Home / МАҚОЛАЛАР / Юртимизда бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тараннуми

Юртимизда бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тараннуми

Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсинки, Аллоҳ таоло бизларни шунча яратган махлуқотлари ичида азиз ва мукаррам ҳурматли инсон зоти қилиб яратди. Ва яна Аллоҳ таоло ҳар бир яратган нарсаларини, жонзотларини ҳам сизу биз инсон зотига бўйсундириб қўйди. Шунинг учун ҳам сизу биз инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш, башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик, аҳиллик тушунчасининг тақозоси ҳисобланади. Жамиятдаги инсонлар, қачонки, яхшиликни ўзлари учун бўлишлигини хоҳлашлиги билан бирга, бошқаларга илинсаларгина, яъни бошқаларга ҳам яхшилик қилса, нажот топиб, муваффақият сари илдам одимлаб бораверадилар. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда бу борада Вал-аср сураси, 1–3-оятларида бу ҳақида бизларга таълимот берилган. Бизнинг халқимиз минг йиллар мобайнида мамлакатимиз ҳудудида яшаётган турли миллат ва элатлар билан аҳил, иноқ, тинч-тотув, ҳамфикр ва қадрдонлик тамойиллари асосида яшаб келган. Бағрикенглик бизнинг халқимиз маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётгани юксак эътиборининг намунаси ҳамдир. Ва бу бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳаттоки, Конституциямиз ҳам виждон ва эътиқод эркинлиги, фуқароларнинг бағрикенглиги учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилади.

Кейинги уч йилда Муҳтарам Президентимиз юртимизда илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништиришга доир бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Мазкур ташаббуслар замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бизларга қолдириб кетган бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Яна шуни эслаб ўтишимиз керакки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. Унда бағрикенглик, ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймаслик каби умуминсоний қадриятлар, барчанинг таълимдан фойдаланишини таъминлаш, саводсизлик ва билимсизликка барҳам бериш ғоялари ифода этилганди ва бунинг самараси БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ бўйича резолюциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз учун ўтган 2018 йилнинг энг муҳим тарихий воқеаси бўлди, десак адашмаймиз. Бу Президентимиз раҳбарлигида юртимизда миллатлараро ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши деганидир. Яъни, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бу конструктив таклиф – дунёда мавжуд барча динларга нисбатан маънавий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга доир ғоя, бошқа давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Бугун дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, экспертлар резолюциянинг бағрикенглик билан бир қаторда, маданий ва диний билимларни кучайтириш, глобал тинчлик ва фаровонлик учун устувор йўналиш сифатида хизмат қилажагини таъкидламоқда. Хулоса қилиб айтганда, азаалдан, минг йиллардан бери, юртимизда аҳил-иноқ, тинч тотувликда, истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро, 130 дан ортиқ миллат вакиллари, бу олиб борилаётган хайрли ишларнинг қадрига етиб, муқаддас Ватанимиз, юртимиз обод ва фаровон бўлишлиги учун бир тану бир жон бўлиб, ўз касбимизга фидоий, садоқат билан хизмат қилиб, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, умуминсоний қадриятлар асосида тарбияламоғимиз даркор.

Жумамуратов Яқуб
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жоме масжиди имом-хатиби.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …