Home / АЛЛОМАЛАР / МАҲМУД ҚОШҒАРИЙНИНГ “ДЕВОНУ ЛУҒАТИТ ТУРК” АСАРИ ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР МАДАНИЯТИНИ БОҒЛОВЧИ МУҲИМ МАНБА

МАҲМУД ҚОШҒАРИЙНИНГ “ДЕВОНУ ЛУҒАТИТ ТУРК” АСАРИ ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР МАДАНИЯТИНИ БОҒЛОВЧИ МУҲИМ МАНБА

Тарихдан маълумки, ислом дини Марказий Осиё ерларига кириб келгач, минтақа аҳолиси, хусусан, туркий халқлар қисқа муддат ичида янги динни осонлик билан ўзлаштириб, унинг барча жабҳаларини пухта ўзлаштирдилар. Зеҳнлардаги қобилият ислом қуёши билан мунаввар бўлгач туркий халқлар орасидан етук қомусий уламолар етишиб чиқа бошлади. Минтақада ижтимоий-маданий, сиёсий ҳаёт фаоллашди. Туркийлар ҳокимият тепасига келдилар. Бу эса бошқа халқларнинг туркийлар билан яқин муносабатга киришларига интилишга олиб келди. Бундан эса минтақа аҳолиси тилини ўрганиш имкониятини берадиган воситаларга бўлган эҳтиёж келиб чиқар эди.

ХI асрда яшаб ўтган Маҳмуд Қошғарий мавжуд ҳолатни теран англаган ҳолда бошқа халқлар, хусусан арабларнинг туркий забонлар билан осон мулоқотга киришиш имкониятини тақдим этувчи асарга эҳтиёж борлиги ҳақида хулоса қилди ва натижада “Девону луғотит турк” асари дунёга келди. Бу ҳақда Маҳмуд Қошғарий шундай дейди:

“Худо давлат қуёшини турклар бурчида яратди, фалакнинг ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг ҳоқонлари этиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлга юришга қодир қилди. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир. Чунки улар бу тилда гаплашувчиларга яхши қулоқ соладилар, уларга ўзларини яқин тутадилар, зарар бермайдилар

Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим”.[1.5]        

Асарнинг ёзилишига сабаб қилиб қуйидаги икки асосни кўрсатишимиз мумки.

Биринчидан. Асар дунё тамаддунига бемисл ҳисса қўшган буюк алломалар тилини ўргатади. Тарихдан маълумки, VII асрдан бошлаб узоқ минтақаларга ёйила бошлаган ислом дини қисқа фурсат ичида етук уламоларни тарбиялаб чиқарди. Бизнинг диёрлардан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримийлар ҳадис илмининг “олтин асрида” яшадилар. [2.7]

Манбаларда келтирилишича ушбу даврда биргина Кешнинг ўзида (Шаҳризабз) 60дан зиёд муҳаддислар фаолият кўрсатган. Шу ва кейинги даврларда Мовароуннаҳр диёри уламоларни етиштириб берадиган улуғ маскан сифатида дунёга донг таратди.

“Ўрта Осиё алломалари қомуси” китобида 2700 нафардан зиёд олиму уламолар ҳақидаги қисқача маълумотлар жой олган. Улар VIII-XIX асрларда яшаб, ижод қилган аждодларимиз бўлиб, бундан Мовароуннаҳр заминида илму фан тараққиёти, маърифат зиёси ҳамиша мунаввар бўлиб келгани ҳақидаги мантиқий хулоса келиб чиқади. [3.6]

Мисол тариқасида Ҳаким Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Имом Мотуридий, Қаффол Шоший, Насафийлар, Бурҳониддин Марғиноний сингари ислом уламолари, Ибн Сино, Исо Хоразмий, Беруний, Форобий каби қомусий олимлардан жуда кўпларининг номини зикр қилишимиз мумкин. Нажмиддин Умар Насафийнинг “Самарқандия” асарида биргина Самарқандда яшаб ўтган 1010 та уламонинг таржимаи ҳоли келтирилган[4.7].

“Ўрта аср шарқ алломалари энцеклопедиясида” Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган 650 нафар мутафаккир ҳақида маълумотлар келтирилган. Бу эса ушбу даврда туркий халқларнинг дунё тамаддуни ривожига кучли таъсир этгани ва бошқа миллатларнинг улар билан кучли ижтимоий ва сиёсий алоқалар ўрнатишга эҳтиёжли экани тушунилади.

