Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 16 июль куни “Имом Бухорий – Аллоҳнинг Ер юзидаги мўъжизаси” мавзусида давра суҳбати ҳамда “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” номли янги роман-эссе тақдимоти бўлиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ҳадис илми мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда диний соҳа вакиллари, тарихчи олимлар, ижодкорлар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Имом Бухорийнинг жаҳон ислом цивилизациясида тутган ўрни, ҳадис илмидаги бетакрор мероси, юксак ақлу заковати ва маънавий камолоти ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Қатнашчилар у зотни фақат мусулмонлар эмас, балки бутун инсоният маънавияти учун юксак қадрга сазовор тимсол сифатида эътироф этди.
Таъкидланганидек, Имом Бухорийнинг Самарқандда мангу қўним топгани – бу юртнинг илму маърифат борасида тутган ўрни ва юксак маданий масъулиятини янада равшан намоён этади. Бугун у зотнинг мақбараси атрофида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, замонавий инфратузилмалар – Имом Бухорийга ҳурмат-эҳтиромнинг амалдаги ифодаси.
Тадбирнинг марказий қисмида таниқли ёзувчи Озод Мўмин қаламига мансуб “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” номли роман-эссенинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Муаллиф асарнинг яратилиш жараёни, илҳом манбалари ва асосий мақсадлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, китоб ёзишга ундаган асосий сабаб – Имом Бухорийни фақат етук аллома сифатидаги тарихий шахс эмас, балки маънавий раҳнамо даражасида ҳис қилиш истаги бўлган. Китобни ёзишда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тақдим этилган манбалар, тарихий ҳужжатлар ва замонавий илмий қарашлар асос қилиб олинган.
Асарда алломанинг болалик ва ўсмирлик даври, илмга иштиёқи, узоқ ва машаққатли сафарлари, сабр ва матонат билан илм йўлидан чекинмаган ҳаёт пиллапояси ҳамда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг яратилиши бадиий ва тарихий уйғунликда баён этилган. Шу билан бирга, инсон қалбидаги муҳаббат ва нафрат, фидокорлик ва ҳасад, руҳий изтироб ва маънавий юксалиш каби туйғулар ҳам таъсирчан тарзда ўз ифодасини топган.
Тақдимот иштирокчилари роман-эссени Имом Бухорий сийратини фақат тарихий маълумотлар орқали эмас, балки қалб, руҳ ва инсон фазилатлари орқали англатувчи бадиий ҳужжат сифатида баҳолади. Уламолар фикрича, китоб фақат тарихий маълумот берибгина қолмайди, балки ўқувчини руҳан баён қилинган воқеалар ичига олиб киради ва унда ибрат руҳиятини уйғотади, ҳар бир йигит-қиз қалбида Имом Бухорийнинг маънавий қиёфасини янгидан жонлантиради.
Адабиётшунос ва тарихчи олимлар романнинг яна бир муҳим жиҳатини – унинг кенг омма учун мўлжалланган бўлса-да, илмий манбаларга асосланганини алоҳида таъкидлади. Сўнгги йиллардаги тадқиқотлар орқали кашф этилган янги маълумотлар ҳам киритилгани китобнинг илмий қийматини янада оширади.
Имом Бухорий мероси – бу фақат диний илмлар хазинаси эмас. У зотнинг ҳаёти, сабри, илмга садоқати ва тинмас изланишлари – инсонни руҳий комилликка, қалб поклигига етакловчи улуғ мактабдир.
“Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” китоби эса, ана шу руҳий меросни замонавий ўқувчи қалбига таъсирчан ва қалбга яқин тилда етказувчи бадиий кўприкдир. Бундай китоблар орқали алломаларимизнинг бой маънавий оламини яқиндан таниб, қалбимизни ҳам тарбиялаймиз.
Ўтказилган тадбирлар Имом Бухорий меросини улуғлаш, ёш авлодни илмга муҳаббат, тақво ва комиллик руҳида камол топтириш сари ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.