Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясида қадамжоларимизнинг маънавий таъсири

Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясида қадамжоларимизнинг маънавий таъсири

Ўрта Осиё қадим замонлардан буён авлод-аждодларимиз учун муқаддас Ватан бўлиб хизмат қилган. Эрамиздан аввал ўлкада яшаган сак ва массагетлар, бақтрианлар, суғдликлар ва хоразмликлар бу диёрнинг илм-фани, маданияти ва қадриятларига тамал тоши қўйиб, кейинги авлодларга мерос қолдиришди. Она Ватанимиз ўтмиш цивилизациясида ўз билими ва интелектуал салоҳияти билан хизмат қилган не-не олим ва алломаларни етиштиргани ҳеч кимга сир эмас. Буюк математик Муҳаммад Хоразмий, табиблар шоҳи Абу Али Ибн Сино, буюк астроном Аҳмад Фарғоний, қомусий билим соҳиби Абу Райҳон Беруний, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Имом Термизий, шайх Абдураҳмон Доримийлар шу она замин фарзандларидир. Булар қаторида кўплаб буюк олим ва саркардалар ҳам борки уларнинг саноғига етмайсан киши. Ватанимиз халқларини бирлаштириб ягона марказлашган давлат қурган Амир Темур бобомиз ва темурийлар илм-фан, маданият ва халқаро ҳамкорликлар соҳасида амалга оширган ишларини жаҳон мамлакатлари томонидан юксак баҳоланиши бежиз эмас.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Моддий ислоҳотлар, иқтисодий ислоҳотлар ўз йўлига. Уларни ҳал қилиш мумкин. Халқнинг таъминотини ҳам амаллаб туриш мумкин. Аммо маънавий ислоҳотлар-қуллик ва мутелик исканжасидан озод бўлиш, қадни баланд тутиш, ота-боболаримизнинг удумларини тиклаб, уларга муносиб ворис бўлиш — бундан оғирроқ ва бундан шарафлироқ вазифа йўқ бу дунёда“[1]-деб алоҳида таъкидлаган эдилар. Асрлар давомида маънавий тараққиётимизга миллионлаб авлодларимизнинг хизмати синганлиги учун уни ўлчаб ҳам, поёнига етиб ҳам бўлмаслигини биламиз.

Давлатимиз мустақил тараққиёт йўлига қадам босгач маънавий қадриятларимизга ўз ҳиссаларини қўшган буюк бобокалонларимиз юбилейлари:- 1993 йил Бухорода машҳур шайх Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги, 1998 йил октабрда Самарқандда буюк мутафаккир Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллиги, 2000 йил ноябр Марғилонда ислом ҳуқуқининг асосчиларидан бири Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги, Самарқандда исломшунос олим Имом Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги, Имом Абу Исо ат-Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 920 йиллиги, Абдухолиқ Ғиждувонйнинг 900 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Хожа Аҳрори Валий таваллудининг 600 йиллиги кенг кўламда нишонланди. Юбилейлар арафасида тарихий ёдгорликлари қайтадан тикланди, уларнинг ижодига бағишланган қатор рисолалар чоп этилди.

Биргина Самарқанд ва унинг атрофида Абу Тоҳирхўжа 87 та мозор-қадамжоларни санаб ўтганлар[2]. Ушбу қадамжоларнинг барчаси биз ёшларнинг мозийга назар солиб ўтганларнинг бизга қолдирган илмий ва моддий меросларини чуқур ўрганиб, ундан хулоса чиқаришимизга туртки бўлади.

Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясида ислом динининг маданий қадриятлари билан боғлиқ қадамжоларимизнинг зиёрати руҳий қарашларида ижобий ўзгариш акс этиши кўп кузатилган. Мисол учун, Имом Бухорий мақбараси зиёратига келган зиёратчи ички жануби шарқий бурчагидаги ёзувда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса ваъдаси устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади”-деган ёзувни уқиб, ўзини нотўғри қилмишлардан тийиш кераклигини англайди. Ёинки, Шоҳи Зинда ансамбилининг Ширинбека мақбараси пештоқ ички ёзувида жаҳон цивилизациясида муносиб ўрин тутган юнон файласуфи Суқротнинг: “Инсон бу дунёда унинг барча ҳолатлари билан азобланган. Дунё орқали эга бўлган нарсалари устида абадий қолмайди. Қалбинг ўзи топган нарсалар билан машғулдир…”[3] -деган ёзувни ўқиб, ўзини қабиҳ ишларга ружу қўйиб молу дунё йиғишдан тийилиш кераклилигига комил ишонч ҳосил қилади.

Инсониятни одоб-ахлоқи ва тарбиясини соғлом йўналишга ўзгартиришга, панд-насиҳат сифатида қайд этилган бундай мисолларни мамлакатимизга мавжуд яна кўплаб қадамжоларга кузатишимиз мумкин. Шоҳи Зиндадаги “Уста Али мақбараси” пештоқида: “Сабрдан устунроқ тинчлик, Аллоҳга яқинликдан бошқа яқинлик, кечиримли бўлишдан гўзалроқ хулқ, вафодан ортиқроқ дўстлик йўқ[4]-деган ёзув мавжуд. Ушбу қадамжодаги бу маълумот гўёки барча инсониятни ахлоқини вақтни бой бермасдан тўғирла дегудек гўё.

Қуръонда: “Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир”[5] мазмундаги оят келтирилган. Оятдан ўзимиз учун хулоса чиқариб она Ватанимизнинг ривожи йўлида муносиб фарзанд бўлиб, буюк аждодларимиз улуғ номлари, уларнинг хотирасини муносиб давом этишга биз лойиқ бўлмоғимиз лозим.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Музей илмий ходими
Сухроб Эргашев

 

[1] Ислом Каримов, ,,Ўзбекистон: миллий истиқлол/иқтисод, сиёсат. мафкура . Асарлар, 1-жилд, 202-бет.

[2] Абу Тоҳирхўжа  “Самария” Тошкент “Камалак”-1991 йил 28-60 бетлар

[3] “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Самарқанд Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси” 3-китоб. Т-2012. 39-бет

[4] “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Самарқанд Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси” 3-китоб. Т-2012. 271-бет

[5] Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.“Нур” сураси  “Нур” сураси  42-оят

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …