллар билан доимо таъкидлаб келдилар. Чунки, қайси бир юртимизда етишиб чиққан соҳа олимларининг асарларини олсак, айнан ушбу масала бўйича якдил қараш, яъни иймон бу – қалб тасдиғи ва тил иқрори эканлиги ҳамда у зиёда ва ноқис бўлмаслиги, ҳар бир қалбида иймони бор киши комил иймон соҳиби эканлиги, амал эса иймондан ташқари нарсалиги таъкидланган.

Аммо бошқа йўналиш ва оқимлар (ҳозирги кунда юзага келган мутаассиб оқимлар ҳам) иймон тил билан иқрор, дил билан ишониш ва амалларни бажаришдир деб таъкидлайдилар. Бу қарашнинг асослари етарли даражада эмаслиги ҳанафийлик олимлари асарларида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг тўғри шарҳлар асосида аниқ исботланган ва шак-шубҳага ўрин қолдирилмаган. Бу борада юртимиздан етишиб чиққан соҳа олимларининг сўзлари алоҳида аҳамият касб этади.

Авваламбор, имом Мотуридий таъкидлагандек, “иймон” сўзининг маъноси “тасдиқлаш”дир. Шунинг учун имом Мотуридий энг аввало сўзнинг луғавий маъносидан ташқарига чиқмаслик лозимлигини таъкидлаган, сўнг оятларни келтириб, уларни бирма-бир шарҳлаб берган ва ушбу қарашнинг тўғрилигини исботлаган. Жумладан, “Бақара” сурасининг 3-ояти шарҳида шундай дейди:

 الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ

“Улар ғайбга иймон келтирурлар” ояти барча тоат-ибодатлар иймондир дейдиганларга раддиялар. Чунки, оятда намоз, закот каби тоат-ибодатлар зикр этилмасдан, мўминларнинг ғайбга иймон келтирганлари учун бу ном уларга мансуб қилинмоқда.

Шуниндек, “Бақара” сураси, 8-оятида кишиларнинг орасида тилда иймон келтирдик, дейдиганлар бор бўлиб, уларнинг иймон соҳиб эмасликларини, яъни мўмин эмасликларини зикр этилишига кўра иймон бу қалб билан тасдиқлаш эканлигини таъкидлайди. Ҳамда ушбу мазмундаги оятлар карромийларга раддия эканини зикр этади, чунки улар иймон тил билан иқрор бўлиш бўлиб, дил билан тасдиқлаш унга кирмайди, деганлар.

Имом Мотуридий хорижий, мўътазилий, карромий, ҳашшавий оқимларнинг иймон ҳақидаги қарашларини ботил эканлигини зикр этиб, Қуръондаги “Эй, иймон келтирганлар…” жумласининг ўзи иймоннинг тасдиқ эканлиги ва қалбда бўлишига далил қилиб келтирган. Шунингдек, иймон бу маълум чегарага эга ном эканлигини айтади.

Мотуридийлик таълимотининг йирик намояндаси бўлмиш Абул-Муъин Насафий ҳам иймон масаласига худди шу каби услубда ёндашган. Яъни у “иймон” сўзининг маъноси араб тилида “тасдиқлаш” эканини зикр этиб, сўнг унинг маъносига амални киритганларга қарата шундай дейди: “Агар ҳар бир сўзни луғавий маъносидан бошқа маънога нақл этилаверса, унда Қуръон ва суннада кўп сўзларни бошқа маъноларга нақл этиш мумкин бўлиб, маънолар бузилиб кетарди”. Шунингдек, аллома “Баҳрул-калом” номли асарида амалнинг иймон шартига кирмаслигига қуйидаги “Иброҳим” сураси 31-оятини далил сифатида келтиради:

Иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни адо этсинлар”, яъни оятга кўра Алло таоло бандаларга иймон номини ўрнатгандан сўнг амал қилишни амр этмоқда.

Иймон зиёда ва ноқис бўлиши мумкинлиги ҳанафийлик-мотуридийлик таълимотида ўрнатилмаган, балки ҳар бир кишининг иймони комил иймон саналиши, тоат ва ибодат ёки гуноҳ маъсият билан иймоннинг айнан ўзи кўпаймаслиги ва камаймаслиги далиллар билан исботланган.

Жумладан, имом Мотуридий бу ҳақда шундай дейди:

“Қуръони карим оятидаги “Иймонлари зиёда бўлди…” жумласи адад ёки айнан иймоннинг ўзида зиёдаликни билдирмайди, балки унинг шарафи, фазилати ошгани, зиёда бўлганини билдиради. Масалан “Жамоат билан ўқилган намознинг даражаси ёлғиз ўқилган намоздан йигирма беш баробар афзалдур” ҳадисида ҳам айнан намознинг адади зиёда бўлиши назарда тутилмаган, балки шарафи ва фазилати зиёдалиги назарда тутилгандир. Худди шу каби иймоннинг амаллар жиҳатидан зиёда бўлиши ҳам унинг шарафи, фазилати, камоли зиёдалашишига далолат қилади. Амаллар иймон жинсидан эмасдир, у тасдиқлашдан иборатдир”.

