Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Маърифат карвони” билан маънавий юксалиш сари

“Маърифат карвони” билан маънавий юксалиш сари

Миллий ўзликни англаш, маънавий меросни қадрлаш ва маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-маърифий тадбирлари изчил равишда амалга оширилмоқда.

Пайариқ тумани маданият марказида ташкил этилган “Тирик тарих” лойиҳаси ҳам аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларга улкан таассурот улашишга хизмат қилди. Тадбирда юртимизнинг таниқли санъаткорлари, машҳур киноижодкорлар ва нуфузли зиёлилар билан мулоқот ўтказилди. Жонли тарзда ўтган тадбир тарих ва бугунни боғловчи маънавий ришта каби намоён бўлди.

“Маърифат карвони” тадбирлари Самарқанд вилоятининг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда. Жумладан, Самарқанд туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Бир мақсад” шиори остида ўтказилган семинар-тренингда мафкуравий барқарорлик, маданият орқали маънавий тарбия, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик мавзулари муҳокама этилди.

Тадбирларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ш.Умаров бу каби маърифий ташаббуслар нафақат тарихни ёдга солиш, балки унинг руҳини ҳис этиш, замонавий ҳаётга татбиқ этиш учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини, тарих ва маданиятга оид ғояларни санъат, ижод, мулоқот ва тренинглар орқали етказиш – ёшлар онгида маънавий уйғонишга, миллий қадриятларни қалбдан туйишга замин яратишини таъкидлади. Таъкидланганидек, “Тирик тарих” каби лойиҳалардаги ижодий мулоқотлар ҳам, “Бир мақсад” шиори остидаги семинар-тренинглардаги интеллектуал муҳокамалар ҳам битта умумий мақсад – ёш авлодни маърифат йўлига етаклаш, уларда масъулият, фахр ва фидойилик туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда турли соҳалар вакилларининг – тарихчилар, санъаткорлар, ўқитувчилар ва жамоат фаолларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги асосий ўрин тутади. Маънавий юксалишга олиб борувчи йўл – бу бирлашган ҳолда ҳаракат қилиш, ҳар бир тажриба ва ғояни амалий натижага айлантиришдан иборат.

Мазкур маърифий тадбирлар юртимизда маънавий юксалиш, тарихий хотирани қайта кашф этиш ва ижтимоий бирликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Соғлом фикр – соғлом жамият гарови

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида устоз-мураббийлар …