Home / МАҚОЛАЛАР / Порахўрлик – тараққиёт кушандасидир

Порахўрлик – тараққиёт кушандасидир

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, У бизга динни мукаммал, неъматини тўкис қилиб берди, исломни биз учун дин деб рози бўлди, бизни одамлар учун чиқарилган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, Азиз ва Ҳакийм Аллоҳга имон келтирадиган энг яхши уммат қилиб қўйди.

Пайғамбаримиз Муҳаммадга дуруд ва саломлар бўлсинки, Робби у кишини ҳидоятга бошловчи, хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи, Ўзининг изни ила Аллоҳ таолога чақиргувчи ҳамда ёритгувчи чироқ бўлган Пайғамбар қилиб юборди.

Порахўрликнинг шахсларга ҳам, жамиятга ҳам тегадиган зарари жуда каттадир. Пора – бу, ҳақни ноҳақликка, ноҳақликни ҳақиқатга чиқариш учун бериладиган ҳамма нарсадир. (Ат-таърифот). Порахўрлик – залолат эгалари ва шайтоннинг малайларининг сифатларидандир.

Порахўрлик жамиятни пароканда қилиб юборадиган касалликларнинг ичидан энг хатарлисидир. Бунинг сабаби шуки, қайси бир жамиятда порахўрлик кенг қулоч ёйса, унинг устунлари йиқила бошлайди, ахлоқий таназзулга юз тутади. Жамият очкўз молпарастларнинг қўлида қолиб кетади. Ана шунда ҳақ эгаси изтиробга тушиб қолади. Чунки у пора бермаса ўз ҳақини қўлга кирита олмайди. Қудратли шахсларга пора бермаса қилинаётган зулмдан ўзини ҳимоя қила олмайди. Баъзида пора олгувчи томон поранинг миқдори масаласида пора бергувчи томон билан баҳслашиб қоладиган ҳолатлар бўлади. Бу иш ҳеч қандай хижолатчилик ва уятсиз очиқ-ошкора рўй беради. Порахўрлик оқибатида келиб чиқадиган зарарнинг сон-саноғи йўқдир: ҳурмат йўқолади, ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлади, шарафлар кўмилади, иш масаласида жиддийлик йўқолади, ўз вазифасини адо этишдаги жонбозликка путур етади. Уларнинг ўрнини хомушлик ва заифлик эгаллайди, алдов ва хиёнат эгаллайди, халқнинг манфаатига халал етади, қобилият эгалари ўз қобилиятидан маҳрум бўлади, мутафаккирларнинг онги қотиб қолади, ғайрат-шижоатли кишиларнинг ҳиммати ўтириб қолади. Порахўрлик ва тамагирлик ортидан эришилган мансаб қандай самара бериши мумкин?! Порахўрлик ва тамагирлик чуқур илдиз отган жамиятдан нима кутиш мумкин?!

Порахўрликнинг сабаблари:

Порахўрликнинг сабаблари ҳақида гапирар эканмиз, умумий қилиб улар қуйидагилардан иборат деб айта оламиз:

  1. Пора берувчи ва пора олувчи шахслардаги диёнатнинг кучсизлиги:

Бундай жиноятга қўл урадиган кишилар ўзларининг Аллоҳни Парвардигор, Исломни дин ва жанобимиз Муҳаммадни пайғамбар деб тан олган мусулмон эканликларини бир лаҳза бўлсада ўйлаб кўрганларида асло порахўрлик қилмаган бўлар эдилар. Ахир улар Аллоҳ таолонинг: Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”[1]­­­,[2]  деган сўзларини тадаббур қилиб кўрмайдиларми?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пора бергувчи ва пора олгувчини лаънатлаган эканликларини бир марта бўлса ҳам эшитмаганларми?![3]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг ҳамма нарсаси – моли, ор-номуси ва қони мусулмонга ҳаромдир. Мусулмон биродарини таҳқирлаши кишига ёмонлик ўлароқ етарлидир”, дедилар”[4].

  1. ҳаёт кечириш даражасининг пастлиги:

Қалби бузуқ шахс ҳар куни ўзини оз бўлса-да даромадли мансаб эгаси бўлиб қолгани, ён-атрофида юрган катта даромадли кишиларни ёхуд турфа хил тадбир эгаларини кўрса, сўнгра ўзининг ҳаётини уларнинг ҳаётлари билан солиштириб кўрадиган бўлса, ўзидаги мана шу иқтисодий камчиликни тўлдириш мақсадида нафсу ҳавоси унга порахўрлик жиноятига қўл уришни яхши ва чиройли иш қилиб кўрсатади. Ҳолбуки, одамлар орасида фақир ё бой ёки мўътадил ҳолатдаги кишиларнинг бўлиши табиийдир. Аммо мана шу қалби бузуқ шахс тезда бадавлат бўлиб кетиш, қимматбаҳо машина сотиб олиш ёки данғиллама уй қуриш ёхуд бадавлат хонадонлар билан қуда-анда бўлишнинг энг яхши йўли порахўрлик эканига ўз нафсини ишонтиради. Аммо ана шу бечора ҳаромдан топилган давлатнинг умри қанчалик узун бўлмасин барибир баракасиз эканлигини, бир куни албатта қўлдан кетишини, унинг бу қилмиши дунё ва охиратда Аллоҳнинг ғазабига учрашига сабаб бўлишини унутиб қўйган бўлади.

  1. очкўзлик, худбинлик ва ижтимоий билимнинг кучсизлиги:

Порахўр одам худбин бўлади, фақат ўзини севадиган бўлади, ўзи унинг ичида яшаб турган жамият билан иши йўқ бўлади. Шунинг учун ҳам эрта-ю кеч ўзи билан бирга яшаётган ва муомалада бўлиб келаётган ватандошларининг келажаклари ҳақида ўйлаб ўтирмай порахўрлик қилади. Ноҳақ йўл билан қўлга киритаётган мана шу пуллар давлат мулкининг зое бўлишига, кўплаб инсонларнинг ҳуқуқлари оёқ ости қилинишига сабаб бўлаётганини била туриб порахўрлик қилади.

Ана шу қалби бузуқ кимса ўзини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ёддан чиқарганликка солади: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни қаровсиз ташлаб қўймайди. Ким ўз биродарининг эҳтиёжи учун ҳаракат қиладиган бўлса, Аллоҳ унинг эҳтиёжи учун ҳаракатда бўлади. Ким бир мусулмондан битта ғамни кеткизадиган бўлса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан биттасини кеткизади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг айбини беркитади”[5].

Яна бу ҳадиси шарифни ҳам: “Мўминларни бир-бирларига меҳрли бўлиш, бир-бирлари билан дўстона муносабатда бўлиш ва бир-бирларига хайрихоҳликда бўлишларида худди тана сингари эканликларини кўрасиз: унинг бир аъзоси оғрийдиган бўлса, тананинг қолган аъзолари ҳам бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлади”[6].

Порахўрликнинг хароб қилгувчи оқибатлари:

Ҳақиқатда порахўрликнинг шахслар ва жамиятга нисбатан хатарли оқибатлари мавжуд ва умумий қилиб айтадиган бўлсак, улар қуйидагилардир:

  1. порахўрлик давлатнинг иқтисодий манбаларини хароб қилади:

Кўп ҳолларда одамлар ўзлари лойиҳа тузиб қўйган бирор бир ишни бошлашга давлат тарафидан рухсатнома (лицензия)га эга бўлиш учун пора берадилар. Аслида у жамият учун фойдаси тегмайдиган, аксинча, унинг ўзи ва яқинларига кўплаб даромад олиб келиши мумкин бўлган бир иш бўлади. Жамиятга фойдаси тегмайдиган мана шундай лойиҳалар учун рухсат олиш давлатнинг ана шу лойиҳа учун зарур бўлган йўл қурилиши, электр токи, сув таъминоти сингари асосий имкониятлар ва хизматларни тайёрлаб беришида намоён бўладиган иқтисодий манбаларини хароб қилиш деганидир. Аслида бундай хизмат ва имкониятлар жамият учун чиндан ҳам фойдаси тегадиган лойиҳаларга ишлатилиши лозим эди.

  1. порахўрлик одамларнинг ҳаётини барбод қилади:

Порахўрлик жиноятининг салбий оқибатларидан яна бири одамларнинг ҳаётини барбод қилишидир. Масалан, фармацевтика ёки озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳасига порахўрлик аралашадиган бўлса, унинг оқибати бевосита одамларнинг саломатлигини барбод бўлишига олиб келади. Ҳатто, ўлим билан якун топадиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Катта-катта биноларнинг қурилишига порахўрлик аралашадиган бўлса, мисол учун, бош муҳандисга ёки давлат тарафидан тайинланган назоратчига ёхуд бошқа бирор шахсга пора бериладиган бўлса, мана шу бинолар бинокорлик қонун-қоидаларига мувофиқ қурилмаган бўлгани сабаб уларда яшайдиган кишиларнинг ҳалокатига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатлар кўп бора кузатилган. Порахўрлик оқибатида қанчадан-қанча яроқсиз маҳсулотлар ички бозорларга кириб келиб, жамиятдаги барча шахсларнинг ҳаётига хавф солишини айтмасак ҳам бўлади.

  1. порахўрлик одамларнинг ахлоқини бузиб юборади:

Қайсидир жамиятда порахўрликнинг кенг қулоч ёзиши шу жамият ичида яшайдиган одамлар ахлоқининг бузилиши учун кафил бўла олади. Яъни, улар орасида эътиборсизлик, лоқайдлик, изчиллик ва  ривожланиш борасидаги сусткашлик ҳамда меҳнат фаолиятидаги тартибсизлик кенг тус олишига сабаб бўлади.

  1. порахўрлик давлат ҳуқуқларининг поймол бўлишига олиб келади:

Маълумки, давлат фуқаролардаги солиқларни ва давлатнинг бошқа молиявий ҳақларини йиғиш учун айрим мансаб эгаларини масъул қилиб қўяди. Агар ана шундай мансабдорлардан бирига пора бериладиган ва у порани қабул қиладиган бўлса, бунинг оқибатида пора эгаси ноқонуний ҳаракатларни амалга оширадиган бўлади ва бу билан давлатга тегишли пулларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлган бўлади. Бундай ҳолатларнинг ҳам кўп гувоҳи бўлганмиз.

  1. порахўрлик номуносиб мансабдорларнинг тайинланишига олиб келади:

Бирор вазифа ёки мансабни қўлга киритиш учун пора бериладиган бўлса, бу иш ана шу мансабга муносиб бўлмаган шахсларни тайин қилишга олиб келади. Бу эса Аллоҳга, Унинг Расулига ва мусулмонларга хиёнатдир. Бундай ҳолат қайсидир бир ширкат маълум бир шартлар асосида мусобақа ўтказишини эълон қилган, унда иштирок этиш учун иқтидорлилар ҳам, булардан бошқалар ҳам ариза топширган вақтда яққол кузатилади. Яъни, мусобақа натижалари эълон қилинганида ғайратли иқтидор эгалари ютқазгани, лаёқатда ўзларидан кўра анча паст бўлган иштирокчилар пора бериб ғолиб бўлганлари аён бўлади. Бир нарсани қўлдан бой берган киши ана шу нарсани бермаслиги маълумдир. Шундай экан, ўзи муносиб бўлмаган вазифа ёки мансабни қўлга киритиш учун пора берган кишидан қандай қилиб яхшилик кутиш мумкин?!

Порахўрликнинг ҳукми:

Порахўрлик ҳаром. Ҳоким  бўлсин хоҳ қози, ўз ишини ҳеч кимдан ҳақ олмасдан туриб адо этиши лозим бўлган ишчи бўлсин хоҳ бошқа бир шахс, бу борада баробардир. Пора олиш ҳам, пора бериш ҳам ва порахўрликда воситачи бўлиш ҳам ҳаромдир. Бунга Қуръон, Суннат ва уламоларнинг иттифоқидан иборат далиллар бордир.

Биринчи: Қуръони каримда келган далиллар:

Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”[7].

Имом Заҳабий шундай деган:      

“Аллоҳ таолонинг: “уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”, деган сўзининг маъноси “молларингиз билан уларга ҳушомад қилманг, сиз учун ҳалол эмаслигини била туриб, ўзингизники бўлмаган ҳақни сизга беришлари учун уларга пора берманг”, деганидир”[8].

Аллоҳ таоло: “Улар ёлғонни кўп эшитувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир”[9], дейди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятдаги “ҳаром”ни пора деб шарҳ қилган[10].

Масруқ шундай деган: “Мен Абдуллоҳдан (оятдаги) “ҳаром” ҳақида сўраганимда: “Бир одамнинг бошқа бир одамга иши тушади ва бу одам унинг ишини битириб беради. Иши тушган одам унга ҳадя берганида бу одам уни қабул қилади”, деб жавоб берди”[11].

Ҳакам ибн Абдуллоҳ деди: “Анас ибн Молик менга:

“Отангнинг олдига қайтиб борганингда унга: “Порадан ўзингизни сақланг. Чунки, у ҳаромдир”, деб айтгин”, деди”[12]. Ҳакамнинг отаси Абдуллоҳ  Мадинанинг тартиботчиси эди.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

“У: “Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар”, деди.

Қачонки, (элчиси) Сулаймонга келганида, у: “Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонурсиз”, деди”[13].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ  шундай дейди:

“Аллоҳ таолонинг “Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?!”, деган сўзининг маъноси “Мен сизларни кофирлигингиз ва мол-мулкингиз билан индамай ташлаб қўйишим учун менга мол-давлат билан ҳушомад қилаяпсизми?!”дир.  “Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир”, деган сўзининг маъноси “Аллоҳ менга берган пдшоҳлик, мол-давлат ва лашкарлар сизлар унинг ичида бўлган нарсадан кўра яхшироқдир”, демакдир. “Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонурсиз”, деган сўзининг маъноси “Ҳадялар ва совғаларга эргашиб кетадиган кишилар сизларсиз. Аммо мен сизлардан ислом ёки қиличдан бошқасини қабул қилмайман”, деганидир”[14].

Иккинчи: ҳадиси шарифда келган далиллар:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пора бергувчи ва пора олгувчини лаънатладилар”[15].

Лаънат – ҳамма нарсани ўз ичига қамраб оладиган, ҳамма нарсадан ҳам кенгроқ бўлган Аллоҳнинг раҳматидан ҳайдаб солишдир. Лаънат фақат ҳаром нарса ва ишларда бўлади.

Учинчи: ижмодан далиллар:

Уламолар поранинг ҳаром қилинган эканига ҳамфикр бўлганлар[16].

Демак, порахўрлик мусулмонларнинг иттифоқи билан ҳаромдир. Қандай кўринишда бўлсин ёки қандай ном билан аталсин, баробардир. Хоҳ ҳадя деб аталсин, хоҳ мукофот, фарқи йўқ. Чунки бу ўринда масаланинг моҳиятига эътибор қилинади, унинг номига эмас. Бундай нарсани еган кишилар то ундан тавба қилиб, қутилиб олмагунларича ҳаром луқмани еган бўладилар, унинг касофатига қоладилар. Поранинг касофатларидан энг биринчиси шуки, у ҳаром молдир. Порахўр одамнинг:

– садақаси қабул бўлмайди;

– қилган эҳсони учун савоб берилмайди;

– дуоси ижобат бўлмайди;

– қалби қотиб, Аллоҳдан узоқлашиб бораверади;

– тоат-ибодат қилишга ҳиммати пасайиб боради;

– шаҳватга ва ҳар хил ношаръий ишларга мойил бўлиб қолади;

– поранинг миқдори қанча кўп бўлса, дўзахдан бўладиган насиба ҳам шунча зиёда бўлиб бораверади.

Аллоҳ таоло барчамизни мазкур ҳолатлардан Ўз паноҳида асрасин. Ҳалолдан топиб, ҳаёт кечиришимизни насиб айласин.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси кичик илмий ходими
Алоуддин Ҳофий
[1] Бақара сураси, 188 – ояти.
[2] Қуръони карим оятларининг ўзбек тилидаги маъноларининг таржимаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим ва  ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китоби асосида тайёрланган “Фурқон” дастуридан олинди.
[3] Абуд Довуд Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. саҳиҳ.
[4] Абу Довуд ривояти. Саҳиҳ.
[5] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[6] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[7] Бақара сураси, 188 – ояти.
[8] Муҳаммад ибн Усмон Заҳабий, Ал-кабоир, Ж.1, Б.131, Дорун-надватил-илмийя, Байрут.
[9] Моида сураси, 42 – ояти.
[10] Табарий, Жомеул-Баён, Ж.10, Б.319.  Муассасатур-рисола, 2000 й.
[11] Юқоридаги манба, Ж.10, Б.320
[12] Юқоридаги манба, Ж.10, Б.323
[13] Намл сураси, 35-36 – оятлари.
[14] Ибн Касир: Тафсирул Қуръанил-азим, Ж.6, Б.191. дору тоййиба лин-нашри ват-тавзиъ, 1999 й.
[15] Абу Довуд ривояти. Саҳиҳ.
[16] Шавконий: ад-дарорул-музийя шарҳуд-дурарил-баҳийя, Ж.2, Б.373.  Дорул-кутубил-илмийя, 1987 йил. Абу Тоййиб Муҳаммад Сиддиқ Бухорий Қиннужий: ар-равзатун-надийя шарҳуд-дурарил-баҳийя, Ж.2, Б.251, дорул-маърифат,

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …