Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗГА ТУРКИЯНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ МЕХМЕТ СУРАЙЯ ЭР ТАШРИФ БУЮРДИ

МАРКАЗГА ТУРКИЯНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ МЕХМЕТ СУРАЙЯ ЭР ТАШРИФ БУЮРДИ

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, маънавий-маданий ва диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни такомиллаштиришга, Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги икки йил давомида ушбу йўналишда жаҳон ҳамжамиятининг эътирофи, халқимизнинг эътибори ва эҳтиромига сабаб бўлган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугун замон олдимизга қўяётган долзарб масалаларни ечишга қодир малакали кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистоннинг илм-маърифат маркази сифатидаги тарихий мақомини қайта тиклаш ва янада ривожлантиришдан иборат. Қисқа муддатда бунёд этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига маҳаллий меҳмонлардан ташқари нуфузли халқаро меҳмонлар ташрифи ҳам тобора ортмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида тузилган “Йўл харитаси” га биноан Ўзбекистон ва Туркия тадқиқот марказлари ўртасида илмий-амалий алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунга асосан жорий йил 9 июль куни Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мехмет Сурайя Эр, TIKA нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Эҳсон Чағлар ва элчихона маслаҳатчиси Сержан Эржинлардан иборат нуфузли меҳмонлар Самарқандга ташрифини буюк муҳаддис Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиш билан бошлади.

Зиёрат асносида нуфузли меҳмонлар Имом Бухорийнинг табаррук номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонларни марказ директори Ш.Зиёдов ва директор ўринбосари Ш.Умаровлар кутиб олди ва бинонинг асосий фойесида уларга марказнинг ташкил этилиши фаолияти ва вазифалари тўғрисида маълумотлар берди ҳамда халқаро меҳмонларга илмий ходимлар томонидан буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ этиш, ҳамда ушбу манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш каби масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб бораётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берди.

Шундан сўнг халқаро меҳмонларга музей фондидан жой олган буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига оид қўлёзма ва тошбосма асарлари, ноёб экспозициялар ва замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Олий мартабали меҳмонлар музейдаги муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг Бағдодда ҳадис илми уламолари томонидан имтиҳон қилинаётганлиги жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратлар ҳамда кутубхонада сақланаётган ҳадис илмига доир нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар билан яқиндан танишиб, уларгага жуда юқори баҳо бердилар.

Ўзаро келишув асосида Марказ конференциялар залида халқаро меҳмонлар ва илмий ходимлар ўртасида тадбир давра суҳбати тарзида ташкил этилди. Илмий-амалий учрашувни Марказ директори кириш сўзи билан бошлади ва элчи жаноблари Мехмет Сурайя Эрни ташриф билан самимий табриклаб, келгусида Туркиядаги илмий тадқиқот марказлари, илмий институтлар, қўлёзма фондлари ва кутубхоналар билан илмий-амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида ўз фикр мулоҳазалари ва таклифларини айтиб ўтди. Юксак мартабали меҳмон Мехмет Сурайя Эр ҳам сўзга чиқиб, “Имом Бухорийнинг муборак номлари билан аталувчи ушбу марказ ўз фаолиятини бошлагани билан марказ жамоасини самимий табриклайман! Аввало Ўзбекистон замини бизга ота юрт ҳисобланади ва бу юртга хизмат қилиш биз учун шарафдир!! Азалдан бу табаррук замин буюк алломалар мутафаккирларни етиштиргани ва бу заминда илм-маърифат барча даврларда гуллаб-яшнагани ва тараққий этгани бутун дунё аҳлига маълум. Давлатларимиз ўртасидаги илмий-амалий алоқаларни янада ривожлантиришда ISAM ва Марказингиз ўртасида ходимлар малакасини ошириш, Туркиялик олимлар ва соҳа ходимларини ушбу илмий марказда тадқиқотлар олиб боришини таклиф этаман. Бу эса келгусидаги илмий-амалий алоқаларимизни ривожлантиришимизда муҳим ҳисобланади”деб таъкидлади.

TIKA нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Эҳсон Чағлар ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдирар экан, TIKA билан Марказ ўртасида соҳавий йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий ходимларимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Тадбир якунида Ш.Зиёдов элчи жаноблари Мехмет Сурайя Эрга Марказда нашр этилган “Имом Бухорий таърифи”, “Самарқандлик алломалар” ва Марказ “Қўлёзмалар каталоги” номли бир нечта нодир китобларни совға қилди.

Олий мартабали меҳмон ва Марказ раҳбарияти келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий-амалий алоқаларни изчил давом эттириш тўғрисида келишиб олишди. Ш.Зиёдов элчи жанобларига ташриф учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

 ИБХИТМ матбуот хизмати

Check Also

Марказ олимлари – илмий сафарда

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бўлим бошлиғи Шукурилло Умаров …