Бошқа ўринда эса, Абу Ҳанифанинг “умумий тарзда иймон келтирганларидан сўнг тафсирий тарзда зиёда бўлади”, сўзини ҳамда “аҳли китобларнинг илгари ўтган китобларга ва пайғамбарларга иймонлари билан бирга, Муҳаммад алайҳиссаломга ва у кишига нозил бўлган Китобга иймон келтиришлари билан иймонлари зиёда бўлади”, яъни бунда аҳли китобларга тегишли бўлади, шунингдек, “уларнинг (саҳобийларнинг) иймонлари янги вақт кирганида ундан олдинги вақтдан кўра зиёда бўлади… чунки, иймон доимо янгиланиб туришга ҳақлидир”, деб шарҳ берган. Шунингдек, Мотуридий иймон зиёдалигини саботли бўлиши, ёки саботи зиёда бўлиши сифатида шарҳ берган.

Шу тарзда Қуръонда зикр этилган “иймонлари зиёда бўлди” ояти шарҳини имом Мотуридий ва унинг издошлари ва барча ҳанафийлик олимлари тўғри англаш лозимлигини таъкидлашган. Маълумки, бошқа оқим ва тоифалар иймон зиёда бўлиши мумкинлиги ҳамда унинг ноқис бўлиши мумкинлигини таъкидлашган. Ҳамда иймоннинг зиёда бўлиши Қуръонда зикр этилган экан, демак у ноқис бўлиши мумкин, деган қоидани ишлаб чиқишган. Аслида бу оят иймоннинг ўзи айнан зиёда ва ноқис бўлишига далолат қилмаслиги, зиёдалик, яъни олдинги ҳолатдан кейинги ҳолатга ўтишни табиатдаги ўсиш жараёнидаги каби бўлиши мумкинлиги олим томонидан зикр этилган.

Абул-Муъин ан-Насафий ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида “Аслида иймон шартларига амални киритганлар унинг зиёда бўлиши ҳақидаги сўзни ҳам айтмасликлари лозим бўлади. Чунки, улар амалларни ҳам иймон деб санаганларидан сўнг, унда ҳеч кимнинг иймони мукаммал, тўлиқ бўла олмайди. Ҳамда зиёда бўлиб бориши ҳам бу ҳали мукаммал, комил бўлмаганлигини англатади ва у нуқсон чегарасида бўлиб қолаверади. Бу қарашга кўра бирор ибодат йўқки, иймон бўлмаса.. (яъни, иймон шарти бўлмаса)”. Яъни олим иймон соҳиби учун агар унинг иймонига амал шарт қилинса унда меъёрини белгилашнинг имкони йўқилигини айтмоқда.

Шу тарзда Қуръон ва суннага кўра иймон шартига амалнинг киритилиши имкони йўқдир.

Юқоридаги ақидавий қараш, яъни иймоннинг шарти сифатида қалб билан тасдиқлаш, тил билан айтиш ҳамда иймоннинг зиёда ва ноқис бўлмаслиги Абу Ҳанифа, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Ҳаким Самарқандий, Абу Жаъфар Таҳовий, Абул Муъин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Абул Баракот Насафий, Алоуддин Самарқандий, Абул Юср Пазвадий каби кўплаб машҳур олимлар томонидан далиллар билан исботлаган.

Олимлар томонидан гуноҳи кабира қилган кишининг иймони масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни унга кўра гуноҳи кабира қилган кишининг иймони гуноҳ қилмаган киши билан бир хил бўлиши, балки у бу билан имкони йўқ бўлиб, завол топмаслиги, фақат гуноҳи учун гуноҳкор бўлиши айтилган. Ҳамда бу борада қуйидаги хулосалар ўринлидир: Мотуридия таълимотига кўра куфр иймоннинг зиддидир. Куфр иймонни ёлғонга чиқариш ва ундан юз буришдир. Бу иккиси қалбда бўлади. Иймон билан куфрнинг бир бирига зидлиги ҳам шундадир.

Абу Лайс Самарқандий ҳам ўз тафсирида бу борада тўхталиб далиллар асосида шундай дейди: “Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида гуноҳи кабира мўмин кишининг иймонидан чиқармайди”.

Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийлик-мотуридийлик таълимотига кўра иймон шартлари сифатида дил билан ишониш, тил билан тасдиқлаш асосли равишда ўрнатилган бўлиб, амаллар унинг шартига киритилмаган. Бу билан кишилар орасида иймон эътиқодда тафовут бўлмаслиги барча мўмин мусулмонларнинг бир бирларига бағрикенглик тотувлик билан муносабатда бўлишларига ҳамда бир бирларини куфрда айбламасликлари учун муҳим асос вазифасини ўтаб келмоқда. Ушбу қараш Қуръон ва суннани тўғри англаш асосида ишлаб чиқилган эътиқодий масаладир.

Манба:sammuslim.uz
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ
ЎМИ Самарқанд вилоят вакили
манбалар асосида тайёрлади

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …