Home / МАҚОЛАЛАР / Ғайб илмларини билишлик фақат Аллоҳ ҳузуридадир

Ғайб илмларини билишлик фақат Аллоҳ ҳузуридадир

Ҳар бир инсон бу ҳаётда яшар экан ўз олдига турли мақсадларни қўйиб яшайди. Шу мақсадига етишиш учун қанча қийинчиликларни босиб ўтади. Ҳаётининг қайсидир куни хурсандчилик, қайсидир куни ўзи истамаса ҳам ташвишли кунларга тўғри келиб қолади.

Ўша мақсадларни амалга оширишда инсон ҳаракат ҳам қилади, ҳеч бўлмаса қалбида иш қилиб амалга ошсинда деб сир ҳолатда умид ва дуо ҳам қилади. Ҳақиқий ислом ақидасидан хабардор инсон ўз эҳтиёжини Яратувчи Роббисидан сўрайди. Аллоҳнинг ўзи ёрдам бермаса, ўша мақсадимизнинг вақти соати битмаса, қанча инсондан ёрдам сўрасак ҳам, қанча маблағ сарфласак ҳам фойдаси бўлмайди. Буни тақдир деб қўйилибди. Инсоннинг тақдирини шу тақдирни битган Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Соф Ислом ақидаси шу. Лекин инсонлигимизга бориб айрим жамиятимиздагилар айрим муаммоларини ҳал қилишда Яратувчидан эмас яратилган инсондан ёрдам сўраб қоламиз. Бу қўштирноқ ичидаги ёрдам берувчи фолбин ёки коҳин, ўзимизни тилда айтганда “бахши” деб номланади.

Ҳаётда фолбинлар, турли башоратчилар йўқ эмас. Уларнинг ишқибозлари эса ундан ҳам кўп. Гўёки муаммоларингизни шулар ҳал қилади. Улар ажабтовур кийимларда, бўйнига тасбеҳларни осиб олган, турли чала ёдлаб олган дуо ёки сурадан ўқиб қўяди. Ташқаридан қараган инсон бу фолбинликнинг динга алоқаси бор деб уйлайди. Биз доимо динни ҳурмат қилганмиз. Кўчадаги тиланчилик қилиб юрган ҳам кўрган одамни дили юмшасин деб бошига салла ўраб, қўлига тасбеҳ ушлаб олади. Эътибор берсангиз қизига совчи келмаётган ҳам фолбинникида. Кечаси ухлолмаётган ҳам фолбинникида. Соғлиги яхши бўлмаётган ҳам фолбинникида. Тузукроқ мансабга кўтарила олмаётган ҳам фолбинникида. Бирор нарсасини йўқотиб қўйган ҳам фолбинникида. Эри ундан совиганлар ҳам фолбинникида. Қизи ажрашганлар ҳам фолбинникида. Аслида ўша фолбиннинг ўзи ёки қариндоши бева эканлигини ўйлаб кўрмайди. Қўлидан келганда ўша қариндошига бир зумда эр топиб берарди. Ўйлаб кўрмайдики, ўша фолбиннинг ўзи кечаси билан ухлолмай чиқишини. Мансаб истаб борган фикрламайдими, нима учун ўша фолбиннинг ўғли ҳоким ёки бирор катта ташкилот раҳбари эмас.

Соғлигидан шикоят қилиб борган одамга докторга учранг демайди. Бошим оғрияпти деса, ўзим кўрибоқ айтгандим, мана ўзингиз айтдингиз, сизни кутиб тургандим дейди. Бу нафақат вақтни, пулни бекорга сарфлатади. Балки қариндош уруғлар билан қўни-қўшнини ўртасини ҳам бузиб қўяди.

Баъзида уларнинг тахминлари тўғри чиқиб қолади. Лекин аксар ҳолатларда тўғри чиқмайди. Фолбинларнинг ишқибозлари эса нотўғри чиққанини гапирмайдилар, факат тўғри чиққанини гапириб юрадилар. Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида “Ғайб илмларини билишлик фақат Аллоҳ ҳузуридадир” деб бундай илмларнинг соҳиби фақат ўзи эканлигини уқдиради. Бундай иллатлар олдинги асрларда ҳам бўлган. Қушни учириб ўнг томонга учса ўша ишни қилган, чап томонга учса қилмаган. Қуш хоҳласа чапга учади, хоҳласа ўнгга учади.

Ваҳоланки, динимизда бошқача йўл тутишга буюрилган. Бирор ишни қилишга иккиланиб турган бўлса, кечқурун ётишдан олдин таҳорат қилиб, икки ракаат намоз ўқиб, орқасидан агар шу ишимнинг охири хайрли бўлса билдиргин деб, таҳорат билан ухласа, албатта тушида билдирилади.

Баъзилар фолбинга ишонмаймизу бир бориб қўяверайликчи дейди. Нима учун баъзилар умуман умри давомида ҳеч қандай фолбинга ҳам бормайди, олдим боғланибди ҳам демайди. Чунки ундай нарсаларга асло ишонмайди ва ихлос ҳам қилмайди. Бундай иллатларга кўпроқ аёллар мубтало бўлиб қолганлар. Эримни менга иситиб беринг, дейди. Агар фолбинлар эр хотинни бир-бирига иситувчи бўлганда, бирорта ажралиш бўлмасди. Бирорта идора ташкил қилиниб, уларни иш билан таъминланарди. Мусулмон киши қатъиятли, фақат шариатга мос йўлдан юради. Хожатини Роббисидан сўрайди. Қандайдир бачкана ишларга ўзини урмайди.

Турдиматов Зухриддин
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
“Нурмуҳаммад бува” жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …