Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Жакартада Мовароуннаҳр мероси эътироф этилди

Жакартада Мовароуннаҳр мероси эътироф этилди

Хабар берилганидек, шу кунларда Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Индонезияда хизмат сафарида бўлиб турибди.

3 июль куни делегация иштирокида Жакартада “Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади. Унинг очилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ташкилий қўмита номидан табрик нутқи сўзлаб, Мовароуннаҳрнинг ҳадис илмида тутган ўрни ва Имом Бухорий каби алломаларнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ўртасида илмий-маънавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳимлигини қайд этди.

Конференция доирасида ислом илмлари, хусусан ҳадисшунослик, тафсир ва фалсафа соҳаларидаги тарихий мерос, унинг Жануби-Шарқий Осиёдаги таъсири, замонавий таҳдидлар ва маърифий ёндашувлар каби мавзулар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирнинг асосий қисмида Ш.Зиёдов “Мовароуннаҳрда ҳадис илми ривожи” мавзусида маъруза қилиб, Марказий Осиё, хусусан, Бухоро, Самарқанд ва Термиз каби шаҳарларда IX–X асрларда шаклланган ҳадис илми мактаблари, уларнинг усул ва анъаналари, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби алломаларнинг ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар, талабалар ва илмий ходимлар алмашинуви бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Конференция давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ислом илмлари ва маънавиятининг буюк мероси – муҳокамада

Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси олимларининг Бешинчи онлайн семинари …