Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Яссавия тариқати ва маънавий мерос: Тарих, тадқиқот ва истиқбол

Яссавия тариқати ва маънавий мерос: Тарих, тадқиқот ва истиқбол

11 июнь куни Тошкентда “Турк дунёси ва Пири Туркистон: Яссавий йўли ва мероси” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ва Туркиядаги Анқара Ҳожи Байрам Вали университети ташаббуси билан ташкил этилган форумда икки мамлакатдан таниқли олимлар, жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Меҳрожиддин Амонов иштирок этиб, сўфийлик анъаналари, Аҳмад Яссавий тариқати, унинг тарихий-маънавий аҳамияти ва замонавий тадқиқотлар ҳақида фикр алмашди.

М.Амонов “Яссавия тариқати: силсила ва шажара (Туркистондан Самарқандгача)” мавзусидаги маърузасида Аҳмад Яссавий тариқати ва унинг минтақа бўйлаб тарқалиш жараёнларига бағишланган илмий мулоҳазаларини баён этиб, яссавийлик Марказий Осиёда шаклланган илк сўфийлик мактабларидан бири экани, у нафақат Туркистонда, балки Тошкент, Хоразм, Бухоро ва Самарқандда ҳам фаол равнақ топганини таъкидлади.

Тариқатнинг асосий устуни – силсила ва шажаралар орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланувчи маънавий занжирлардир. Сўфийликда силсила шайхлардан шогирдларга узлуксиз тарзда ўтувчи иршод, таълим ва маънавий ришта ҳисобланади. Яссавия тариқатида бу ришта Аҳмад Яссавийдан Ҳаким ота, Занги ота ва бошқа уламоларга ўтиб, улар орқали Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва ҳатто Ҳиндистонгача тарқалган.

Таъкидланганидек, яссавийлик шажаралари ва қабртош битикларида ўзига хос тарихий маълумотлар сақланиб қолган. Улар расмий манбаларда қайд этилмаган, аммо халқ хотирасида ва эпиграфик ёдгорликларда аниқ акс этган.

– Яссавия – бу фақат тариқат эмас, балки бутун бир маънавий мактаб, унинг ҳар бир силсиласи, ҳар бир шажараси ўз замонининг руҳий тарихидир, – деди маърузачи.

Тадқиқотчи тарихий ҳужжатлар ва янги топилган манбалар асосида Бухоро ва Самарқандда яшаган яссавийлик шайхларининг аниқ шажаралари, сулола номлари, қабрларидаги эпиграфик маълумотлар билан ўртоқлашди. Жумладан, Саййид Аҳмад хожа авлодлари, улардан бири Муҳаммад Мирзо Саййид ва унинг кейинги насллари ҳақидаги маълумотларни умумий жиҳатдан таҳлил қилиб, тарихий манбалар билан боғлади.

Маъруза тингловчилар ва халқаро иштирокчилар томонидан катта қизиқиш ва эҳтиром билан қарши олинди. Айниқса, тарихий шажаралар ва эпиграфик манбалар асосида олиб борилган таҳлиллар, архив топилмалари ва уларнинг илмий йўналишлардаги аҳамияти алоҳида эътироф этилди.

Тадбир Яссавий илмий меросини чуқурроқ ўрганиш, замонавий тадқиқотлар ёрдамида унинг янги қирраларини кашф этиш ва туркий ислом маънавиятини халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Самарқанд аграр-инновацион ва тадқиқотлар институти ҳамкорлигида “Диний маърифат ва …