Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий илмий меросида ҳадис ва тафсир уйғунлиги

Имом Бухорий илмий меросида ҳадис ва тафсир уйғунлиги

Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори, Туркиядаги Кавказ университети доценти Муҳаммад Алпарслон Картал Имом Бухорий асарларининг тафсир адабиётига таъсирини аниқлашга бағишланган тадқиқотларининг тақдимотини ўтказди.

Олим ҳижрий VII-VIII асрларда битилган тафсир китобларига ҳадис илмининг буюк имоми қаламига мансуб “Саҳиҳул Бухорий” асаридан олинган иқтибослар орқали бу буюк тўпламнинг нуфузини аниқлаш бўйича олиб бораётган изланишлари ҳақида маълумот берди. Имом Бухорийнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрнини алоҳида эътироф этиб, унинг шоҳ асари – “Саҳиҳул Бухорий”нинг ҳамиша юксакларда бўлиб келган нуфузини таҳлил қилди.

Китоб ҳижрий IV аср ўрталаридан муфассирлар диққатини кенг кўламда ўзига жалб эта бошлаган бўлса, кейинги юз йилликда шуҳрати янада ошиб, ҳадис соҳасида ёзилган кўплаб асарларга чуқур таъсир кўрсатган. Айниқса, Ибн Салоҳнинг ҳижрий VII асрда битилган ижмо ҳақидаги қарашлари билан унинг нуфузи янада мустаҳкамланди. Кўплаб уламолар Имом Бухорийни энг буюк муҳаддис сифатида таърифлаган. Давуд Қарсий (ваф. 1169/1756) эса, “Бухорий билмаган ҳадис – ҳадис эмас” деган сўзлари билан бу таърифларнинг чўққисига чиққан.

Тақдимотда ҳижрий VII-VIII асрларда ёзилган йирик тафсир асарлари – “Мифтоҳул ғайб”, “Жомиъул аҳкомил Қуръон”, “Анворут танзил”, “Мадорикут танзил”, “Баҳрул муҳит”, “Тафсиру Ибн Касир” каби манбаларга Имом Бухорийнинг шоҳ асаридан олинган иқтибослар келтирилди. Бу эса Муҳаддислар султони нафақат ҳадисшунослик, балки тафсир соҳаси тараққиётига ҳам беназир ҳисса қўшганини кўрсатади.

Тақдимот иштирокчилари тадқиқотчининг изланиш натижаларини юқори баҳолаб, бундай таҳлиллар Имом Бухорий меросини янада чуқурроқ ўрганишга йўл очишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Чинакам билим ва ижтимоий фаоллик – асл қадрият

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Жомбой тумани бўлими ва …