Самарқанд шаҳрида “Оқила аёллар — маҳалла таянчи” шиори остида хотин-қизлар масалаларига бағишланган форум бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддилари, маҳалла фаоллари, зиёлилар ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар қатнашди.
Форумда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари, вилоят кенгаши депутатлари ва бошқа масъуллар иштирокида оила мустаҳкамлиги, аёлларнинг жамиятдаги фаол ўрни, ҳуқуқий маданият ва ижтимоий масъулиятни янада юксалтиришга доир муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ж.Жумаев оилаларда ижтимоий-маънавий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари борасида атрофлича фикр юритди.
Таъкидланганидек, оила — ислом таълимотига кўра, фақат ижтимоий тузилма эмас, балки маънавий-маърифий тарбиянинг илк мактабидир. Жумаев, хусусан, оят ва ҳадислар асосида аёлнинг оиладаги ўрни, унинг эри ва фарзандлари олдидаги масъулияти, шу билан бирга жамиятда тутган муқаддас мақомини кенг ёритиб, диний маърифат орқали оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ва ёшларни соғлом руҳда тарбиялашга доир қатор аниқ таклиф ва тавсиялар берди.
Форум доирасида миллий ҳунармандчилик кўргазмаси, фольклор ансамбллар чиқишлари ҳам ташкил этилди. Бу эса тадбирга янада кўтаринки руҳ бахш этди.