Айни кунларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Туркология илмий-тадқиқот институтида Анқара Ҳожи Байрам Вали университети (Туркия) билан ҳамкорликда Аҳмад Яссавий ижодининг туркий адабиётда ўрганилиши доирасида “Туркий адабиётда Аҳмад Яссавий йўли ва мероси” мавзусида илмий-назарий анжуман ўтказилмоқда. Унда кўплаб олимлар, тадқиқотчи ва мутахассислар иштирокида туркий адабиёт, тасаввуф ва Аҳмад Яссавий меросига оид долзарб масалалар муҳокама қилиняпти.
Хусусан, анжуманнинг 13 июнь куни бўлган йиғилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Мехрожиддин Амонов “Яссавий тариқати: Азизон ва иқония” мавзусида маъруза қилиб, тариқатнинг назарий ва амалий жиҳатларига эътибор қаратди. Бу таълимотга кўра, “тариқатнинг биринчи зинаси тавба бўлса, иккинчиси – азизонга (азиз-авлиёларга) меҳр-муҳаббат. Азизон деб Ҳақ йўлида юрган шайхлар, пирлар, устозларга айтилади. Бу эса, яссавийлик тариқатида устоз танлаш устувор ўринда туришини англатади”. Яссавийликдаги устоз-шогирд анъанаси, пирга эътиқод ва садоқат, унинг маънавий йўлбошчиликдаги роли нечоғли муҳим экани шу билан изоҳланади.
Маърузада, шунингдек, “иқония” тушунчасининг моҳиятига атрофлича тўхталиб ўтилди. Бу “шубҳа ва иккиланишлардан холи, қатъий ишонч ва илм асосидаги имон”ни англатади. Тадқиқотчи Яссавий ҳикматларида бу икки тушунчанинг қандай акс этганини мисоллар орқали очиб берди. Унинг таҳлиллари тариқатнинг чуқур фалсафий асослари, пир-мурид муносабатларининг маънавий аҳамияти ҳамда тариқат аҳлининг комил ишончга етишишдаги йўлларини теран англашга хизмат қилди.
Маърузачи Аҳмад Яссавийнинг фалсафий қарашлари нафақат унинг “Девони ҳикмат” асарида, балки кейинги давр тасаввуф адабиётида ҳам кенг акс этганини таъкидлади. “Яссавия тариқатининг асл моҳияти – бу инсонни комиллик сари етакловчи, шубҳа ва гумонлардан холи қилувчи мустаҳкам имон (иқония) ва ҳақ йўлдаги азиз устозларга (азизон) чексиз меҳр-муҳаббат ва садоқатдир”, деди у.
Анжуман иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан тингланган бу маъруза яссавийлик таълимотининг аҳамиятини бугунги кун призмасидан ўтказиб, замонамиз шароитида қайтадан англаш, унинг инсон маънавий оламини бойитишдаги ролини чуқурроқ тасаввур этишга ёрдам беради, албатта.
Халқаро тадбир Аҳмад Яссавийнинг адабий ва тасаввуфий меросини замонавий илм нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, туркий дунёда унинг маънавий таъсирини янада чуқур англаш ҳамда ўзаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим фикрлашув майдонига айланди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати