Home / МАҚОЛАЛАР / Қазо ва қадар ҳақида осон тушунча (дуо ва силаи раҳм мисолида)

Қазо ва қадар ҳақида осон тушунча (дуо ва силаи раҳм мисолида)

Маълумки, Аҳли сунна вал жамоа ақидасида қазо ва қадарга имон келтириш фарздир ва бу иккисини ёки иккисидан бирини ёлғонга чиқарган киши тўғри йўлдан оғишган бўлади. Биз қадарга имон келтириш фарз эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ва қадарнинг яхшиси-ю ёмонига имон келтиришингдир”[1], деган сўзларини далил-ҳужжат қилиб келтирамиз.

Қадарнинг маъноси тақдир қилиш ёки хоҳлаш, яъни ирода қилишдир. Аллоҳ нимани хоҳласа, бўлади ва нимани хоҳламаса, бўлмайди.

Қазо икки хил бўлади:

1 – муаллақ, яъни ўзгарувчи қазо.

2 – мубрам, яъни ўзгармас қазо.

Қазойи муаллақ – масалан, дуога ёки силаи раҳмга ёхуд садақага боғлиқ қилиб қўйилган қазодир. Масалан, Лавҳул маҳфузда “Фалончи Аллоҳга дуо қиладиган бўлса, ризқи кенг бўлади. Агар дуо қилмайдиган бўлса, унинг ризқи тор бўлади”, деб ёзилган бўлади. Бунинг маъноси шуки, бу банданинг ризқи кенг бўлиши дуога боғлиқ қилиб қўйилган. Банда дуо қилиб, ризқи кенг бўладими ёки дуо қилмагани сабаб ризқи тор бўладими, ҳар иккала иш ҳам Аллоҳ таолога олдиндан маълумдир. Бу иш Лавҳул маҳфузда ҳам ёзиб қўйилган бўлади. Мана шу икки ишдан қайси бири амалга ошадиган бўлса, ўшаниси қазойи мубрам, яъни ўзгармас қазодир.

Демак, қазойи мубрам юқорида ўтган икки ишдан амалга ошганидир. Яъни, шу банда Аллоҳга дуо қилади ва Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб қўяди. Ёки шу банда Аллоҳга дуо қилмайди ва унинг ризқи ҳам кенг қилиб қўйилмайди. Мана шу икки ишдан қайси бири вужудга келадиган бўлса, ана шуниси қазойи мубрамдир. Уни на дуо билан ва на садақа қилиш билан ҳам, хуллас ҳеч нарса билан ўзгартириб бўлмайди.

Юқорида ўтган мисолда ўша банда дуо қиладиган бўлса, у ўзининг мана шу дуоси билан қазойи муаллақни – ризқининг тор бўлишини қайтарган бўлади. Аллоҳ таоло эса унинг дуо қилишини билади. Лавҳул маҳфузда ҳам унинг дуо қилиши ва ризқининг кенг қилиб қўйилиши ёзиб қўйилган бўлади. Амалга ошган иш эса қазойи мубрамдир.

Энди Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган – “Дуо қадарни қайтаради” деган ҳадисга келадиган бўлсак, унинг маъноси шуки, дуо қадари муаллақни қайтаради. Ҳадисдан мурод дуо қадари мубрамни, яъни қазойи мубрамни қайтаради дегани эмасдир. Қадари мубрамни бирор нарса қайтара олмайди, деб айтамиз.

Ҳадисларда: “Қадарни фақат дуо қайтаради”[2], дейилгани ривоят қилинган. Агар дуо қадарни қайтарадиган бўлса, у ҳам қадардандир. Бунинг маъноси шуки, дуо қадари муаллақни қайтаради. Ҳар икки ишдан қайси бири амалга ошса, ўшаниси қадари мубрам бўлади. Яъни унга шу иш тақдир қилинган бўлади. Лавҳул маҳфузда ҳам “Фалончи дуо қилади ва унинг фалон-фалон ишлари амалга ошади”, деб, ёзилган бўлади.

Шунингдек, Лавҳул маҳфузда “Фалончи силаи раҳм қилади ва умри юз йил бўлади. Агар силаи раҳм қилмаса, умри қирқ йил бўлади”, деб ёзиб қўйилган бўлса, Лавҳул маҳфузда “Фалончи силаи раҳмни узгувчидир ва унинг умри қирқ йил бўлади”, деб ёзилган бўлса, бундай ҳолатда бутун ер аҳолиси бирлашиб, Аллоҳдан унинг умрини юз йил қилгин деб дуо қилган тақдирда ҳам бундай дуо Аллоҳ таолонинг қазосини ҳаргиз ўзгартира олмайди. Зеро Аллоҳнинг унга тақдир қилиб қўйгани – қазойи мубрами амалга ошиши лозимдир.

Агар қазойи мубрам дуо билан ўзгарадиган бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан ўзгарган бўлар эди. Зеро, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ўртасида уруш бўлмасин, бир-бирлари билан қаттиқ урушга киришмасин деб дуолар қилганлар. Аммо ундай бўлмади. Нега? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло у киши сўраган ҳолатнинг аксини ирода қилишини билмаганлар. Шунинг учун ҳам у киши Аллоҳ таолодан шу нарсани сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло эса у зотга сўраган нарсаларини бермади. Худо асрасин, дуолари мустажоб бўлмагани учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси унинг аксини талаб қилгани учун.

Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ўрталарида уруш бўлишини хоҳлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилган бўлсалар-да, Унинг хоҳиши ўзгармади, Унинг тақдири ўзгармади. Ҳадиси шарифда келишича, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган: “Эй Муҳаммад! Мен бирор нарсани қазо қилиб қўйган бўлсам, уни қайтарадиган ҳеч нарса йўқдир”[3].

Демак, банда “тақдиримда бўлса, ризқим кенг бўлади, бўлмаса минг тиришганим билан фойдаси йўқ” ёки “пешонамда борини кўраман”, деб қўл қовуштириб ўтирмаслиги, балки доимо ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ҳар бир ишга Аллоҳга таваккал қилиб, кейин қўл уриши, агар ўша иши амалга ошмайдиган бўлса, асабини бузиб, бошини деворга уриш ва оҳу воҳ қилиш ўрнига “тақдиримда йўқ экан”, деб қазо ва қадарга таслим бўлиши керак.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 Каломшунослик шўъбаси
 илмий ходими Алоуддин Ҳофий
[1] Муслим ривояти.
[2] Термизий ва бошқалар бу ҳадисни Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
[3] Муслим ривояти.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …