Тойлоқ туманида атоқли адиб, жамоат арбоби, ношир ва педагог, Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ташкил этилди.

Самарқанд вилояти ва Тойлоқ тумани ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирлар Беҳбудий туғилиб ўсган ҳудуд – Бахшитепа маҳалласида барпо этилган “Беҳбудий боғи”нинг очилиш маросими билан бошланди. Олимлар, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тантанада вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ушбу маскан Беҳбудий хотирасига ҳурмат-эҳтиромнинг яна бир белгиси, юртимизда миллий-маънавий меросни тиклаш ва ёш авлодни азалий қадриятлар асосида вояга етказиш йўлидаги ишларнинг узвий давоми эканини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар улуғ маърифатпарварнинг ҳаёти ва серқирра ижоди, миллий уйғониш йўлидаги фидокорона фаолияти, бой илмий-адабий ва маънавий меросининг бугунги авлод тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини изҳор этди.

Тадбирлар туманнинг Шопўлат маҳалласидаги Маданият марказида давом этди. Бу ерда “Беҳбудий ҳаёт мактаби – ёшларга ибрат” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилиб, унда Беҳбудий сийрати, жадидлик ҳаракатининг моҳияти, маърифат, илм ва миллий уйғониш ғояларининг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан атрофлича мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, ушбу Маданият марказида вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоасининг “Беҳбудий” драмаси намойиш этилди. Спектаклда улуғ маърифатпарварнинг мураккаб ҳаёт йўли, ҳуррият йўлида олиб борган кураши, фидойилиги ва маънавий жасорати ёрқин бадиий образлар орқали ифодаланди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz