ҲОЖИ САФО ВАЛИЙ ЗИЁРАТГОҲИ

XVII аср охири XVIII асрларда тасаввуф таълимоти назарий ва амалий жабҳаларда халқ эътиқодига сингиб кетган таълимотлардан бири бўлди. Бу даврда Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий (вафоти 1699 йил), Сўфи Оллоҳёр ибн Аллоҳқули Миёнколий (1724), Бобораҳим Мулло Валий ўғли Машраб (1711), Эшони Имло (1748), Мусохонхожаи Даҳбедий (1776), Мирзо Мазҳар Жони Жонон (1781) ва булар қаторида шу соҳада фаолият кўрсатган тасаввуф намояндаларидан бири Ҳожи Сафои Валийдир.

Ҳожи Сафо Валий 1666 йилда Ҳиротда ҳукмдорлар хонадонида таваллуд топган. Отаси Сайид Жалолиддин Ҳирот ҳукмдори бўлган. Акаси Насриддиншоҳ, ўзининг ҳақиқий исми эса Фахриддиншоҳ бўлган[1].

Фахриддиншоҳ дастлабки таълимни Ҳирот мактабларида олгач, Нишопур, Дамашқ, Бағдод, Макка ва Мадина шаҳарларида илм таҳсилини давом эттирган.

Кейинчалик устози Бобо ҳожи Абдулраҳим қаландар кўрсатмаси билан Самарқандга келади…

Ҳожи Сафо Валий фаолиятида намоён бўлган тариқат йўналиши асосан “Қодирия” таълимоти асосида юзага келган ва шу таълимот негизида шаклланган “Неъматуллоҳия” тариқати ҳисобланади[2].

Тасаввуфнинг “Неъматуллоҳия” шохобчаси асосчиси Неъматуллоҳ ибн Абдуллоҳ бўлиб, диний лақаби Нуриддин (дин нури), тасаввуфий машҳур лақаби эса Шоҳ Мир Неъматуллоҳи Валий бўлган ушбу зотнинг тўлиқ номи Амир Саййид Нуриддин Неъматуллоҳ ибн Амир Абдуллоҳ Кирмонийдир. Ул зоти боборакот 1330 йилда Ироқда, қадимий Шом заминининг Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. Шоҳ Неъматуллоҳ Валий ўзининг қарашларини Қодирия, Кубровия ва Хожагон силсила сулукларига мослаштирган, улар билан уйғунлаштириб, “Неъматуллоҳия” сулукига асос солади. Шоҳ Неъматуллоҳнинг тинмай сайру саёҳат этиши, кўп воқеаларни кўриши, тариқат муршидлари ва шоҳу гадолар билан учрашиб суҳбат қурганлари, унинг фаолиятида ва ундан кейин фаолият олиб борган сўфилар илмий-адабий ижодиётида ҳам чуқур из қолдирган.

Шоҳ Неъматуллоҳдан кейин[3] Ҳожи Сафо Валийгача ўтган ушбу силсила намояндалари фаолияти жараёнида дарвешона, қаландарона (Аллоҳ таолога таваккул қилиб, зуҳди тақво билан ибодат қилувчи, доимо зикри Ҳақ билан яшовчи сўфийлар, қаландарлар дейилади ёки Аллоҳ таоло ишқида мажнун бўлган (худди Мансур Халлож, Бобораҳим Машраб каби) орифлар тушунилади) ҳаракатлар намоён бўлади. Дарвеш — бир тариқатга боғлиқ одам. Асл маъноси Аллоҳ йўлида хоксорлик ва фақирликни қабул қилган кимсани англатади. Дарвешлик ёки қаландарлик тушунчалари бир хилликдаги атама бўлиб, амалий ҳаракатда доимо ёлғончилик ва риёкорликни ўзларидан йироқ тутиб, донишмандлик асосини ўзларига маҳкам тутишган.

Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ал-қулуб” асарида дарвешлар ҳақида шундай дейди: “Дарвеш улдурким, бўлғай ризоандеш, агар ичида бўлса юз ниш тоши бўлғай марҳамойин ва маломаткеш. Дарвеш керакким, сидқу фано тариқин тузгай, ўзин нечукки, бор андоқ кўргузгай. Аноният ғилзатиға қотиқ риёзатлар биласафо бермиш бўлғай ва нафсоният шиддатидин азим мужоҳидалар била чиқиб, фақр тариқиға кирмиш бўлғай ва фано дор уламони жамоат хонасиға етмиш бўлғай”.

Ҳожи Сафо Валийнинг тасаввуфий фаолияти давомида қаландарона, дарвешона ҳаёт кечириб, сайру саёҳатда юриб, шогирдлар тарбияси билан машғул бўлган. У Самарқанд шаҳрига тасаввуф зоҳидлари яшаши ва зикр таълимини олишликлари учун лозим бўлган “Қаландархона”[4] – “Хонақоҳ” (қаландарлар яшаш жойи) қурдиради. Бундай қаландархоналар тасаввуф арбоби соликларини тарбиялаш, уларга тасаввуф сир синоатларини ўргатиш, бева-ю бечоралар ҳолидан хабардор бўлиш, очларга таом улашиш маскани бўлиб, бу ҳақида “Фирдавс ул-иқбол” асарида шундай сатрларни ўқиш мумкин: “… шайх Муҳаммадлатиф эшон, ҳазрат валоятпаноҳ, ҳақиқат огоҳ, шайхулислом Ислом шайхи шаҳид алайҳирраҳманинг муридларидиндур, ҳар кун хазонаи омира ва ғаллахонаи хосадин маболиғи вофира ва ғаллоти мутакосира тайин қилди то ул жаноб ишораи олияи хоқоний била Ота дарвозасидағи қаландархонада гуногун атимаи лазиз муҳайё қилдуруб, силои ом ва даъвати томм била даргоҳи фалак иштибоҳға ета олмоғон фуқаро ва очларни тўйдурур эрди”[5].

Юқорида келтирилган ёзишмаларда сўфийлик сарҳалқасида фаолият олиб бораётган сўфийларнинг диққат марказида юрт осойишталиги, халқ тинчлиги, муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш каби инсонпарварлик ғоялари ва касблари дилларида мавж урган.

Алишер Навоий Шайх Фахриддин Иброҳим Ироқий ҳақида ёзиб, шундай дейди: “Қаландарлиқ кисвати ихтиёр қилди ва алар била Ҳиндустонға тушти ва Мултон шаҳрида Шайх Баҳоуддин Зикриё суҳбатиға етишти ва мурид бўлди”[6], у йигирма беш йил устозига хизмат қилиб, устозининг муборак хирқасини кийиб, сайру саёҳатда сўфийлар тарбияси билан машғул бўлади. Шайх Ироқийнинг устози Шайх Закариё, Абдулқодир Ғилоний (Қодирия) силсиласида [7] ул зотдан кейин учинчи сарҳалқа соҳиби ҳисобланади.

М.Ў.Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билаш ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Ш.Аҳадов. Ҳожи Сафои Вали ҳазратлари яшаган даврда ижтимоий-сиёсий вазият ва унинг ҳайти, фаолияти ҳақида // «Ҳожи Сафои Вали ҳазратларининг маънавияти ва фазилатли ҳислатлари, фаолияти намунаси руҳида ёшларни тарбиялашнинг долзарб муаммолари» мавзусидаги илмий-назарий ва амалий, анжуман материаллари. Самарқанд. СамДАҚИ. 21-22 июн 2013 йил. 8 бет.
[2]Мирзо Мехрожиддин Амонов. Бобо Ҳожи Сафои Вали. “Самарқанд” газетаси. 2010 йил 26 ноябр сони. 7 бет.
[3]Хожа Сафои Вали тариқат иршоди маснадига устози Бобохожи Абдулраҳим Қаландар, ул зот эса Шоҳ Маҳмуд Қаландар, …, ул зот Саййид Хидуд орқали Шоҳ Неъматуллоҳи Валига бориб уланади. Бу хақда батафсил қаранг: Абу Тоҳирхожа. Самария. Т. 1991 й. 51-52 бетлар, Мирзо Мехрожиддин Амонов. Бобо Ҳожи Сафои Вали. «Самарқанд” газетаси. 2010 йил 26 ноябр 24 сони. 7 бет .
[4] Ушбу мавзеъ ҳозирги кунда ҳам “Қаландархона” номи билан юритилади.
[5] Мунис ва Огаҳий. Фирдавс ул-иқбол.Тошкент. 2010 йил. 349 бет.
[6] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат.Тошкент. 2012 йил. 471 бет.
[7]Саййид Меҳмонхожа ибн Мавлавий Эшонхожа Намангоний. Туҳфат ул-мўъминин, имдат ус-соликин. Литография. О.А.Порцева. Ҳижрий 1320 (милодий 1901) йил. Муаллиф шахсий кутубхонасида (бундай кейин-мшк, тарзида келтирамиз).

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …