Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларни ёд ғоялардан асраш бурчимиздир

Ёшларни ёд ғоялардан асраш бурчимиздир

Бугунги таҳликали замонда бегона, ёвуз, экстремистик, террористик ғояларга қарши маънавий-маърифий йўл билан, ёшларга илм бериш ҳамда тарбиялаш жаҳолатга қарши курашиш демакдир. Чунки илмсиз инсонни ҳар мақомга солиш мумкинлигини ҳамма яхши билади.

Айниқса ёшларни онгидаги бўшлиқдан фойдаланиб, ўз ғояларини сингдиришга ҳаракат қилаётган кучларнинг хавфли эканлигини такрор-такрор эслатилсада, ҳанузгача ёвуз кучларнинг қурбони бўлаётган ёшлар йўқ эмас. Ҳаттоки чет элда юриб, туғилиб ўсган ватанини номига қора доғ тушираётганлар учраётганлиги ачинарли ҳолдир.

«Насиҳат» луғатда холис, покиза, содиқ маъноларни билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Бу борада биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида: “Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолмоқда. Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу вазифаларни амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянамиз” деб айтган насиҳатлари барчамизнинг олдимиздаги кундалик долзарб вазифа бўлиб қолади деб ўйлайман. Демак бугунги кунда жонажон ватанимизнинг келажаги, ривожланиши, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашда ҳар биримиз фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор беришимиз билан ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар биримиз учун дастур бўлмоғи керак: «Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди». (Имом Бухорий ривояти)

Бугун ёшларимиз учун барча жабҳаларда имкониятлар яратилган бўлиб, улардан унумли фойдаланиб, ўзларининг келажагига асос солиш имконияти мавжуд. Муқаддас динимизга яратилаётган имкониятларни кўриб эса бутун дунё мусулмонлари, нафақат мусумонлар балки бошқа дин вакиллари ҳам ҳавас қилмоқда.

Муҳтарам юртбошимизнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муъин Насафий марказида ақида илми мактабларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари жаҳолатни маърифат билан енгишга асос бўла олади.

Хулоса ўрнида бугун ёшларимизни терроризм, экстремизм ва ҳар қандай ёвуз ғояларнинг «қармоғи» га илиниб қолмаслиги учун динни ниқоб қилиб олган ёвуз ғояларнинг моҳиятини, хусусиятларини, жалб қилиш усулларини очиб бериш, уларни шу йўлларга кириб кетишдан сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак. Айниқса уюшмаган ёшларнинг тарбиясига, Ватанига садоқатли бўлишга даъват этишимиз билан ҳисса қўшишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Жаҳолатни маърифат билан енгишни марҳум биринчи Президентимиз таъкидлаб: «Демак бугунги кунда ғояни, фикрни таъқиқ билан, маъмурий чоралар билан енгиб бўлмайди. Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин» деганлар.

Мансуров Шокиржон
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
“Саидхон эшон” жомеъ масжиди бош имом хатиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

Маълумки, хайрия ва ҳомийлик қадриятлари Ўзбекистон тарихининг турли даврларида турли кўринишларда акс этиб, ҳар хил …