Сўнгги йилларда XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошлари Бухоро амирлиги даври тарихини тадқиқ этишга интилган тадқиқотчилар асосан Туркистон генерал-губернаторлиги девонхонаси ҳамда амирлик қушбегиси девонхонаси ҳужжатларига мурожаат этмоқдалар. Бу албатта ижобий ва шу билан бирга тадқиқотчилар учун бирламчи қадам ҳисобланади. Шу ўринда мазкур масалани минтақа доирасида ўрганишда Россия императорининг Бухородаги сиёсий агентлиги девонхонаси ҳужжатларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим.
Бухоро амирлиги қушбегиси вазоратхонаси тизимига кирувчи махсус девонхонаси билан бирга, Россия императорининг Бухородаги сиёсий агентлигида иш юритган алоҳида амирлик девонхонаси хусусида маълумотларни илмий адабиётларда учратиш мушкул. Шунинг учун ҳам амирликдаги девонхона тизими тарихидаги бу каби муассасаларни ўрганишни ўз олдимизга мақсад қилдик.
XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида Бухоро амирлигида фаолият юритган девонхоналар фаолиятига дахлдор маълумотларнинг аксарияти юртимиздаги ҳужжат жамғармаларида сақланмоқда. Маънавий меросимизни ўрганиш орқали давлатчилик анъаналаримиз, хусусан, бошқарув тизимини тадқиқ этиш ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда. Бевосита бирламчи илмий қийматга эга архив ҳужжатларининг таҳлили шуни кўрсатдики, тадқиқ этилаётган муаммога оид маълумотлар Ўзбекистон Миллий архивининг I-1, I-3, I-126 ҳамда R-2678 фондларидаги йиғмажилдларда жамланган. Амирлик ҳукуматининг дипломатик хизматида махсус мирзахоналар, улардаги иш юритиш тизими, фаолият юритган мирзо, муншийлар билан боғлиқ қайдлар И-126 фонддаги 382-йиғмажилда, I-3 фонднинг 1-рўйхат, 653 ҳамда шу фонднинг 2-рўйхат, 134, 142, 267, 357, 474, 737, шу билан бирга I-1-фонд, 1-рўйхат, 45 йиғмажилдларида сақланмоқда. Мазкур йиғмажилдларда ўрин эгалланган ҳужжатлар илмий муомалага киритилди. Қолаверса, амирликдаги махсус девонхоналар ва ундаги ходимлар фаолияти, иш юритиш тизими натижасида шаклланган ҳужжат – йиғмажилдлар XIX аср иккинчи ярми – XX бошларида Ўрта Осиё минтақасида дипломатик муносабатлар тарихини тадқиқ этиш учун қимматли манба вазифасини бажаради. Зеро, тарихчилар учун манба, уни яратган шахс ёки муассаса фаолияти, қолаверса, унинг юзага келишига хизмат қилган шароитни ўрганиш бирламчи аҳамият касб этади.
Ушбу мақолани ёзишда хронологик изчиллик, муаммовий ҳамда қиёсий таҳлил каби илмий тадқиқот усулларидан фойдаланилди. Тадқиқотда қўйилган масалалар холислик ҳамда тарихийлик тамойилларига таянган ҳолда ўрганилмоқда.
Манбаларда Бухоро аркида юқори қушбеги тасарруфидаги «Мирзахонаи калон» фаолият юритгани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Ушбу девонхона вазоратхона таркибига кирувчи иккита девонхонадан ташкил топган[1]. Уларнинг биттаси мамлакат хазинасидаги олтин, хирож маблағлари ва тушумларнинг сарҳисоби ва турли хилдаги харажатларни амалга ошириш билан; иккинчиси эса бекликлар билан муносабатга киришиш ҳамда хорижий мамлакатларга чиқиш учун амирлик фуқароларига паспорт(рухсатномалар)ни тақдим этиш билан шуғулланган.
