Home / КИТОБЛАР / Шахсий сифатлари

Шахсий сифатлари

Имом Бухорий озғин ва ўртабўй киши бўлганлар. У киши дунёдан зоҳид бўлиб ўтганлар. Оталаридан ўзларига қолган кўп миқдордаги молни садақа қилар эдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи жуда оз таом ер эдилар. Баъзи вақтларда кунига икки ёки уч дона бодом еган кунлари ҳам бўлган. У киши бир марта бемор бўлганларида пешоблари табибларга кўрсатилган. Шунда улар: бу пешоб баъзи насоро роҳибларининг пешобига ўхшайди. Улар, одатда, таом емайди, дейишган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи: тўғри айтишди, деганлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари айтадилар:

«Ғийбат ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилганим йўқ».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз хоналарида эдилар. Жория келиб, у ерга кирмоқчи бўлди ва қоқилиб, у кишининг олдиларидаги сиёҳдонни тепиб юборди.

«Бу қандай юриш?» дедилар.

«Йўл бўлмаса, қандай юрай?» деди жория.

У киши қўлларини ёйиб:

«Кетавер! Сени озод қилдим!» дедилар.

«Ё Абу Абдуллоҳ! У сизнинг ғазабингизни чиқардими?» дейилди.

«Қилган ишим ила нафсимни рози қилдим», дедилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг варроқлари, яъни мирзалари ҳикоя қилади:

«Унга отасидан жуда катта мол мерос қолган эди. Уни музорабага берар эди. Қарздор унинг йигирма беш мингини бермай қўйди. Унга:

«Волийнинг мактубини олсанг, ёрдам бўлади», дейишди.

«Мен улардан мактуб олсам, улар мендан тамагир бўлиб қоладилар. Динимни дунёга сотмайман», деди.

Унга Абу Ҳафс берган юкни келтиришди. Кечқурун бир гуруҳ тожирлар келиб, унга беш минг дирҳам фойда беришни таклиф қилдилар. У:

«Бу кеча бориб туринглар», деди.

Эрталаб бошқа тожирлар келди ва ўн минг дирҳам фойда беришни таклиф қилишди. У:

«Мен кечқурун аввал келганларга беришни ният қилган эдим, ниятимни бузишни истамайман», деди ва молни ўшаларга берди».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг варроқлари (мирзалари) ҳикоя қилади:

«Кўпинча улов миниб, ўқ отгани чиқиб турар эди. У кишига ҳамроҳ бўлганим давомида ўқлари мўлжалга тегмай қолганини фақат икки марта кўрганман. Бошқа барчаси тегарди.

Фирабрда турганимизда бир куни ўқ отгани чиқдик. Бандаргоҳга олиб борадиган йўлга чиқдик ва ўқ ота бошладик. Абу Абдуллоҳнинг ўқларидан бири анҳор устидаги кўприкнинг арқонига тегди. Арқон ёрилди. У буни кўриб, уловидан тушди. Ўқни арқондан чиқариб олди. Ўқ отишдан тўхтади ва:

«Қайтинглар!» деди.

Биз қайтдик. Шунда у менга:

«Эй Абу Жаъфар! Сенга ҳожатим бор», деди оғир нафас ола туриб.

«Хўп!» дедим.

«Кўприк эгасининг олдига борасан! «Биз арқонга зарар етказдик. Бизга унинг ўрнига бошқасини тортишга ёки қийматини тўлашга ижозат беришингни ва бизни қилган нарсамиз учун кечиришингни сўраймиз», дейсан», деди.

Кўприкнинг эгаси Ҳумайд ибн Ахзар деган одам эди. У менга:

«Абу Абдуллоҳга салом айт ва унга «Сенинг қилган ишингни кечирдим. Барча мулким сенга фидо бўлсин», деганимни айт», деди.

Мен унга бор гапни айтдим. Унинг юзи ёришиб кетди. Кўп хурсанд бўлди. Ўша куни ғарибларга беш юзта ҳадис ўқиб берди ва уч юз дирҳам садақа қилди».

Имом Бухорий Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаларидан бўлиб, ихлос, садоқат ва ибодатда мисли йўқ кишилардан эдилар.

Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳақида «Тарихи Бағдод» ва бошқа китобларда қуйидаги маълумотлар келтирилган:

«Рамазон ойининг биринчи кечаси имом Бухорийнинг ҳузурларига асҳоблари жамланар ва у киши ҳар ракъатга йигирма оятдан қўшиб ўқиб, хатм қилар эди. Саҳар пайтида эса Қуръоннинг учдан биридан ярмигача ўқиб, учинчи кечанинг саҳарида хатм қилар эди. Бир куни у киши намоз ўқиётганида ари ўн етти марта чақди. Намозни ўқиб бўлиб:

«Қаранглар-чи, намозимда менга озор берган нарса нима экан?» деди. Қарасалар, бир ари ўн етти марта чақиб, шишириб юборган экан. Намозни бузмабди».

Бошқа бир ривоятда айтилишича, асҳобларидан бири у кишини ўз боғига чақирибди. Пешин намози бўлган экан, одамларга имомликка ўтиб бўлиб, нафл намоз бошлабди. Қиёмда узоқ турибди.

Намозни тамом қилганидан кейин кўйлагининг этагини кўтариб, ўзи билан бирга бўлган шахслардан бирига:

«Қара-чи, кўйлагимнинг остида бир нарса борга ўхшайди», дебди.

Қараса, ари ўн олти-ўн етти жойидан чақиб, баданини шишириб юборган экан. Арининг асари жисмида очиқ кўриниб турган экан. Одамлар унга:

«Биринчи чаққандаёқ намоздан чиқсангиз бўлмасмиди?!» дедилар.

«Бир сурани ўқиётган эдим. Тугатиб қўяй дегандим», деди».

Имом Бухорийнинг сафарларида кўпинча бирга бўлган Муҳаммад ибн Абу Ҳотим эслайди:

«У киши саҳар чоғи ўн уч ракъат намоз ўқир эдилар. Витрни бир ракъат қилардилар. Ўзлари турганда мени уйғотмас эдилар.

«Ўзингиз шунча оғирликни кўтариб, мени нимага уйғотмайсиз?» десам:

«Сен ёшсан, уйқунгни бузмай дедим», дер эдилар».

Имом Бухорий Басрада беш йил яшаганлар. Ўша йиллари китоб ёзиш билан машғул бўлишларига қарамай, ҳар йили ҳаж мавсуми келганда Маккага бориб, ҳаж қилар ва қайтиб келиб, яна илмий ишларини давом эттирар эдилар.

Имом Бухорий илмий ишларни афзал ибодатлардан деб билар эдилар. У киши ўзларининг бош асарлари «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоблари ҳақида:

«Уни ўзим билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида ҳужжат қилдим», деганлар.

Бошқа илмий асарлари ҳақида эса:

«Аллоҳ таолодан бу таснийфотларни мусулмонлар учун баракали қилишини умид қиламан», деганлар.

Имом Бухорий тоат-ибодатга тарғиб қилиш борасида:

«Мусулмон инсон учун дуо қилса, қабул бўлмайдиган ҳолатда юриш тўғри келмайди», деганлар.

Имом Бухорий яхши амалларни иложи борича кўп қилиш пайидан бўлар эдилар. У киши Бухоро яқинида бир работ қурганлар. Жуда кўп одам бу ишда у кишига ёрдамга келган. Шундай бўлса ҳам, имом Бухорий ўзлари ғишт ташиб, ишлаганлар. Одамлар:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Сиз овора бўлманг», дейишди.

«Мана шу менга манфаат беради», дедилар у киши.

Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳам, амаллари ҳам илмга асосланган бўлар эди. Бир куни у киши Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроққа:

«Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман», деганлар.

Бу борада Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоллари ҳақида маълумот берган «Тарихи Бағдод», «Таҳзийбул Асмаа» каби китобларда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқдан қуйидаги ривоят келтирилади:

«У киши бир куни Имом Бухорийнинг чалқанча тушиб ётганларини кўрди. Улар ўшанда Фирабрда эдилар. Тафсир китоби таснийф қилинаётган эди. Имом Бухорий ўша куни жуда кўп ҳадисларни чиқариб, қаттиқ чарчаган эди. Варроқ у кишига:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Бир куни «Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман», деганингизни эшитган эдим. Ушбу чалқанча ётишда қайси илм бор?» деди.

«Бугун ўзимизни қаттиқ чарчатдик. Бу сарҳадлардан биридир. Душманлардан бирор иш содир бўлмасин, деб қўрқдим. Бир оз дам олиб, тайёргарлик кўрай, дедим. Агар душман бизни ғафлатда қолдирмоқчи бўлса, тезда ҳаракатга тушамиз», деди Имом Бухорий».

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …