3 июль куни Жакартада “Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: Ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар” мавзусида бошланган халқаро илмий-амалий конференциянинг биринчи иш кунида юртимизда босмадан чиққан диний-маърифий соҳага оид адабиётлар тақдимоти ўтказилди.
Аллома аждодларимиз илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, ўзбек тилига ўгириш ва нашр қилиш Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бош вазифаларидан саналади. Тақдимотда Марказнинг бу борадаги фаолияти натижалари яна бир бор яққол намоён бўлди. Илмий ходимларимиз меҳнати маҳсули бўлмиш китоблар, рисолалар, таржима ишлари кенг намойиш қилинди.
Иштирокчиларга ушбу нашрларнинг мазмун-моҳияти, илмий ва тарихий аҳамияти, замонавий исломшуносликда тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Конференция қатнашчилари тақдим этилган асарларга катта қизиқиш билдириб, мазкур илмий натижалар Мовароуннаҳрнинг ислом цивилизацияси ривожида тутган ўрни ҳақида янада аниқ ва кўламли тасаввур беришини таъкидлади.
Анжуман доирасида мамлакатимиз ҳудудидаги табаррук қадамжолар ҳақида видеороликлар ҳам намойиш этилди.