Мирзахонаи калон ‒ юқори қушбеги ҳовлисидаги хоналарда жойлашган. У хазина кирим ва чиқим харажатларини амалга оширган. Ушбу девонхонада 10 нафар мирза фаолият юритар эди. Амирнинг мамлакат бўйлаб сафарларида ушбу девонхонадан учта мирза жалб қилинган. Уларнинг бири ҳисоб амалиётини, иккинчиси маблағларни қабул қилиш ва сафар харажатлари рўйхатини олиб бориш, учинчиси эса маблағ ажратиш ишлари билан шуғулланган.
Қушбеги ҳовлисида жойлашган иккинчи девонхонада ҳам 8-10 нафар мирза ишлар эди. Девонхоналарда алоҳида-алоҳида мирзабошилар тайинланган ва қушбегига ҳисобот бериб турган. Ушбу девонларни мирзои калон ‒ бош мирза бошқарган. Девонбеги, яъни қуйи қушбеги девонхонаси Арк қўрғони этагида жойлашган эди. У яна ҳавли-и поён ‒ яъни қуйида жойлашган ҳовли деб аталади.
Юқори қушбеги ва Россия императорининг Бухородаги сиёсий агентлиги ўртасидаги ёзишмалар билан махсус мирзахона – девонхона шуғулланган. Ушбу девонхона аркнинг сайисхона ҳовлиси таркибига кирувчи хоналарда жойлашган эди. Девонхона икки хонадан иборат бўлиб, унинг биринчисида мирзалар, иккинчисида эса дафтардор ҳамда мирзои мунший фаолият юритган [2].
Қушбеги девонхонаси таркибига кирган махсус мирзахонада фаолият юритган таржимон мирзалар ҳам ҳукуматлараро мактубларни тайёрлашда муайян ўрин эгаллаган. Жумладан, амирлик ҳукумати мактубларини таржима қилиш ва уларни сиёсий агентликка йўллаш таржимон мирзаларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланар эди. Архив ҳужжатларида ушбу лавозимда Искандар Аҳмедов, Абдулғани Абдумуталипов, Саид Герей Субхонқулов ва Давлат Муродовлар фаолият юритгани хусусида маълумотлар мавжуд.
Келиб чиқиши Тошкент шаҳридан бўлган Абдулғани Абдумуталипов 1915 йил 1 ноябрдан эътиборан ойига 90 рубль маош эвазига Бухоро амирлиги девонхонасида таржимон сифатида иш бошлайди. У дастлаб таржимон, сўнгра эса махсус мирзахонани бошқаради. Рус, форс, араб тилларини билган [3]. 1916 йилги мардикорликка олиш компанияси даврида у Сирдарё вилоятининг фуқароси сифатида мардикорликка жалб қилинади. Қушбеги унинг малакали ходимлигини эътироф этган ҳолда мардикорликка олишдан озод қилишни сўраб сиёсий агентликка мурожаат қилади [4]. Мавжуд ёзишмалар Абдулғани Абдумуталипов 1916 йил 26 октябрда мардикорликка олишдан озод этилганини кўрсатади.
Мирзахонадаги таржимонлар орасида Аҳмедов Искандар Усмонович ҳам фаолият юритган. У 1910 йилда Мирзо Насруллобий қушбеги таклифи билан мирзахонада иш бошлайди ва етти йиллик фаолияти давомида мирзахонада тайёрланган мактубларнинг таржимасини амалга оширади. Буни қушбеги мактубларининг таржима қисми охирида «Мирзо Искандар жевочи» деган ёзув ҳам тасдиқлайди.
Мирзахона фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиш натижасида у ерда фаолият юритган таржимон мирзалар ойига 80-100 рубль миқдорида маош олгани аниқланди.
Мазкур масалага дахлдор ёзишмалар таҳлил этилганда Туркистон генерал-губернаторлиги фуқаролари Бухоро амирлигидаги махсус мирзахонада таржимон сифатида ишлашга рухсат бериш хусусида сиёсий агентликка мурожаат қилганликлари тўғрисида маълумотлар мавжудлиги маълум бўлди. Амирликдаги мавжуд тартиб ва қоидаларга биноан ушбу лавозимга ходимларни тайинлаш амир ҳукуматининг ваколат доирасига кирган. Сиёсий агентлик эса бу лавозимга номзодларнинг ҳужжатларини тақдим этиш ва бу хусусида қушбегининг фикрини билиш ҳуқуқига эга эди [5].
Мазкур масалада сиёсий агент ва амирлик қушбегиси ўртасида ёзишмалар олиб борилган. Сиёсий агент ва қушбеги ўртасидаги ёзишмалардан шу нарса маълум бўладики, айрим шахсларнинг сиёсий агент номига ўзини қушбеги девонхонаси таржимони лавозимига тавсия этишни сўраб юборган илтимосномалари кўп ҳолларда ижобий ҳал этилмаган. Бу ҳол амир ҳукумати мазкур лавозим учун муносиб вакилларни ўзи танлаганини кўрсатади.
Шу ўринда бевосита Россия императорининг Бухородаги сиёсий агентлиги девонхонасида бош, биринчи ва иккинчи кичик ёзма таржимон деб номланган лавозимлар жорий этилганини таъкидлаш жоиз. Уларда маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам фаолият олиб борган. Бу каби ходимлар асосан рус тилида юритилган расмий идоравий ҳужжатларни маҳаллий тилларга таржима қилиш билан шуғулланган. Сиёсий агентликнинг фаолияти давомида бош таржимон лавозимида узоқ йиллар давомида Абдуллов Ахмад Герей фаолият олиб боради [6]. Абдуллов Ахмад Герей 1869 йилда туғилган ва сиёсий агентликда 1900 йил 25 ноябрдан ўз фаолиятини бошлаган. Оренбургдаги ўқитувчилар мактабини битирган. 1902 йили Бухоро амирининг 2-даражали кумуш юлдуз ордени билан тақдирланади. 1910 йили Бухоро амири (Абдулаҳадхон)нинг 25 йиллик ҳукмронлигига атаб чиқарилган юбилей медали соҳиби. Романовлар сулоласининг 300 йиллиги муносабати билан 1913 йилда чиқарилган юбилей медали эгаси. У ўз фаолиятини кейинчалик амирликда ташкил этилган Россия резидентлигида ҳам давом эттиради [7].
Девонхонада кирилл графикасидаги ҳужжатларни араб графикасига таржима қилиш билан шуғулланувчи икки таржимон мирза: катта маҳаллий ёзма таржимон Аҳмадбек Раҳимбеков ва кичик маҳаллий ёзма таржимон Ғулом Ҳайдар Насруллабоев ҳам иш олиб борган [8].
Аҳмадбек Раҳимбеков 1868 йилда туғилган. Сиёсий агентликда 1887 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Эски Бухородаги мадрасада ўқиган. Архив маълумотларга асосланадиган бўлсак, Аҳмадбек Раҳимбеков 1899 йилда Бухоро амирининг 3-даражали, 1901 йилда 2-даражали кумуш юлдуз ордени билан тақдирланади. 1910 йили Бухоро амири(Абдулаҳадхон)нинг 25 йиллик ҳукмронлигига атаб чиқарилган юбилей медали соҳиби. Шунингдек, Романовлар сулоласининг 300 йиллиги муносабати билан 1913 йилда чиқарилган юбилей медали билан ҳам мукофотланган [9].
Иккинчи таржимон мирзо Ғулом Ҳайдар Насруллабоев 1888 йилда туғилган. Сиёсий агентликда 1907 йил 7 майдан ўз фаолиятини бошлаган. Эски Бухородаги мадрасада ўқиган. 1911 йилда Бухоро амирининг олтин медали билан тақдирланган. Романовлар сулоласининг 300 йиллиги муносабати билан 1913 йилда чиқарилган юбилей медали соҳиби ҳисобланган [10].
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия императорининг Бухородаги сиёсий агентлигида ҳам амирлик ҳукуматининг девонхонаси ташкил этилади. Бу девонхона агентлик биносида жойлашган бўлиб, амирлик ҳукумати номига йўлланадиган мактубларни таржима қилиш ҳамда ўзаро ёзишмаларни олиб бориш ишларини амалга оширган. Ушбу муассасада амир ҳукуматининг икки амалдори фаолият олиб борган. Улардан бири тўқсабо Мирзо Маҳмуд Мусахўжа бўлиб, у Бухоро амирининг агентликдаги амалдори вазифасини бажарарди. У икки мамлакат ўртасида олиб бориладиган ёзишма ва давлатлараро муносабатларни амалга ошириш учун масъул шахс ҳисобланган [11]. Бу лавозимга амирга яқин кишилар тайинланган. Мирзо Маҳмуд Мусахўжа бу лавозимда узоқ вақт фаолият олиб боради. Фақат 1914 йилда амирлик ҳукумати унинг ўрнига Мирзо Малик мирохўрни тайинлайди [12].
Амирнинг сиёсий агентликда фаолият олиб борган иккинчи амалдори Мирбадалов Мир Ҳайдар Қосимовичдир. У Оренбургда яшовчи бухоролик шахс оиласида туғилган. Уезд билим юрти(училиши)ни битирган. 1880 йилдан Зарафшон вилояти Каттақўрғон бўлими бошқармасида таржимон. 1886 йилдан сиёсий агентликда катта ёзма таржимон лавозимида ишлай бошлайди. «Бухорои шариф» газетасининг масъул муҳаррири. 1880 йилда 3-даражали, 1904 йилда 2-даражали Станислав ордени, 1897 йилда 3-даражали, 1910 йилда 2-даражали Анна номидаги орденлар билан тақдирланган.
Амирнинг ушбу амалдори сиёсий агентлик таркибига кирган Бухоро амирлиги девонхонаси бошқарувчиси вазифасини бажарарди. Бу лавозимдаги ходимни ишга тайинлаш ёки унга тегишли сабабларга асосланиб меҳнат таътили муддатини белгилаш масаласи сиёсий агентлик ва амир қушбегиси ўртасида олиб борилган ёзишмалар асосида ҳал этилган [13].
Гарчи М.Мирбадалов сиёсий агентликда фаолият олиб борган бўлсада, у бевосита амир кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда маҳаллий аҳоли билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва амирликнинг сиёсий агентликдаги девонхонасини бошқариш билан шуғулланар эди.
Тадқиқотда 1904 йилда Россия императори томонидан Бухородаги сиёсий агентликда девонхона ходимлари учун алоҳида бино ажратилгани қайд этилади [14]. Сиёсий агентлик биноси ҳовлисида бир қаватли алоҳида бино қурилиб, унинг таъминоти империя ҳукуматининг маблағ ажратмаси асосида амалга оширилган.
Архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида, сиёсий агентликда Бухоро ҳукумати девонхонаси учун бино ажратиш масаласи ҳам кўтарилгани маълум бўлди. Таҳлиллар бино қурилиши учун амир 13000 рубль миқдорида маблағ ажратганини кўрсатмоқда [15]. Бу миқдордаги маблағ ажратилгани хусусидаги маълумот 1916 йил 9 сентябрда сиёсий агентнинг амирлик ҳукуматининг сиёсий агентликдаги девонхона бошқарувчиси Мирбадалов Мир Ҳайдар номига йўллаган хатида ўз аксини топган. Бу ҳол амирлик ҳукумати ўзининг расмий идоравий муассасалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратганини кўрсатади. Чунки агентликда ташкил этилган амир ҳукумати девонхонаси икки мамлакат муносабатларига оид ҳужжатларни юритиш ишида муҳим бўғинлардан бири ҳисобланган.
Тадқиқот жараёнида сиёсий агентлик девонхонаси ва қушбеги девонхонаси ўртасида девонхона фаолияти кунлари режаларининг ўзаро алмашилганлик ҳолати мавжудлиги аниқланди. Бу каби тадбирлар асосан агентликка янги сиёсий агент тайинланган пайтда амалга оширилар эди. Жумладан, ушбу масала юзасидан сиёсий агент А.Я.Миллер 1916 йил октябрда қушбегига мурожаат қилиб, унинг девонхонаси учун ўзининг 17 октябрда ишлаб чиққан сиёсий агентликдаги қабул кунлари рўйхатининг беш нусхасини юборишини билдиради [16]. Сиёсий агент томонидан қабул кунларининг ишлаб чиқилиши ва бу ҳақда амирлик ҳукуматига билдирилиши қабул жараёнларини тартибга солиш мақсадида амалга оширилган тадбир ҳисобланади. Сиёсий агентлик девонхонаси икки мамлакат ўртасида кўтарилган масалаларни ҳал этишда муҳим бўғин вазифасини бажаргани билан ҳам аҳамиятлидир. Россия императори сиёсий агентлиги 1917 йилнинг мартидан эътиборан Россия резидентлигига айлантирилади. Резидентлик ҳам қушбеги девонхонаси билан расмий ёзишмалар олиб боришни давом эттиради.
Юқорида билдирилган фикрларга асосланиб, расмий ҳукуматлараро ёзишмаларни олиб боришда сиёсий агентлик ва амир қушбегиси раҳбарлигидаги девонхоналарининг ўрни муҳим. Шу ўринда амирлик қушбегиси вазоратхонаси тизимига кирувчи икки махсус мирзахона – девонхоналарнинг ташкил этилганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Зеро, олий даражадаги мактубларни тайёрлаш ҳамда уларнинг таржимаси давлатлараро мулоқот ва муносабатлар динамикасига таъсир этмасдан қолмаган. Шунинг учун ҳам махсус мирзахоналарнинг иш тартиби, мирзахона ходимларини ишга қабул қилиш каби масалаларда амирлик маъмурлари эҳтиёткорлик билан иш кўрган. Мирзахонларнинг меҳнат маҳсули ҳам ўз даврида, ҳам бугунги кунда амирлик даври тарихини ўрганишни мақсад қилган тадқиқотчилар учун зарур муҳим маълумотларни тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
-
Оʼзбекистон Милли архиви (кейинги ўринларда – Оʼз МА), R-2678-фонд, 1-рўйхат, 448-йиғмажилд, 137-варақ.
-
Андреев М.С. Чехович О.Д. Арк Бухары в конце XIX – начале XX вв. – Душанбе: Изд-во Дониш, 1972 .
-
Ўз МА, I-3-фонд, 1-рўйхат, 653-йиғмажилд, 7-варақ.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 737-йиғмажилд, 152-варақ.
-
Ўз МА, I-3-фонд,1-рўйхат, 653-йиғмажилд, 26-28-варақлар.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 357-йиғмажилд, 49-50-варақлар.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат,134-йиғмажилд, 15-16-варақлар.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 267-йиғмажилд, 4-5-варақ.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 357-йиғмажилд, 51-52-варақлар.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 357-йиғмажилд, 51-52-варақлар.
-
Ўз МА, I-1-фонд, 1-рўйхат, 45-йиғмажилд, 247-варақ.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 134-йиғмажилд, 30-варақ.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат,134-йиғмажилд, 9-10 варақлар.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат, 142-йиғмажилд, 131-133-варақлар.
-
Ўз МА, I-3-фонд, 2-рўйхат,474-йиғмажилд,156-варақ.
-
Ўз МА, I-126-фонд, 2-рўйхат, 382-йиғмажилд, 1-варақ