Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Олим, таниқли ёзувчи Озод Мўминнинг “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Ушбу китоб буюк бобокалонимиз, муҳаддислар устози, қувваи ҳофизаси бўйича “Оллоҳнинг ердаги мўъжизаларидан бири” дея эътироф этиладиган зот Абу Абдуллоҳ Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра инб Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорийнинг ҳаёт йўлига бағишланади.
Китобнинг дунёга келиши сабаблари хусусида муаллиф шундай ёзади: “Биринчи навбатда Самарқанд вилоятининг Хўжа Исмоил қишлоғида жойлашган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказига бордим. У ерда фаолият юритаётган олимлар билан суҳбатлашдим. Чунончи, Шукрулло Умаров, Отабек Муҳаммадиевлар билан қизғин фикр алмашдим. Илмий марказнинг кутубхонасидаги адабиётлар билан танишдим. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари Самарқанд вилояти вакиллигида бўлиб, у ерда ҳам бир қанча китоблардан фойдаланиш имконига эга бўлдим. Кўп йиллар шаҳар имом-хатиби бўлиб фаолият юритган уламо мустафоқул Меликов билан учрашиб, у зотдан қимматли маълумотлар эшитдим. Сўнг Тошкентга қайтиб, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов билан учрашдим. Маълумки, бу зот кўп йиллар юқорида айтилган Илмий марказни бошқарганлар ва Ҳазрат Имом Бухорий тўғрисида, унинг асарлари ҳақида катта билимга эга мутахассис ҳисобланадилар. Сўнг Шайх Абдулазиз Мансур билан учрашиб, маслаҳатлар олгач, ёзишга киришдим”.
Шу ўринда буюк муҳаддиснинг шахсий ҳаётига оид муҳим бир жиҳатга эътибор қаратган муаллиф: “Манбаларни ўрганар эканман, “Имом Бухорий халқаро марказ нашриёти” (Самарқанд, 1918й.) томонидан чоп этилган илмий йўналишдаги “Имом Бухорий таърифи” китобидаги Имом Бухорийнинг ўз варроғи ва ёрдамчиси Абу Ҳотимга айтган гапи – “Менинг хотиним ва чўриларим бор…” жумлаларидан маълум бўладики, Имом Бухорий уйланмай ўтган деган гаплар асоссиз. Унинг оиласи ва қиз фарзанди бўлган, лекин ўғилсиз ўтган.
Китобда ўқувчини қизиқтирадиган кўплаб саволларга жавоблар бор.
Асарга сўзбоши ёзган олим – ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Ҳамидуллоҳ Аминов “Асарнинг айрим ўринларини кўзда ёш билан ўқидим, жуда тўғри ёндашувлар билан, тарихий воқеалардан четлашмаган ҳолатда, ажойиб тарзда ёзилган, дея эътироф этади.
Озод Мўминнинг ушбу асари муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳақидаги биринчи ва охирги асар ҳам эмас. Аммо, муаллифнинг буюк зот ижоди, ҳаёт йўлига ўзига хос ёндошганлиги билан ажралиб туради.
Озод Мўминнинг “Мўъжиза инсон – Ҳазрати Бухорий” тарихий роман-эссесини, албатта, ўқинг.