Home / МАҚОЛАЛАР / КАМОЛОТ ЗАМИНИ

КАМОЛОТ ЗАМИНИ

 Мустақиллик, истиқлол Ватанимизга шундай афсонавий бир куч ато этдики, унинг таъсирида очилишига муҳтож бўлиб ётган минглаб зиё ва фикр булоқларининг кўзи очилиб кетди. Имон, эътиқод, Ватан, эрк туйғуси халқимизнинг бутун борлиғини қамраб олди ва ўзлигини билиш ва жаҳон ҳамжамиятида ўзининг Менлигини ҳалол меҳнати ва ақли билан танитиш сари етаклади. Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётидаги ижодий изланиш қизиб кетди.

1991 йилнинг 31 августида ўзбек халқининг инсоний ҳуқуқи – ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи рўёбга чиқди, Ўзбекистон мустақил бўлди ва у мамлакатимиз камолотининг заминига айланди. Мустақилликнинг йигирма саккиз йиллигини кўриб, у нималарга қодир эканлигини, нималар бераётганлигини қалбдан ҳис этиб турибмиз.

Мустақиллик халқимизнинг орзу-умидларини ўзида мужассам қилган қадрият сифатида, биринчи галда Республика фуқаролари сиёсий фаолиятининг, демократик жараёнларнинг ҳам натижаси, айни вақтда бу жараёнларнинг такомиллаштиришнинг замини ҳамдир. Мустақилликнинг ижтимоий-сиёсий қадрини мустаҳкамлашда кўппартиявийликка, демократик фаолиятга партиялараро мулоқотга кенг йўл берилди. Халқнинг сиёсий активлигини оширишга хизмат қиладиган барча тадбирлар Конституцияга асосланиб, қонун доирасида олиб борилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга дадиллик билан киришди. Аввало, давлат рамзлари белгилаб олинди. Жумладан: Давлат байроғи, Давлат герби, Давлат мадҳияси, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси – сўм муомалага киритилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Республика парламентининг номи Олий Мажлис деб аталадиган бўлди.

Йигирма саккиз йил ичида Ўзбекистон оғир ва енгил саноати дейсизми, машинасозлик ва бошқа соҳаларда дейсизми, кўзга кўринарли даражада  тараққий этди ва ҳозирги кунимизда янада ривожланиб бормоқда. 

Аллоҳ таолога беадад шукурлар бўлсинки, мамлакатимизнинг миллий истиқлолга эришгандан кейин барча соҳалар каби, дин ва ибодат масалаларида ҳам эркинлик, яхши шароитлар ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Советлар даврида чекланган шароитларда зўрға ишлаб турган бир неча ўн масжид, битта мадраса ўрнида ҳозир икки мингдан зиёд масжид, ўнга яқин мадраса ва Мир Араб олий мадрасиси, Самарқандаги ҳадис илми мактаби, Тошкент ислом институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолият юритмоқда.

Мустақиллик йилларида бир неча минглаб юртдошларимиз энг қулай шариотларда ҳаж ва умра ибодатини адо этишга муяссар бўлдилар. Дахрийлик ҳукмрон бўлган йилларда қаровсиз ташлаб, омборхоналарга айлантирилган масжидлар ва мақбаралар қайта тикланиб, зиёратгоҳларга айлантирилди ва халқимиз ҳамда юртимиз меҳмонлари ихтиёрига топширилди. Оламга машҳур Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанддек улуғ аждодларимизнинг хотираларига муносиб эътибор  кўрсатилди ва бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди. Бунга ўхшаш яна кўплаб хайрли ишларни мисол келтириш мумкин. Юртимизда Истиқлол шабадаси эсаётгандан бошлаб юртбошимиз бошлиқ раҳбариятнинг эътибори ва ташаббуси билан йўқолаёзган миллий қадриятларимиз қайта тикланди, муқаддас динимиз ва мусулмонларга кенг шароитлар яратилди. 

Мустақиллик миллий маданиятимиз тарихини ўрганишга ва унга холисона ёндашувга катта имкониятлар яратди.

Маданий меросимизни ўрганиш, ўтмиш қадриятларимизни кенг ва ҳар томонлама очиб бериш, янги жамиятимизни тўғри ривожланишини, келажакни оқилона белгилаш ҳозирги давр учун долзарб вазифадир. Истиқлол йилларида жонажон Ўзбекистонимизда қарор топа бошлаган ижтимоий адолат, айниқса, бой ва кўҳна маданий меросимизни ўрганишга холисона ёндашув бугун ўз самарасини бермоқда.

Буюк давлат қуришни олий мақсад қилиб қўйган Ўзбекистоннинг айни кунда барча сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, маьнавий имкониятлари етарли. Мустақиллик йилларида қўлга киритилган муваффақиятлар бунинг далилидир. Мавжуд жуда кўплаб омиллар билан бир қаторда, келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган бой тажрибамиз ҳам бор. 2700 йиллик буюк давлатчилик ўтмишимиз бор.

Фахр билан айтиш лозимки, минг йиллар давомида Ўзбекистон ҳудудидаги аҳолининг бой маданий мероси шаклланди. Унинг асосини ўзига хос ишлаб чиқариш усули, юксак деҳқончилик ва ҳунармандчилик маданияти, бетакрор мураккаб меьморчилик ва шаҳарсозлик саньати ташкил қилади.

Бу қадимий юртдан буюк алломалар, сиёсатчилар ва саркардалар етишиб чиққан. Улар қолдирган илмий, маданий ва маьнавий мерос жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Мамлакатимиз дунёнинг чеккасида қолган овлоқ ҳудуд эмас, балки жаҳон цивилизациясининг марказларидан биридир.

Бугун Ўзбекистон ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда. Шу жумладан туризмни ривожлантириш мақсадида жуда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга йўл очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам, ўз ўрнида, Ўзбекистонга юз тутмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон хорижликларда нафақат ўзининг жаҳон эътироф этаётган туристик салоҳияти, балки бизнес юритиш учун мавжуд имкониятлари ҳамда бой маданий мероси билан ҳам қизиқиш уйғотмоқда. 

Минг йиллар давомида ислом таълимотининг инсонпарварлик ғоялари асосида шаклланган халқ маънавияти тобора сайқаллашиб, бир қанча тарихий босқичларнинг тазйиқидан соғ-омон ўтиб ва бугунги кунда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаб, унинг тараққиётига хизмат қилмоқда. Биринчи президент И. А. Каримовнинг таъбири билан айтганда, “улуғ мақсад йўлида турган муаммолар ва таҳдидларни аниқ тушуниш жамиятни бирлаштиради, жипслаштиради, ҳар бир кишига ўзининг масъулиятини, ўз ўлкаси, жонажон Ватанининг тарихи ва ҳаётдаги мураккаб воқеаларга дахлдорлигини пухта ўйлаш, янада чуқурроқ англаш имконини беради. Ана шуларнинг ҳаммасини тушунишгина ўтиш босқичида янгиланиш ва жамиятни ислоҳ қилиш йўлида бошдан кечиришга тўғри келаётган жуда катта қийинчиликлар ва машаққатларни енгишда одамга куч ва қатьият бағишлаши мумкин»[1].

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида сиёсий, иқтисодий ва маьнавий соҳаларда қўлга киритган ютуқлари шундан далолат берадики, давлатимиз ўз келажагини аниқ ва тўғри белгилаб олган, халқнинг озодлиги ва фаровонлигини таьминлаш йўлидаги буюк мақсадлари ҳамда интилишларидан уни ҳеч қандай ғаразли куч қайтара олмайди.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муборак бўлсин! 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Қ. Маҳмудов
[1] Каримов И. А. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. Т. 6. – 261-б. 

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …