Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сафар янгича ҳамкорликка йўл очди

Сафар янгича ҳамкорликка йўл очди

Аввал хабар берилганидек, ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Индонезия Республикасида бўлди.

Сафар доирасида икки мамлакат ўртасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим учрашувлар ва ташрифлар уюштирилди.

Индонезия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Диаз Ҳендропиано билан мулоқот чоғида мамлакатлар ўртасидаги маънавий яқинлик ва ўзаро ҳурмат алоҳида таъкидланди. Вазир ўринбосари “Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда Имом Бухорий ва Индонезиянинг илк Президенти Аҳмад Сукарно ёдга келиши”ни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Индонезия халқи Имом Бухорийни юксак қадрлашини, мақбарасини зиёрат қилишга интилиш ва иштиёқи жуда кучли эканини қайд этди. Учрашув асносида Имом Бухорийга чуқур эҳтиром рамзи сифатида “Богор” ботаника боғига дарахт кўчати ўтқазилди.

Ташриф доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Шариф Ҳидоятуллоҳ номидаги Ислом университети ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳужжат икки томонлама илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва академик алмашувни йўлга қўйиш имкониятларини янада юксалтиришнинг ҳуқуқий асоси бўлди.

Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги диний-маърифий ва илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон делегациясининг Индонезияга расмий ташрифи муваффақиятли якунланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий муҳокама ва ижодий ёндашув

Жорий йил 2 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий ходимлар ва Кинематография агентлиги …