Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Самарқанд археологияси: ёзма манбалардаги тарихий қишлоқлар

Самарқанд археологияси: ёзма манбалардаги тарихий қишлоқлар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШ каби давлатлардан олимлар иштирок этди.

Семинарда Маданий мерос агентлиги Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Алишер Сандибоев “Самарқанд – сўғд ёзма ва картографик манбаларида” мавзусида маъруза қилди.

Самарқанд Сўғди Зарафшон воҳасининг марказий қисмида жойлашган тарихий-географик ҳудуд сифатида таҳлил этилди. Аниқлик киритиш учун араб манбалари, жумладан, Абу Исҳоқ Форисий Истахрий, Абулқосим ибн Ҳавқал, Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Муқаддасий, шунингдек, Абдулкарим Самъоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад Идрисий асарларидаги маълумот ва хариталарнинг илмий таҳлили келтирилди.

Мисол учун, Ибн Ҳавқал Кушония шаҳри ҳақида бундай маълумот беради: “Кушония катталиги жиҳатидан Иштихонга яқин, аммо унинг қишлоқлари кўп, одамлари бой, билимли ва меҳрибондир”. Бу сатрлар нафақат тарихий ҳужжатлар, балки ўша давр маданияти ва жамият тузилиши ҳақида ҳам бевосита тасаввур уйғотади.

Тадқиқотчи IX-XII асрлардаги шаҳар ва қишлоқларнинг жойлашувига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Иштихон, Кушония, Дабусия, Арбинжон, Соғарж, Размаз каби тарихий аҳамиятга эга шаҳар ва рустоқлар (қишлоқ, шаҳар, овул, бозор) жойлашган ҳудудлар ўрнини замонавий жойлар билан таққослаб кўрсатди. Масалан, тарихий Фаранкад қишлоғи – бугунги кунга келиб Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги Примкент ҳудудида жойлашган деб тахмин қилинади. Шу билан бирга, маърузачи Ибн Хавқалнинг “Сўғд дарёсидан ҳар бир қишлоққа ариқлар ажралиб чиқиб, аҳолига ҳаёт бағишлайди” деган сўзлари асосида Ўрта асрларда ирригация тизими нақадар мукаммал бўлгани ва унинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини ёритиб берди.

Маърузада, шунингдек, ҳозирги Ургут, Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё, Булунғур, Нуробод ва Бахмал туманларининг Ўрта асрлардаги тарихий номлари, чегаралари ва қишлоқлари ҳақида муҳим маълумотлар берилди. Самарқанднинг ўша даврдаги ғарбий, шимолий ва жанубий ҳудудлари тарихий-географик таркиби илмий таҳлил асосида очиб берилди.

Якунда олим қуйидаги хулосани баён этди: “Ёзма ва харитавий манбаларнинг чуқур таҳлили орқали Сўғднинг IX-XII асрлардаги тарихий географияси ва маданий мероси янада ойдинлашмоқда. Бу эса ҳозирги археологик топилмалар билан уйғун ҳолда миллий меросимизни илмий асосда тиклашга хизмат қилади”.

Тадбир иштирокчилари маъруза тарихий ҳудудларнинг қайта тикланиши, миллий ўзлик ва маданий меросга қизиқишни янада оширишга муҳим ҳисса қўшишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Маърифатга йўғрилган илҳомбахш сафар

Марказ амалиётчиси, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори – Малайзия Халқаро ислом университети доценти …