Home / МАҚОЛАЛАР / Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи

Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи

Шариат истилоҳида “фиқҳ” – “Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали нозил қилган шариатни теран фаҳмламоқ” маъносини билдиради. Баъзи адабиётларда фиқҳга – “Ал-фиқҳ (чуқур билим, тушуниш) – мусулмон илоҳиётчилигининг ажралмас қисмидир. Ҳар қандай фиқҳий (ҳуқуқий) ғоя ёки тамойил, албатта, Қуръон, Сунна билан асосланиб берилиши шарт”[1] деб таъриф берилади.

Фиқҳда ибодат ва муомалот (ижтимоий) масалаларида учрайдиган ҳар қандай саволларга ечим топишда Қуръон ва Суннага таянилади. Бундай асос ҳақиқатлиги ижмога эга бўлиши керак. Бу борада Расулуллоҳдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: «Ҳазрати Али Расулуллоҳдан «Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ҳукми бўлмаган бирон иш содир бўлса нима қиламиз?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ айтдилар: «Мўминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар». Кейинги навбатта қиёсга таянилади.

Қиёс – ҳукми ворид бўлмаган масалани Қуръон ва ҳадисда шунга ўхшаш ва ҳукми келган нарсага қиёслаб фатво чиқаришдир. Ана шу 4 нарса фиқҳнинг асосини ташкил қилади.

Шундай қилиб, қиёслаш орқали ва юқорида айтилганлар билан бирга янги бир фан  усули фиқҳ, яъни мусулмон ҳуқуқшунослиги вужудга кедди.

Фиқҳ илми Халифалик қарор топиши билан дарҳол таркиб топган эмас. VIII асрнинг 1-ярмигача умуман халифаликнинг ижтимоий меъёрлари тизими ислом қоидалари билан белгиланмас, балки асосан исломдан аввал мавжуд бўлган ва янги тарихий шароитга амал қилиб турган нормалардан иборат эди. Фиқҳни шакллантиришни, бир томондан, амал қилиб турган ҳуқуқ ва бошқа ижтимоий меъёрларни диний ақидаларга мослаштириш зарурлиги ва иккинчи томондан, илк мулкдорлар жамиятининг эндигина вужудга келган муносабатларини моҳият эътибори билан исломнинг диний-ахлоқий таълимотига асосланган қоидалар негизида тартибга солиш эҳтиёжлари тақозо қилар эди. Тахминан X асрларга келиб фиқҳ илми «Илму фуруъ» (яъни кишилар хулқини тартибга солиб турувчи)га айланди.   

Фиқҳ шаклланишининг илк босқичидаёқ икки мазҳаб юзага келган эди: улардан бири Ироқ мактаби – “асҳоб ар-раьй” (мустақил фикрлаш тарафдорлари), иккинчиси, Мадина мактаби – “асҳоб ал-ҳадис” (нақл тарафдорлари) деб аталган. Чунончи, Нўьмон ибн Собит Абу Ҳанифа (ваф. 767 й.)  Ироқ мактабининг асосчиси бўлган.

Худди шу Имом Аъзам Абу Ҳанифа томонидан асос солинган “Ҳанафия” мазҳаби асосида Мавароуннаҳр фиқҳ мактаби шаклланди.

IX-X асрларда фиқҳ илми шаклланиб бўлди. Моварауннаҳрда фиқҳнинг ҳанафия мазҳаби устувор бўлганлигининг сабаби, бир томондан, IX асрда бу ерда маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланишида мазҳаб асосчисининг сафдоши ва шогирди имом Муҳаммад аш-Шайбонийнинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Бухорийнинг хизматлари бўлса, иккинчидан, мазкур мазҳабнинг мезон ва тамойиллари маҳаллий шарт-шароитларга кўпроқ мос келганлиги эди.

Абу Ҳафс Кабийр Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий ҳанафий мазҳаби таълимотини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келди. Унинг қўлида кўпгина фақиҳлар ва олимлар етишиб чиқди. Ҳатто, тарихчиларнинг таъкидлашларича, Бухорода илмнинг тарқалишига, имом ва уламоларнинг ҳурмат топишига сабабчи бўлган киши Абу Ҳафс Кабийр Бухорий бўлган. Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс кўпгина фақиҳларни тарбиялаб камолга етиштирган. Улар Харожир деган қишлоқда бўлишган экан[2].

Бундан ташқари, маҳаллий фиқҳ мактабининг шаклланишига Балхдаги йирик ҳанафийлик марказининг ҳам таъсири катта бўлди.

Сомонийлар ҳукмронлиги даврида (819-1005) фиқҳ марказлари бўлган Балх ва Бағдод билан алоқалар ривожланган эди.

Шу даврда балхлик ва самарқандлик ҳанафий алломаларнинг биргаликдаги фаолиятлари натижасида Самарқандда калом мактаби шаклланди. Ушбу таьлимот унинг шаклланишига катта хисса қўшган буюк аллома Абу Мансур ал-Мотуридий номи билан Мотуридия таьлимоти деб аталди.

Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг илк шаклланиш босқичида Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Бухорий (ваф. 216/832), Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур ал-Мотуридий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ёқуб ибн ал-Ҳорис ал-Устоз ас-Субазмуний (258/872-340/952), Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ас-Самарқандий (ваф. 373/984), Аҳмад ибн ал-Аббос Наср ал-Иёдий (ваф.10 аср), Убайдуллоҳ ибн Умар Абу Зайд ад-Дабусий (ваф.430/1039), Абдулазиз ибн Аҳмад Шамсулаимма ал-Ҳалвоний (ваф. 447/1056), Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий (400/1010-481/1089), Ҳасан ибн Мансур Фахриддин Қозихон ал-Ўзгандий (ваф 592/1196) каби алломалар ўзларининг катта ҳиссасини қўшдилар.

Қорахонийлар даврида (999-1211) фиқҳ илми Мовароуннаҳрда юксакликка эришди[3]. Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг ривожига катта ҳисса қўшган алломалар Шамсулаимма Ҳалвоний, Шамсулаимма ас-Сарахсий (ваф.1097), Фахрулислом ал-Баздавий (1010-1090), Ифтихоруддин ал-Бухорий (ваф. 1174), Фахруддин Қозихон (ваф. 1196)лар фаолият олиб боришди.

Мовароуннаҳрда IX асрда шаклланиб борган маҳаллий фиқҳ мактаби минтақадаги Самарқанд, Бухоро каби йирик илм марказларидан ташқари, Кеш, Насаф, Марғилон, Ўзганд каби шаҳарлардан етишиб чиққан алломалар томонидан ҳам ривожлантириб борилган.

Мовароуннаҳрда фиқҳ илми X-XII асрларда ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди ва айни ўша даврда фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб асарлар яратилди. Абу Ҳафс ал-Бухорийнинг “Китоб ар-Радд ‘ала ал-Аҳл ал-Аҳва” (Ҳавои аҳлларга раддия китоби), Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “ал-Жадл фи Усул ал-Фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар), Абул Лайс ас-Самарқандийнинг “Хизат ал-Фиқҳ” (Фиқҳ илми хазинаси), Абу Зайд ад-Дабусийнинг “ал-Нузум фи ал-Фатово” (Фатволар тизими), Фахруддин Қозихоннинг “ал-Фатава” асарларини келтириш мумкин.

Мазкур асарлар орқали Ўрта Осиё бой маданий анъаналари, диний тажрибаси, ҳуқуқий тасаввурлари ислом тамаддуни доирасига киритилди. Бу билан исломнинг тўлақонли, мукаммал минтақавий шаклига асос солинди. Унда умумисломий ва маҳаллий элементлар орасидаги муносабатда ҳамоҳанглик, мутаносибликка эришила борилди.

Ҳозирги кунга қадар буюк фақиҳлардан бири Бурҳониддин  ал­Марғилонийнинг “ал­Ҳидоя” номли фиқҳий асари Шарқ ва Ғарбнинг дорилфунунлари ва мадраса-ю ўқув юртларида шариат аҳкомларини чуқур ўрганишда  аҳли  сунна  ва  жамоа,  яъни  сунний мазҳаби  учун  дастурул  амал  асарлардан  бири сифатида  фойдаланилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўрта Осиё олимлари IХ асрдан бошлаб, фиқҳ илмининг турли соҳаларига чуқур киришиб бориб, жуда кўп асарлар ёзишга муваффақ бўлдилар. IX асрдан XII асргача ҳанафий мазҳаби соҳасида шунчалик кўп асарлар ёзилдики, унга биноан бу давр олимларини ислом ҳуқуқининг қурувчилари десак муболаға бўлмайди. Мовароуннаҳр фақиҳ олимларининг асарлари нафақат минтақа, балки бутун мусулмон маданияти равнақига бебаҳо ҳисса қўшдилар.

Ҳозирги кунда кўплаб алломаларимизнинг илмий мероси тикланмоқда. Лекин ҳали биз ўрганишимиз лозим бўлган аждодларимизнинг юртимиз ва хорижий архив фонларда сақланаётган минглаб нодир асарлари мавжуд. Уларни ўрганиш бизнинг вазифамиздир. Ушбу бой илмий меросни янада чуқурроқ ўргансак, илмий тадқиқ қилсак мамлакатимиздан етишиб чиққан  буюк аждодларимизнинг бутун дунё маданиятига қўшган улкан ҳиссасини қайта тиклаган бўламиз.

 

ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
Р. Элмуродов

 

[1] А.Ҳасанов, Н.Комилов, У.Уватов, А.Азимов, Д.Раҳимжонов, Қ.Зоҳидов. Ислом тарихи. Тошкент – 2007. 186-бет.

[2] Абдулкарим ас-­Самъоний. Насабнома (Ал­Ансоб). / Абдулғаффор Раззоқ таржимаси. ­Бухоро: «Бухоро», 1999 й. ­Б.13.

[3] О. Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. “Фан” нашриёти – 2009. 23-бет.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …