Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам ота-онага яхшилик қилиш буюрилган. Уламоларимиз динимизда буюрилган амалларда бандалар учун албатта кўплаб манфаатлар бор, деганлар. Яъни, динимизда қайси бир ишни қилишга буйруқ келган бўлса, ўша ишни бажарган киши албатта ундан манфаат олади. Банда бажаргани учун манфаат оладиган ишлардан бири, шубҳасиз, ота-онага яхшилик қилишдир. Зеро, ота-онасига яхшилик қилган банда унинг манфаатини шу дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам, кўришига ҳеч бир шубҳа йўқ.
Шу маънода ота-онасига яхшилик қилган фарзанд қуйидаги улуғ манфаатларга эришади:
- Ота-онасига яхшилик қилиш билан фарзанднинг бошига тушган кулфатлари арийди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун ҳалокатдан қутулиш воситаси экани ҳақида шундай деганлар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ « بَيْنَمَا ثَلاَثَةُ نَفَرٍ يَتَمَشَّوْنَ أَخَذَهُمُ الْمَطَرُ فَأَوَوْا إِلَى غَارٍ فِى جَبَلٍ فَانْحَطَّتْ عَلَى فَمِ غَارِهِمْ صَخْرَةٌ مِنَ الْجَبَلِ فَانْطَبَقَتْ عَلَيْهِمْ فَقَالَ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ انْظُرُوا أَعْمَالاً عَمِلْتُمُوهَا صَالِحَةً لِلَّهِ فَادْعُوا اللَّهَ تَعَالَى بِهَا لَعَلَّ اللَّهَ يَفْرُجُهَا عَنْكُمْ. فَقَالَ أَحَدُهُمُ اللَّهُمَّ إِنَّهُ كَانَ لِى وَالِدَانِ شَيْخَانِ كَبِيرَانِ وَامْرَأَتِى وَلِىَ صِبْيَةٌ صِغَارٌ أَرْعَى عَلَيْهِمْ فَإِذَا أَرَحْتُ عَلَيْهِمْ حَلَبْتُ فَبَدَأْتُ بِوَالِدَىَّ فَسَقَيْتُهُمَا قَبْلَ بَنِىَّ وَأَنَّهُ نَأَى بِى ذَاتَ يَوْمٍ الشَّجَرُ فَلَمْ آتِ حَتَّى أَمْسَيْتُ فَوَجَدْتُهُمَا قَدْ نَامَا فَحَلَبْتُ كَمَا كُنْتُ أَحْلُبُ فَجِئْتُ بِالْحِلاَبِ فَقُمْتُ عِنْدَ رُءُوسِهِمَا أَكْرَهُ أَنْ أُوقِظَهُمَا مِنْ نَوْمِهِمَا وَأَكْرَهُ أَنْ أَسْقِىَ الصِّبْيَةَ قَبْلَهُمَا وَالصِّبْيَةُ يَتَضَاغَوْنَ عِنْدَ قَدَمَىَّ فَلَمْ يَزَلْ ذَلِكَ دَأْبِى وَدَأْبَهُمْ حَتَّى طَلَعَ الْفَجْرُ فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّى فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ لَنَا مِنْهَا فُرْجَةً نَرَى مِنْهَا السَّمَاءَ. فَفَرَجَ اللَّهُ مِنْهَا فُرْجَةً فَرَأَوْا مِنْهَا السَّمَاءَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нафар киши кетиб боришарди. Ёмғирда қолишиб, тоғдаги бир ғорга кириб олдилар. Шу пайт тоғдан бир харсанг тош улар яширинган ғорнинг оғзига қулаб тушиб уларни ичкарига беркитиб қўйди. Шунда улар бир-бирларига: Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингни ўйлаб кўринглар, ўшаларни восита қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шояд Аллоҳ сизлардан буни аритса, дейишди.
Улардан бири шундай деди: Эй Аллоҳим, менинг ёшлари улғайган кекса ота-онам, аёлим ҳамда ёш болаларим бор эди. Чўпонлик қилиб уларга озуқа келтирар эдим. Қачон молларни яйловдан қайтариб келсам, сут соғиб олар ва болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни узоқдаги дарахтларга кетиб қолибман. Уйга кеч қайтдим, келганимда ота-онам ухлаб қолишган эди. Одатдагидек сут соғиб олдим. Сут идишни олиб келиб уларнинг бошларида турдим. Уларни уйқуларидан уйғотишни хоҳламадим, улардан олдин болаларимга сут беришни ҳам истамадим. Болаларим оёқларим олдида йиғлаб туришарди. Мен ҳам, улар ҳам, шу ҳолатда то тонг отгунча турдик. Агар ўша ишимни Сенинг розилигингни истаб қилганимни билсанг бундан бизга бир тешик очгин ундан самони кўрайлик. Аллоҳ ундан бир тешик очди, улар у тешикдан самони кўрдилар”. Имом Муслим ривояти.
- Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг гуноҳи кабираларига каффорат бўлади. Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун қанчалар муҳим экани ҳақида машҳур саҳоба Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
- Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг ризқи кенг ва умри узун бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилишнинг мукофоти қанчалар катта бўлиши ҳақида шундай деганлар:
عن أنس بن مالك قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : من أحب أن يمد الله في عمره و يزيد في رزقه فليبر والديه و ليصل رحمه. رَوَاهُ الْبَيْهَقِي
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таоло унинг умрини узун, ризқини зиёда қилишини яхши кўрса, ота-онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин” дедилар”. Байҳақий ривояти.
- Ота-онанинг дуосини олиш фарзанднинг дунё ва охирати обод бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандни отасининг хайрли дуосини олишга ундаб шундай деганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ « ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لاَ شَكَّ فِيهِنَّ دَعْوَةُ الْوَالِدِ وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ وَدَعْوَةُ الْمَظْلُومِ ». رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Учта дуо борки, шак-шубҳасиз мустажобдир: Отанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”. Абу Довуд ривояти.
- Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг қилган амаллари қабул бўлишига ва гуноҳлари кечирилиб жаннатга киришига сабаб бўлади. Ота-онасига яхшилик қилувчи фарзандга жаннат ваъдаси берилган:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا وَحَمْلُهُ وَفِصَالُهُ ثَلَاثُونَ شَهْرًا حَتَّى إِذَا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَبَلَغَ أَرْبَعِينَ سَنَةً قَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَصْلِحْ لِي فِي ذُرِّيَّتِي إِنِّي تُبْتُ إِلَيْكَ وَإِنِّي مِنَ الْمُسْلِمِينَ (15) أُولَئِكَ الَّذِينَ نَتَقَبَّلُ عَنْهُمْ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَنَتَجَاوَزُ عَنْ سَيِّئَاتِهِمْ فِي أَصْحَابِ الْجَنَّةِ وَعْدَ الصِّدْقِ الَّذِي كَانُوا يُوعَدُونَ (16)
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи, у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: “Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман”, деди. Ана ўшаларнинг энг яхши амалларини қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир”. (Аҳқоф сураси, 15-16-оятлар).
Ушбу улуғ мукофотларга динимизда буюрилганидек, ота-онага яхшилик қилиш орқали эришилади. Шунга кўра ота-онага яхшилик қилиш аслида фарзанднинг ўзи учун улкан саодат ҳисобланади. Шу маънода айтиш мумкинки, динимиз таълимотлари фарзандларни ота-оналарига яхшилик қилишга буюриш орқали барчани ана шу бахту саодатга чорлаб туради.
Бу борада Абу Усайддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими?” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ҳа! Тўрт нарса қолди: Уларга дуо қилмоғинг, уларга истиғфор айтмоғинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажармоғинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилмоғинг”, дедилар.
Шунда ҳалиги одам: “Бу қандай ҳам улуғ!” ёки “Бу қандай ҳам яхши, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. “Бас, унга амал қил!” дедилар”.
Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматига раҳм кўрсатиб, уларнинг вафот этганларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган. Ана ўша тўртта нарса қуйидагилардир:
- Дуо қилиш.
Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг савоб амалларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
- Истиғфор айтиш.
Ота-онасининг гуноҳини кечиришни Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.
- Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш.
Ота-она ким биландир шартнома тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
- Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари, қариндошларини икром қилиш.
Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари ва қариндошларини икром қилиш билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан шундай савобларни етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, фарзанд ота-онаси вафотидан кейин ҳам уларнинг ҳаққига дуо қилиши, истиғфор айтиши, агар отаси ёки онаси бирор-бир ишни бажаришни аҳд қилиб, аҳдини бажаришидан олдин дунёдан ўтган бўлса, уларнинг аҳдини бажариши, уларнинг қариндошлари билан силаи раҳм қилиши ва ота-онасининг дўстларини ҳурмат икром қилиши Ислом динида буюрилган амаллардан бўлиши билан бирга шу амалларни қилган фарзанднинг ота-онасига савоб ва оламдан ўтган ота-онасининг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади.