Жамиятда бағрикенглик, тотувлик ва виждон эркинлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳоли орасида диний соҳага оид давлат сиёсатини чуқур англашга қаратилган навбатдаги маърифий тадбир Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, шаҳар ҳокимлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита бошқармаси ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” аъзолари, маҳаллалардаги фаол фуқаролар ва турли соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий маърузачиси – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Б.Маҳмудов “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгилаб берилган асосий тамойиллар – диний бағрикенглик, виждон эркинлиги ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритди. Мазкур ҳужжат мамлакатда диний масалаларга янги қарашларнинг, тизимли ёндашув ва инсон қадрини устувор қиладиган сиёсатнинг амалдаги ифодаси эканини алоҳида қайд этди.
Тадбир иштирокчилари диний соҳада олиб борилаётган оқилона сиёсат, жамиятда миллатлараро тотувликни сақлаш, ёшлар онгида соғлом эътиқодни мустаҳкамлаш ва жаҳолатга қарши билим воситасида курашишнинг бугунги кундаги долзарб аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидланганидек, бу каби тадбирлар маҳаллаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни кенг тарғиб қилишда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.