Иккинчидан. Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудида ҳукмронлик туркий халқлар қўлига ўтди. VIII аср охири-IХ аср бошида халифаликдаги оғир сиёсий вазият аббосийларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб бораётган сиёсатини ўзгартиришга мажбур этди. Бирин-кетин Ўрта Осиёда тоҳирийлар, саффорийлар, сомонийлар давлатлари ташкил топди.

ХI аср бошларида эса сомонийлар давлати ҳудудларида икки давлат: қорахонийлар ва ғазнавийлар давлатлари пайдо бўлди. Мазкур асрнинг иккинчи ярмида қорахонийлар давлатининг маъмурият чегараси анча кенгайди, унинг сиёсий, иқтисодий ва маданий даражаси кўп жиҳатларда мастуҳкамланган эди[5.3]. Туркий халқларнинг ҳокимият тепасига келиши ўз навбатида туркий тилининг мавқеининг ошишига олиб келди. Арабларнинг туркий халқлар билан тиллашиши учун янги воситалар керак эди.

Асар муаллифининг тўлиқ исми Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қошғарий бўлиб, қомусий олим, фиқҳ ва ҳадис илмининг билимдонидир. Қошғарда туғилган (санаси номаълум), қорахонийлар давлатининг пойтахти Боласоғунда яшаган. Туркий халқларнинг  XI  асрдаги йирик тилшуносидир. У ўз даврида маданий марказ бўлган Қошғарда дастлабки билимларини олган.  Қошғарий кейинчалик Самарқанд, Бухоро, Нишопур ва Марв шаҳарларида ўқиган. Олим араб халифалигининг маданий марказларидан бири бўлган Бағдодда араб тилшунослиги, адабиёти, тарих ҳамда табиий фанлар бўйича таҳсил кўрган. Бу ерда  Қошғарий машҳур араб тилшуноси Сибавайҳнинг тилга доир асарларини мукаммал ўрганган. [5.50]

Манбаларда  Қошғарий туркий тилларга бағишланган иккита йирик асар ёзганлиги қайд этилади. Мазкур асарлардан бири “Жавоҳирун наҳви фи луғатит турк” (“Туркий тиллар синтаксиси жавоҳирлари”) номи билан, иккинчиси эса “Девону луғотит турк” (“Туркий тиллар сўзлари луғати”) деб аталган. Бироқ бу асарларнинг фақат иккинчиси бизгача етиб келган. Биринчи асар ҳозиргача топилгани йўқ. Бироқ мазкур асарнинг мавжуд бўлганлиги шубҳасиздир. Бу ҳақда олимнинг ўзи шундай дейди: “… девонда (“Девону луғотит турк” асари назарда тутилмоқда) бирлик, кўплик, ошириш, чоғиштириш, кичрайтиш, келишиклар масаласи ва бошқалар ҳам зикр қилинмади. Чунки биз буларни “Жавоҳирун наҳви фи луғатит турк” исмли асаримизда бердик. Наҳвга оид (синтаксисга оид) қоидалар у асардан қаралиши керак” [6.70]

“Девону луғотит турк” асари тахминан 1068-1074 йиллар оралиғида ёзилган. [5.16 [6.50]]

Тилни кишилар ўртасида алоқа воситаси сифатида, жамият ҳаётини акс эттирувчи кўзгу сифатида тушунган Маҳмуд Қошғарий ўзининг машҳур “Девон”ида айнан бир даврга оид бўлган турлича туркий тиллар ҳодисаларини, фактларини синхрон – қиёсий метод асосида солиштиради, таққослайди. Чунки ўша даврда айнан мана шу метод араб тилшунослигида жуда кенг тарқалган бўлиб, бу араб тилининг кўп шевали тил эканлиги хусусиятидан келиб чиқади.

Маҳмуд Қошғарий синхрон – қиёсий метод билан қуролланган холда туркий қабилаларни кезиб, асосий диққат-эътиборини уларнинг тилларидаги умумий ва фарқли хусусиятларга қаратади. Шунингдек, у туркий қабилаларнинг жойлашиш ўрни ҳақида ҳам қимматли, асосли жуғрофий маълумотлар берадики, бу “Девон”даги фактларнинг, фикрларнинг, қарашларнинг объективлигини таъминлайди.

Айтилганлар “Девон”нинг жуда катта меҳнат эвазига яратилганлигидан хабар беради. Тилшуносликнинг барча сатҳлари буйича қиёсий тадқиқот ишларини олиб борган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девон”и муқаддима ва луғат қисмларидан ташкил топади. “Девон”нинг кириш кисмида асарнинг тузилиши ҳақида, шунингдек, Шимолий Хитойдан тортиб, бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухорогача тарқалган катта ҳудуддаги уруғлар, қабилалар ва уларнинг тиллари ҳақида, бу тилларнинг фонетик ва грамматик хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилади.

“Девон”нинг асосий луғат қисмида эса 7,5 мингга яқин туркий сўз араб тилига таржима килиниб, изоҳланади, уларнинг фонетик, лексик ва грамматик хусусиятлари ҳақида муҳим фикрлар баён қилинади. [6.51]

Маҳмуд Қошғарий мазкур асарига ўзи тузган дунё харитасини  илова  қилади.  Харитада  мамлакат,  шаҳар,  қишлоқ,  тоғ,  чўл, денгиз, кўл, дарё кабиларнинг номлари ёзилган. Харитада акс этмаган баъзи бир номлар  луғат  матнида  изоҳланган.  Харита асосан, Шарқий ярим шарга тўғри келади.

Қошғарий 1080 йилда(ёки1118 йилда) ватанига қайтиб келиб, Ўпалдаги Азиқ қишлоғида, Ҳазрати Муллом тоғи этагидаги тепаликда  жойлашган  мадрасада  дарс  берган ва илмий ижод билан машғул бўлган(ҳозирда мазкур мадрасанинг фақат пойдеворлари сақланиб қолган). Қошғарий 1105 йилда (ёки 1126 йилда) 97  ёшида  вафот  этиб,  Ўпалдаги ўзининг аждодлари мақбарасига дафн этилган. Мақбара ҳозиргача “Ҳазрати Муллом мозори” номи билан машҳур. [7.683]

Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида шуни айтиш мумкинки, уни ўрганиш асносида барча туркий халқлар бир оила вакили экани, қардош, қариндошлиги зеҳнларда яна бир бор қарор топади.

Девонда кўплаб луғатлар борки, улар бугунги кунда Осиё халқлари орасида истеъмолда мавжуд ва шунинг билан биргаликда айнан бир хил ёки бир бирига жуда яқин талаффуз қилинади.  Масалан:

Эт: ўзбек адабий тилида гўшт деб юритилсада, лаҳжаларида эт дейилади. Турк ва қозоқ тилларида ҳам гўшт “эт” деб юритилади. [5.70]

Ўтлоқ: (яйлов) ўзбек тилида “ўтлоқ”, турк тили “otlak” дейилган.

Ачтурди: ўзбек тилида “очтирди”, турк тилида “açtım”, қозоқ тилида “оны ашты” [5.224]

Қайғу: ўзбек тилида “қайғу”, қозоқ тилида “қайғы”

Балиқ: ўзбек тилида “балиқ”, турк тилида “balık”, қозоқ тилида “балық” [5.360]

Қашуқ: ўзбек тилида “қошиқ”, турк тилида “kaşık”, қозоқ тилида “қасық” [5.364]

Билик: ўзбек тилида “билим”, турк тилида “bilgi”, қозоқ тилида “ғылым”[5.367]

Қалқан: ўзбек тилида “қалқон”, тукр тилида “kalkan”, қозоқ тилида “қалқан”. [5.413]

Инкак: ўзбек тилида “инак”(сигир), турк тилида “inek”.

Айран: ўзбек тилида “айрон”, турк тилида “ayran”. [5.143]

Саж: ўзбек тилида “соч”, турк тилида “saç”, қозоқ тилида “шаш” [5.310]

Кўж ўзбек тилида “кўч, кўчиш”, турк тилида “göç” [5.312]

Қилиж: ўзбек тилида “қилич”, турк тилида “kılıç”, қозоқ тилида “қылыш” [5.340]

Тэмур: ўзбек тилида “темир”, турк тилида “demir”, қозоқ тилида “темір” [5.342]

Татиғ: ўзбек тилида “тотлик”, турк тилида “tatlı”, қозоқ тилида “тәттілік” [5.386]

Қарши: ўзбек тилида “қарши”, турк тилида “karşı”, қозоқ тилида “қарсы” [5.398]

Тамға: ўзбек тилида “тамға” турк тилида “damga” [5.400]

Қарға: ўзбек тилида “қарға” турк тилида “karga” [5.401]

Тилку: ўзбек тилида “тулки” турк тилида “tilki”, қозоқ тилида “түлкі” [5.404]

Сирка: ўзбек тилида “сирка” турк тилида “sirke”, қозоқ тилида “сірке суы” [5.404]  

Табжан: ўзбек тилида “тапчан” турк тилида “tapchan” [5.409]

Қумған: ўзбек тилида “қумғон” турк тилида “qumg’on” [5.412]

Колика: ўзбек тилида “кўланка” турк тилида “gölge”, қозоқ тилида “көлеңке” [5.419]

Кепали: ўзбек тилида “капалак” турк тилида “kelebek”, қозоқ тилида “көбелек” [5.419]

Тарғақ: ўзбек тилида “тароқ” турк тилида “tarak”, қозоқ тилида “тарақ” [5.434]

Юқорида келтирилган луғатлардан маълум бўлмоқдаки, туркий халқларнинг барчаси бир биллат бир оилага мансубдир. Уларнинг тили, маданияти, урф одатлари бир-бирига жуда яқин. Ўзаро мулоқотда таржимонга эҳтиёж сезилмайди. “Девону луғатит турк” асарнинг бугунги кундаги муҳим аҳамиятларидан бири шу бўлиб, туркий халқларнинг бир оила вакили эканини ҳар дам ва ҳар вақт бизларга эслатиб туради. Ўзаро ҳамкор ва дўст-биродар, аҳил-иноқ бўлишга чақиради.  

Бугунги кунда ғаразли кучлар томонидан миллатлараро адоват уруғини сочишга уринишлар авж олаётган, бир миллатни бошқа бир миллатга қарши туришга чақиришлар кун сайин ортиб бораётган паллада тотувликка аҳл иноқликка ҳар қачонгиданда кўпроқ эҳтиёж сезамиз. Зеро аҳл-иноқлик, ўзаро ҳамкорлик, қўллаб-қувватлов ҳақиқий куч-қудрат асосисдир. Бу ҳақда муқаддас Қуръони каримда ҳам:

“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон, 103-оят), дейилган бўлиб, инсониятни бирикишга, гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетмасликка чорлаган.

Бундан ташқари, Маҳмуд Қошғарийнинг араб филологиясининг илмий услубларидан фойдаланган ҳолда ёзилган меҳнати бугун ҳам тилшунослар, адабиётшунослар орасида, шубҳасиз, қадр-қимматга эгадир. Унинг китобида жамланган аниқ-равшан маълумотлар VIII–ХI асрлар ҳам туркий адабий тил ва бадиий адабиётнинг, ҳам оғзаки халқ ижоди ва турли лаҳжаларнинг бой манбаи саналади. “Девону луғатит турк”ни ўша даврларда Марказий Осиё минтақасида яшаган туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин.

Усмонхон Муҳаммадиев,
Имом Бухорий халқаро илмий
тадқиқот маркази Қуръоншунослик
шўъбаси раҳбари

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қошғарий. “Девони луғатут турк”. Дорул хилофатул алийя. Ҳалаб. 1333 ҳ.
  2. У.Усмонов ва бошқалар.Мовароуннаҳр алломаларининг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссалари. Мовароуннаҳр нашриёти. – Тошкент-2011йил
  3. Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Проф. З.И.Мунавваров таҳрири остида. Ўрта Осиё олимлари қомуси. Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти. – Тошкент.2007-йил.
  4. Нажмиддин Насафий. Самарқандия. Ўзбекистон энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. – Тошкент.2001-йил
  5. Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қошғарий. (Таржимон: Солиҳ Муталлибов)“Девони луғатут турк”. Ўзбекистон Фанлар Академияси. –Тошкент, 1960 й. Т.: 1
  6. С.Усмонов. Умумий тилшунослик. – Тошкент, 1976Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Давлат илмий нашриёти. –Тошкент. Т.: “К”.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …