Home / ЯНГИЛИКЛАР / БМТ минбаридан янграган маърифий даъват

БМТ минбаридан янграган маърифий даъват

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқи замон талабларига мос, илмий асосланган ва стратегик йўналишларни белгилаб берган тарихий баёнот сифатида эътироф этилмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар нафақат миллий манфаатларни, балки жаҳон ҳамжамиятининг умумий тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатларини қамраб олиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Нутқда таъкидланганидек, замонавий таҳдид ва хатарлар барқарор тараққиёт йўлидаги асосий тўсиқлардан бирига айланиб бормоқда. Шундай вазиятда мамлакатимиз инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаро ва оиланинг фаровонлигини таъминлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни устувор мақсад қилиб белгилагани билан ажралиб турибди.

Ислом маърифати ва маънавий меросни чуқур ўрганиш масаласи нутқнинг маънавий жиҳатдан энг муҳим нуқталаридан бири бўлди. Яқинда очилиши режалаштирилган Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, буюк алломаларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг меросини БМТ минбаридан туриб намоён этиш ташаббуси, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг жаҳон маънавий ҳаётида тутган ўрни ва масъулиятини янада мустаҳкамлайди. Жаҳон сиёсий жараёнларида кескин муаммолар, зиддият ва қарама-қаршиликлар даврида БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан янграган нутқнинг ана шу жиҳати ислом цивилизацияси мероси, маърифат ва бағрикенглик ғояларига таянган ҳолда умуминсоний ҳамжиҳатлик ва тинчликка эришиш ғояси билан йўғрилди.  

Бу воқелик Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширибгина қолмай, маънавий меросни кенг тарғиб қилиш борасидаги ташаббусларнинг ҳаққонийлигини ҳам тасдиқлади.

Биз жамоамиз билан бу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ва уни амалга ошириш йўлида ўз илмий-амалий фаолиятимизни янада кучайтиришга бел боғлаймиз. Чунки буюк мутафаккир алломаларнинг асарлари ва илмий мероси инсонпарварлик, тинчлик, адолат ва маърифат ғояларига асосланган бўлиб, бугунги глобал муаммолар ечимини топишда муҳим маънавий-маърифий манба ҳисобланади.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиёни тинчлик ва ҳамкорлик макони сифатида шакллантириш, глобал экологик муаммолар, жумладан, Оролбўйи масаласига халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилиш, ёшлар тарбияси ва сунъий интеллект имкониятларидан адолатли фойдаланиш каби йўналишларда билдирилган таклифлар ҳам барчамиз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан илгари сурган ташаббуслари Янги Ўзбекистоннинг очиқ, ҳамжиҳат ва маърифий юрт сифатидаги янги қиёфасини янада мустаҳкам намоён этмоқда. Бугун биз барчамиз – олимлар, зиёлилар, жамият фаоллари  ушбу ғояларнинг амалда рўёбга чиқишига муносиб ҳисса қўшишимиз зарур. 

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори.
Манба: ЎзА

Check Also

Озод Мўмин: “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб Олим, таниқли ёзувчи Озод Мўминнинг “Мўъжиза инсон – Ҳазрат …