Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳадис илми мактабида “Тафсири Ирфон” китобининг тақдимоти ҳамда маънавий-маърифий учрашув ўтказилди

Ҳадис илми мактабида “Тафсири Ирфон” китобининг тақдимоти ҳамда маънавий-маърифий учрашув ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз, кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.

Ҳадис илми мактабида жорий 2019-2020 ўқув йилидан дастлабки дарс машғулотлари бошланди. Мактабда матахассислик фанларини ўқитиш устоз-шогирд анъанаси асосида республикамиз ва хорижий малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.  

Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабаларининг назарий ва амалий билимларини янада бойитиш, ижтимоий-маънавий, сиёсий ва бадиий дунёқарашини янада кенгайтириш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, соҳа бўйича ҳар томонлама етук мутахассис кадрлар тайёрлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2019-2020 ўқув йили давомида ташкил этиладиган маънавий-маърифий учрашувлар режасига мувофиқ жорий йилнинг 12 октябрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров иштирокида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг яқинда нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, тафсир илмининг тарихи, унинг турлари, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муфассир алломалар, шунингдек, мустақиллигимиздан сўнг Қуръони карим тафсири бўйича ёзилган асарлар, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китоби ҳақида маълумот бериб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қуръони каримни ўзбек тилида тафсир қилишда уни иложи борича халқчил, матнларини барчага тушунарли бўлиши учун жуда катта меҳнат қилгани, бунда соҳа олимлари ва етук уламоларнинг маслаҳатлари инобатга олинганини таъкидлаб ўтди.

Китоб тақдимотидан сўнг “Ислом цивилизацияси маркази – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш маскани” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳам бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров сўзга чиқиб, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланиши, халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида юртимизда қатор эзгу ишлар амалга оширилаётини ҳақида гапирди.

Ушбу марказда юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, жаҳон маданияти ривожига ҳисса қўшган шоир ва адиблар, рассом ва хаттотларнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар мужассам этилади. Марказ аввало меъморий ва бинокорлик нуқтаи назаридан юксак дид ва маҳорат билан барпо этилмоқда.

Мажмуада нодир экспонатларга бой музей ва кутубхона ҳам ўрин олган. Шу билан бирга бу ерда кенг кўламдаги тадқиқот ишлари олиб борилиши режалаштрилган.

Нотиқ ўз сўзида айни жиҳатларга алоҳида тўхталиб, атрофлича маълумотлар берди. Тадбир сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …