Home / МАҚОЛА / АЛЛОҲ АРШНИНГ УСТИДАМИ? (“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

АЛЛОҲ АРШНИНГ УСТИДАМИ? (“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Айрим адашган тоифалар Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларни нотўғри таъвил қилиб, Аллоҳ таолога макон нисбат беради. Аммо Яратувчи маконда бўлиши жоиз эмас.

Мушаббиҳа, мужассима ва карромия тоифалари Аллоҳ таолони Аршнинг устида, деб даъво қилган. Ҳозирги кунда уларнинг издошлари ушбу даъвони қўллаб-қувватлаётгани кўзга ташланади. Улар

﴿الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى﴾

“Раҳмон Аршга истиво қилди”[1], оятини далил қилади.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло макондан олий ва беҳожат Зотдир.

Адашган тоифалар далил сифатида келтираётган оятдаги “истиво” сўзи муҳтамал яъни, ҳар хил эҳтимол ва маъноларга эга.

Биринчидан, “истиво” сўзи мукаммаллик маъносида ишлатилади. Бунга Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом ҳақида:

﴿وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَاسْتَوَى﴾

“Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганда”[2], дегани мисол бўлади. Яъни бу ўринда “истиво” – “мукаммал бўлиш, камолга етиш” маъносида келган.

Иккинчидан, “истиво” – “қарор топиш, жойлашиш” маъносида келади. Бунга Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси ҳақида:

﴿وَاسْتَوَتْ عَلَى الْجُودِيِّ﴾

“У (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди”[3], деган сўзи далил бўлади.

Учинчидан, “истиво” – “эга бўлиш” маъносида қўлланади.

Аҳли сунна олимлари мазкур маънолардан Аллоҳ таолонинг Зотига энг муносиб бўлганини танлаган.

Биринчи ва иккинчи маънони Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш Унинг Зотига лойиқ эмас. Чунки, Аллоҳ таоло жисм эмаски, Уни бирор маконда дейилса. Ўзи мукаммал Зотга камолга етишни нисбат бериш ҳам ноўриндир.

Демак, “эга бўлиш” маъносини қўллаш тўғри. Аллоҳ таоло оятда Ўзини мадҳ этганига кўра, “Раҳмон Аршга истиво қилди” жумласини “Раҳмон Аршнинг эгаси бўлди” деб тафсир қилиш лозим. Оятда Аршни хослаб келтирилганининг сабаби – у махлуқотларнинг энг каттаси бўлгани учундир. Бундан Аллоҳ таоло барча махлуқотнинг эгаси экани маълум бўлади. Чунки махлуқотларнинг энг каттасининг эгаси бўлиш бутун оламнинг эгаси бўлишни тақозо этади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло Ўзи яратган махлуқотлардан беҳожатдир. У Зот Қуръони каримда:

﴿إِنَّ اللَّهَ لَغَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ﴾

“Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир”[4], деган. Арш, ер ва осмонлар – барчаси Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлиб, олам жумласига киради. Аллоҳ таоло эса оламлардан беҳожат, яъни уларга ҳожати тушмайдиган Зотдир.

Ҳар бир мусулмон эътиқодда танзиҳ (Аллоҳ таолодан нолойиқ сифатларни инкор этиш) йўлини тутиши лозим. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ улар сифатлаётган нарсалардан покдир”[5] деб, кофирлар нисбат бераётган нарсаларни инкор этган.

Айрим тоифаларнинг муташобиҳ оятларни нотўғри талқин қилиб, одамларнинг соғлом эътиқодини бузишга уринишларидан огоҳ бўлиш керак.

[1] Шўро сураси, 11-оят.
[2] Қасос сураси, 14-оят.
[3] Ҳуд сураси, 44-оят.
[4] Анкабут сураси, 6-оят.
[5] Мўъминун сураси, 91-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

РАҚАМЛИ ЖАМИЯТДА АХЛОҚ ВА ҚАДРИЯТЛАР

Рақамли жамият инсон ҳаётининг барча жабҳасида, ахлоқ ва қадриятлар тизимида туб ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Технологияларнинг …