Home / МАҚОЛАЛАР / Диний бағрикенглик-миллатлараро тотувликнинг гаровидир

Диний бағрикенглик-миллатлараро тотувликнинг гаровидир

Ўзбек миллати билан ёнма-ён яшаётган ҳар бир миллат ва элат вакилларининг барқарор ривожланиши давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланганлиги боиси ҳам, манфаатларга нисбатан толерантлак туйғулари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. “Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 137 та миллий маданий марказ етакчи роль ўйнамоқда. Улар ўзларининг ўзига хос маданияти, тили, халқ ҳунармандлигини ривожлантириб, турли маданиятларнинг бир-бирини ўзаро бойитишига, ҳар биримизда кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда”[1]

Она-диёримиз ўзининг бетакрор табиати, оқар сувлари, серҳосил тупроғи, ям-яшил далалари, боғ-роғлари, пурвиқор тоғлари, турли-туман гиёҳ ва набототлар ўсадиган биёбонлари, қадимий шаҳар ва қишлоқлари, кўҳна тарихи ва ўзига хос маданият, урф-одатларига эга иймонли, эътиқодли халқи билан дунёга машҳур ва маълум.

Бу ўлкада яшаб келаётган барча халқлар, миллат ва элатлар ўзаро ҳамкорлик ва динлараро бағрикенглик каби азалий анъаналар руҳида тинчлик ва осойишталикда яшаб келишмоқда. Қаерда тотувлик бўлса, ўша жойда, албатта, тинчлик ва осойишталик бўлади. Қайси жойда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлса ўша ерда тараққиёт, ҳалқлар фаровон, авлодлар баркамол бўлади.

Ўз мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистон ана шу тарихий анъаналарга содиқ ҳолда жамиятда ижтимоий бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳи устувор бўлишига қаратилган турмуштарзи олиб бормоқда. Ана шундай тамойилларга биноан халқимиз жипслашиб, ўзининг бирлиги, бир бутунлигини англади, бир-бирларига меҳрли, оқибатли бўла бошлади.

“Бағрикенглик” сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидамлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдарлик каби маъноларга эга дейиш мумкин. Шундай бўлса-да, бугунги кунда чуқур ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий мазмун касб этган ушбу тушунчанинг кўпчилик томонидан тан олинган илмий таърифи йўқлигини, аммо у ифода этадиган асосий сифат ва хусусиятлар умумий ҳолда тавсифланганини таъкидлаш зарур.

Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозим.

“Диний бағрикенглик” тушунчаси кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаришисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндашиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Ана шунга биноан мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа динларга ва уларнинг вакилларига бағрикенгликнинг буюк намуналарини кўрсатиб келишган. Қуръон ва Суннат ҳукмига кўра мўмин-мусулмонларнинг бирор қавмни ёмон кўришлари ёки ўша қавмларнинг мусулмонларга душманлик қилиши уларга нисбатан зулм қилишга, ҳақларини поймол этишга сабаб бўлмаслиги керак.

Тотувлик ва диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир омилдир. Ислом илк давриданоқ аввалги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.

Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 137 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик, тотувлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро баҳамжиҳат, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг берган улкан неъматидир.

Диёримизда кўплаб соҳалар қатори дин соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Бунга мисол қилиб ҳар йили фуқароларимизнинг Ҳаж ва Умра ибодатини тўла-тўкис адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилаётгани, минглаб масжидлар, ўнлаб мадрасаларнинг фаолият юритаётганини эътироф этишимиз мумкин. Шунингдек, турли дин вакилларининг ўз ибодатларини мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратилган.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзаро миллатлараро тинчлик тотувликда, динлараро бағрикенглик ва олийжанобликда ҳаёт кечиришимизга насибу рўзи айласин!

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

[1] Ш.М.Мирзиёев.Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб,янги босқичга кўтарамиз.Тошкент.”Ўзбекистон”.2017

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ УСУЛУЛ ФИҚҲГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Ҳаким Термизий тасаввуф соҳасида яхши танилган олим, усулул фиқҳ ва мақосидуш шариа бўйича асарлар муаллифидир. …