Home / ЯНГИЛИКЛАР / «Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, Британия музейи ва кутубхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди» — Имом Бухорий маркази

«Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, Британия музейи ва кутубхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди» — Имом Бухорий маркази

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Марказ томонидан ўтган давр давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, халқаро алоқалар йўналишида дунёнинг 21 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлари билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолангани қайд этилди.

«Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, — деди Марказ директори Шовосил Зиёдов. — Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, «Ал­Фурқон» жамғармаси, Британия музейи, Британия кутубхонаси, Лондондаги Ислом маданияти маркази, Франциянинг Араб дунёси институти, Франция миллий кутубхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Биргаликда илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда».

Малайзиянинг Ислом илмлари университети, Ислом цивилизацияси институти, Исломни англаш институти билан буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш йўналишида келишувларга эришилгани, Саудия Арабистонининг Подшоҳ Абдулазиз университети билан хорижда сақланаётган нодир қўлёзмаларнинг нусхаларини олиш масалалари муҳокама этилгани ҳақида маълумот берилди.

«Марказга Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Туркиядаги дин вақфи томонидан нашр этилган 44 томдан иборат Ислом энциклопедияси, «Саҳиҳ-ул Бухорий» асарининг 8 жилдлик турк тилидаги таржима ва шарҳлари, 7 томдан иборат «Ислом ҳадислар билан» номли китоб ҳамда «Тавҳид» асарининг изоҳли таржимасидан иборат нодир китоблар совға қилинди, — деди Марказ директори ўринбосари Шукрулло Умаров. — Ислом тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган меморандум асосида қиймати 100 000 долларга тенг лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳа доирасида, Марказга Германиянинг «Zeutschel» компаниясининг замонваий сканер аппарати шартнома асосида олиб келинди».

Марказ ахборот хизмати раҳбари Зоҳир Юсупов жорий йил давомида 3 та халқаро даражадаги конференция, 1 та фотокўргазма ва 3 та халқаро ўқув­семинар ўтказилганини маълум қилди.

«Муассасамиз илмий ходимлари томонидан «Имом Бухорий таърифи», «Самарқандлик алломалар», «Алоуддин Усмандий Самарқандий», «Иброҳим Саффор Бухорий» ҳаёти ва илмий мероси, «Лубобул ҳадис» асари каби 30 та китоб нашрга тайёрланди, — деди Марказнинг нашрлар бўлими бошлиғи Отабек Муҳаммадиев. — Хорижий мамлакатларнинг кутубхона фондларида сақланаётган 1500 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинди. Уч нафар тадқиқотчи буюк алломаларимиз илмий меросига бағишланган мавзуларда фалсафа фанлари доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилиш арафасида турибди».

Йил давомида Имом Бухорийнинг «Холқу афъолил ибод», «Сулосиётул Бухорий», «Биррул волидайн», Абул Мунтаҳо Мағнисовийнинг «Шарҳул Фиқҳил Акбар», Алоуддин Косонийнинг «Эътиқод ал-Косоний» асарлари араб тилидан таржима қилингани қайд этилди.

Мутасаддиларнинг билдиришича, ҳозирда Имом Бухорийнинг «Ат-тарих ас-сағир» китоби таржимаси якунланиб, таҳрир ишлари олиб борилмоқда.

Манба: aoka.uz

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …