Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ

Қуръони карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз изни иродаси ила охир замон бандаларига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилиб юборди. Аввал ўтган барча Пайғамбарлардан фарқли ўлароқ ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломни бутун башариятга омматан ва коффатан пайғамбар бўлишини ирода қилди. Жами нозил қилинган самовий китоблар ўз даври ва маълум бир қавмлар учун илоҳий дастур бўлган бўлса, Қуръони карим то қиёматга қадар башарият саодатига ягона сабабчи илоҳий китоб сифатида нозил бўлди. Аввалда нозил бўлган китобларда инсонлар тарафидан турли ўзгартиришлар киритилган бўлса, бу китобда бундай ўзгартириш асло кузатилмади. Бу улкан ҳақиқатни Аллоҳ таоло қуйидагича баён этди: “Албатта, зикрни (Қуръонни) Биз нозил қилурмиз ва албатта, уни Биз мухофаза қилурмиз[1]. Ўша китобларга ўзгартиришлар киритилмаганда ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси шу бўлдики, кун келиб охир замон Пайғамбари келажак ва унга Аллоҳ таоло бутун башариятга то қиёматга қадар дастур бўлажак бир китоб нозил этади. Бу китоб аввалги самовий китоблар келтирган илоҳий таълимотларнинг асли ўзагини тасдиқлаб келади ва янада мукаммал шаръий қонунларни жорий этади. Аллоҳ таоло истаганида Таврот, Инжил ва Забурни ҳам ўзгартирмасдан, қандай нозил қилинган бўлса, шундайлигича сақлаши мумкин эди. Лекин ҳар иши мукаммал буюк Тангри таоло айнан Қурьони каримни ўзгартиришлардан сақлаб бутун инсониятга, барча кейин келадиган умматларга омматан ва коффатан илоҳий дастур сифатида, дунё ва охиратда саодат топишларига сабаб бўладиган китоб сифатида нозил этди.

Юқоридаги гаплар Қуръони каримга берилган қисқача таъриф бўлиб, энди ҳадис ҳақида сўз юритсак.

Ҳадис – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапирган сўзлари, қилган ишлари, бир ишга иқрор бўлишлари ва у кишида мужассам бўлган сифатларга қўлланилади.

Ҳадиси қудсий – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирган сўзларини Аллоҳ таолога нисбат бериб гапириши, яъни Аллоҳ таолонинг сўзини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзловчи бўлади. Бунга мисол, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтди: “Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг гумонидаман ва мени эсласа мен ҳам у билан биргаман. Агар мени бандам ўз нафсида эсласа, мен ҳам уни ўз нафсимда эслайман”[2].

Қуръони карим билан ҳадиси қудсийнинг ўртасидаги фарқлар бир нечта бўлиб, жумладан, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, Ўз лафзи билан уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон билан арабларни ожиз қолдирди. Натижада улар Қуръондаги энг кичик суранинг ўхшашини келтиришдан ҳам ожиз бўлдилар. Қуръони карим қиёмат кунигача абадий мўъжиза бўлиб, инсонларни баҳслашишга чорлаб қолади.

Аммо ҳадиси қудсий инсонларни баҳслашиш ва уларни ожиз қолдириш билан жорий бўлмади.

Қуръони карим фақатгина Аллоҳ таолога нисбат берилиб, “Аллоҳ таоло айтди ёки айтади” деб ишлатилади.

Ҳадиси қудсий эса ўтган мисолга ўхшаб, нисбати Аллоҳ таолога берилиб ривоят қилинади. Гоҳида нисбат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилиб ривоят қилиниб, бу ерда нисбат хабар берувчи бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан хабар берувчи бўлади.

Яна бир фарқи Қуръони каримнинг ҳаммаси мутавотир йўл билан нақл қилинган бўлиб, бизгача етиб келиши жиҳатидан қатъийдир.

Ҳадиси қудусийларнинг аксари оҳод хабар билан нақл қилинган. Оҳод хабар етиб келиш жиҳатидан гумонни келтириб чиқаради. Гоҳида ҳадиси қудсий саҳиҳ, гоҳида ҳасан ҳадис ва гоҳида заиф ҳадис бўлади.

Қуръони карим лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан ваҳий орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилингандир.

Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таоло ҳузуридан бўлиб, лафзи эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси ваҳий қилинган, лафзи эмас. Шунинг учун ҳам жумҳур муҳаддисларнинг наздида унинг маъносининг ўзини ҳам ривоят қилишлик жоиздир.

Охирги фарқи шуки, Қуръони каримни тиловат қилиб ўқишлик ибодатдир. Аллоҳ таоло уни намозда ўқишликни ушбу оят билан таъйин қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар[3]. Демак, Қуръони каримнинг тиловати ибодат бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек Аллоҳ таоло унинг устида бандасига савоб беради. Ҳадисда келади: “Кимки Аллоҳнинг каломидан бир ҳарф ўқиса, ўнта савоб миқдори берилади. Мен “Алиф, Лам, Мимни битта ҳарф демайман, балки Алиф алоҳида, Лам алоҳида ва Мим алоҳида ҳарфдир”[4].

Ҳадиси қудсийни намозда ўқишлик жоиз эмас ва Аллоҳ таоло уни ўқиган кишига умумий савоб бериб, Қуръони каримни ўқигани каби, ҳар бир ҳарфи учун савоб ололмайди.

Демак, Қуръони карим билан ҳадиси қудсийнинг ўзаро бир-биридан фарқи бўлсада, бу иккаласи ҳам инсоният ҳаётида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъмати бўлиб, хизмат қилади. Зеро, илм ўрганиш учун ҳаракат қилиш, вақт ва куч сарф этиб бўлсада мақсад сари ҳеч тўхтамай интилиш Пайғамбар алайҳимуссаломлар суннати экан. Қуръон оятлари бизларни айнан шу буюк ҳаракатга ундайди. Илм олишга, дунё ва охиратимизни илм билан обод қилишга чақиради. Илмсизлик, жоҳиллик эса инсониятни таназзулга бошлашидан, дунё ва охиратда бахтсизлик балосига мубтало бўлиш хавфидан огоҳлантиради.

“Улумул Қуръон”. Маннаъул Қаттон китобидан фойдаланилди.

Отабек Баҳриев
Қуръоншунослик бўлими илмий ходими
[1] Ҳижр, 9-ояти.
[2] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[3] Муззаммил, 20.
[4] Имом Термизий Ибн Масъуддан ривоят қилган. Бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …